Ғолибларнинг яралари оғримайди - Мирзиёев иқтибос келтирган Публилий Сир ким?
Бу қизиқ
−
21 Январь 2020
13656Кеча, 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Мажлисда Мирзиёев Қадимги Рим шоири Публилий Сирнинг “қонунлар кучли бўлган жойда, халқ ҳам, албатта, кучли бўлади” жумлаларини ишлатди.
Публилий Сир ўзи ким?
Публилий Сир Рим императорлари Цезар ва Август даврида ижод қилган шоир ҳисобланади. У Римга ҳозиги Сурия ҳудудларидан қул сифатида бориб қолган. Кейинчалик қулликдан озод этилган. У Италияда драматик асарлари билан машҳурликка эришади. Унинг асарлари аҳлоқий характерга эга эканлиги билан халқ орасида қадрланган.
Унинг мазкур майдондаги асосий рақиби чавандоз ва шоир Лабеирус бўлган. Милоддан аввалги 46-йилда улар император Цезар ташкил қилган адабий мусобақада иштирок этишади. Ушбу мусобақада моҳир шоир Сир ғолиб бўлади ва императорнинг қўлидан махсус совға олади. Шундан сўнг, у бутун Римда машҳурликка эришади. У бир нечта асарлар ёзгани манбалардан маълум. Аммо бизгача унинг тўлиқ бўлмаган иккита асари етиб келган.
Сирнинг яна қайси иқтибослари машҳур?
“Нодон бу ўзини бошқара олмайдиган ва бошқаларни бошқаришни истайдиган одам”.
“Сизни ким деб билишлари эмас, аслида кимлигингиз муҳим”.
“Роҳатга меҳнат орқали эришилади”.
“Бошқаларга қўл силтанг, ўзингизга эмас”.
“Аёллар севади ёки нафратланади: уларда учинчи йўл йўқ”
“Ҳаёт қисқа, лекин камбағалликда узундек кўринади”.
“Айбидан уялмаган, икки марта айбдор”.
“Маст билан баҳслашаётган инсон, йўқ одам билан жанг қилаётгандек бўлади”.
“Кўринмас ёмонлик кўпроқ ташвишлантиради”
“Ўзини бахтли деб ҳисобламайдиган бахтсиздир”.
“Яхшилик қилиб мақтанишдан ёмони йўқ”.
“Кутилмаган омадни кутиш қийин, ўтказиб юбориш осон”.
“Ғолибларнинг яралари оғримайди”.
“Ҳурматни қилганни ҳурмат қилинг, хушомадгўйлар устидан кулинг”.
“Фақат жароҳат етказган инсонгина ярани даволай олади”.
“Кўпчилик қўрқадиган одамнинг ўзи кўпчиликдан қўрқиши керак”.