Ғазода 70 минг дан ортиқ киши ўлгани тасдиқланди
Олам
−
12:06 473 2 дақиқа
Исроил Мудофаа Кучлари (IDF) биринчи марта Ғазо секторида Исроил кучлари ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги уруш пайтида тахминан 70 000 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда кеча, 29 январь куни “ The Times of Israel” хабар берди.
Қайд этилишича, IDF ҳалок бўлганларнинг тахминан 25 000 нафари ҲАМАС жангарилари бўлганини билдирди. Шунингдек, ҲАМАС томонидан ўлдирилган одамлар сонини аниқ ҳисоблаш устида ишламоқда.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳозирда ҳалок бўлганлар сони 71 667 кишини ташкил этади, жумладан, 2025 йил октябрь ойидаги сулҳдан кейин ҳам 450 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
2025 йил октябрь ойида Исроил ва ҲАМАС ҳукуматлари АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган тинчлик режаси асосида сулҳ тузишга келишиб олганди. Қўшма Штатлар, Туркия, Қатар ва Миср Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувнинг кафиллари сифатида иштирок этган. Биринчи босқичда ҲАМАС жангарилари Исроил қамоқхонасидан фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига барча тирик қолган исроиллик гаровдагиларни қайтариб берган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь ойи ўрталарида (14 январь) Оқ уй Трампнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларга чек қўйиш режасининг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди. Унда “Тинчлик кенгаши” ва унга ҳисобдор бўлган Миллий қўмита тузилади, бу қўмита Фаластин миллий маъмурияти ҳокимиятни ўз қўлига олишга тайёр бўлгунга қадар минтақани бошқаришни ўз зиммасига олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нетаньяху Ғазода Фаластин давлати бўлмаслигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Ғазо сектори демилитаризация қилинмагунча уни тиклаш амалга оширилмайди, шунингдек, мазкур ҳудудда Фаластин давлати ташкил этилмайди.
Live
Барчаси