Гилосдан қандай қилиб асал олиш мумкин?
Бу қизиқ
−
13 Май 2019
7761Мутахассислар ҳар куни 300 гр. янги узилган гилос истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун фойдали эканини таъкидлайди.
Кунлар исиши билан аввал қулупнайларнинг юзи қизариб, тутлар бағри болга тўла бошлаган бўлса, энди дарахт шохлари орасидан гилослар мўралади.
Гилос бундан 8 минг йил муқаддам ҳам инсониятга мўъжизавий кучини ато этиб келган. Ўзбекистонда унинг тўқ қизил ва сариқ навлари кенг тарқалган. Мутахассислар ҳар куни 300 гр. янги узилган гилос истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун фойдали эканини таъкидлайди. У қувват бағишловчи неъмат сифатида тавсия этилади.
Гилос меваси ўзининг витаминларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Вужудимизда кечувчи моддалар алмашинуви жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий минералларига ҳам бой ҳисобланади. Халқ табобатида унинг гулидан бод касаллигини даволашда кенг фойдаланилади. Қийғос гуллаган гилос гулларидан фойдали ва шифобахш асал олинади. Асаларилар бир гектар гилосзордан ўртача 35 килограмм тоза асал йиғиб олишади.
Гилос мевасининг қайнатмаси ёки шарбати иситма туширувчи, шамоллашда қувват бағишловчи восита сифатида ичилади. Унинг мевасидан табобатда кўпгина касалликларнинг олдини олиш ва даволаш мақсадида фойдаланилади.
Жумладан:
Гилос буйрак ва жигар фаолиятини яхшилаб, қон айланишига ижобий таъсир кўрсатади. Гипертония билан оғриган беморлар учун фаол бирикмаларга бой бўлган тўқ қизил гилоснинг энг фойдали миқдори кунига 250-300 граммни ташкил этади.
Шу билан бирга, гилос мевалари органик кислоталар, сахароза (фруктоза, глюкоза), РР ва В6 витаминлари, йод, фтор, хром, кремний, никель, рух, марганец сингари микроэлемент¬лар, пектинлар, флавоноидлар гуруҳига мансуб антоцианларни ўзида сақлаб, саломатлигимизни мустаҳкамлашда кўмаклашади. Шунингдек, унинг таркибида В1, В2, РР, С витаминлари, каротин, калий, магний, фосфор, темир бор.
Гилоснинг янги ва қуритилган мевалари пешоб йўлидаги тош касалликлари, гижжа, дизентерия, кўз ўткирлигининг пасайишида ҳам қўлланилади.
Артрит, ревматизм ва подаграда оғриқларни камайтириш учун янги узилган ширин гилос мевасининг 15 донаси ёки қуюқ гилос шарбати ош қошиқ ёхуд бу меванинг компоти қайнатмасини кунига уч маҳал истеъмол қилиш тавсия этилади. Ушбу қайнатма қуйидагича тайёрланади: 1 литр сув қайнагандан сўнг унга унча тўла бўлмаган бир ҳовуч мева солинади ва паст оловда 7 дақиқа қайнатилади. Сўнгра оловдан олиниб, оғзи бекитилган ҳолда 20 дақиқа дам берилади. Қайнатмадан бир кунда камида 0,5 литр истеъмол қилиш лозим.
Ичак ворсинкалари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун гилос мевалари ичаклар атония¬си (ичак фаолияти сусайиши), колит (қабзият) ва бошқа ички хасталикларда даво сифатида қўлланилади.
Гилос шарбати ва қайнатмаси овқат ҳазм қилиши тизими фаолиятини яхшилайди. Унинг мевалари таркибида кам миқдорда органик кислоталар мавжудлиги сабабли уни истеъмол қилиш меъда шиллиқ қаватининг ялиғланиши (гастрит) билан оғриган беморларда кислота миқдорининг ортишини келтириб чиқармайди. Шунингдек гилос меваларида темир ва витаминлар кўплиги боис кам¬қонликда истеъмол қилиш тавсия этилади.
LiveБарчаси