Фуқаролар йиғинларида хайрия эҳсонларидан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда
Жамият
−
19 Февраль 2019
3016Ўзбекистон Республтикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг молиявий асосларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Мазкур қарор билан Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган ва хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланиши кутилмоқда.
Низом билан фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган пул маблағлари Халқ банкининг филиалларида очилган ҳисоб рақамларида белгиланган тартибда жамланади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида маблағларни жалб этиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида кенг тушунтириш ишларини олиб бориши юкланмоқда.
Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган ва хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Мазкур Низом фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган ва хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низомда жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган маблағлар деганда фуқаролар йиғинининг қарорига асосан жисмоний шахслардан ихтиёрийлик асосида, юридик шахслардан эса шартнома (битим) асосида йиғиб олинган пул маблағлари ва мол-мулк тушунилади.
Хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлар деганда жисмоний ва юридик шахслардан фуқаролар йиғинларига хайрия эҳсонлари ва ҳомийлик маблағлари шаклида тушадиган пул маблағлари ва мол-мулк тушунилади.
Жисмоний ва юридик шахслар хайрия эҳсонлари шаклидаги ёрдамни қонун ҳужжатларига мувофиқ ихтиёрий ва беғараз кўрсатадилар.
Жисмоний ва юридик шахсларни хайрия фаолиятига ва уларнинг пул маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш тақиқланади.
Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган ва хайрия эҳсонлари шаклидаги пул маблағлари Халқ банкининг филиалларида очилган ҳисоб рақамларда белгиланган тартибда жамланади.
Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган ва хайрия эҳсонлари шаклида бериладиган маблағлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда кирим қилинади.
Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағларини олиш ва улардан фойдаланиш хайриянинг мақсадидан келиб чиқиб амалга оширилади.
Юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағларини олиш ва улардан фойдаланиш фуқаролар йиғинлари ва юридик шахслар ўртасида хайрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномаларга (битимларга) (кейинги ўринларда шартномалар деб аталади) мувофиқ амалга оширилади.
Пул маблағларидан фойдаланиш фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида амалга оширилади. Пул маблағларини бошқариш ҳамда тақсимлаш фуқаролар йиғини раиси томонидан амалга оширилади.
Пул маблағлари агар хайрия бошқа мақсадларга қаратилган бўлмаса ёки хайрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномаларда ўзгача ҳол қайд этилмаган бўлса қуйидаги мақсадларга сарфланади:
а) кам таъминланган ва эҳтиёжман бўлган ёлғиз кексалар, ногиронлар, шунингдек, биринчи навбатдаги ҳаётий эҳтиёжини таъминлай олмайдиган кам даромадли, вояга етмаган болалари кўп, боқувчиси ногирон ёки меҳнат қобилияти вақтинча йўқотган, сурункали касални парвариш қилаётган оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида қўйидаги йўналишларга:
- уй ва квартираларни таъмирлашга;
- қаттиқ ёқилғи (кўмир ва ўтин) маҳсулотлари билан таъминлашга;
- ногиронларни реабилитация воситалари билан таъминлашга;
- соғлиғини тиклашга;
- коммунал хизматлари ҳақини тўлашга;
- никоҳ ва суннат тўйларини ўтказишга;
б) маҳаллада табиий, техноген ва экологик хусусиятли талофат кўрган оилаларга моддий ёрдам кўрсатишга;
в) маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария жиҳатдан тозалашга ҳамда коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширишга;
г) ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга.
Фуқаролар йиғини томонидан маблағлардан фойдаланишнинг ҳисобини юритиш, шунингдек ушбу маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Фуқаролар йиғини ҳузуридаги Тафтиш комиссияси маблағлардан фуқаролар йиғини раиси томонидан мақсадли фойдаланилишини, шунингдек ушбу маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларда маълумотлар акс эттирилишининг тўғрилигини мунтазам назорат қилади.
Фуқаролар йиғини ҳузуридаги Тафтиш комиссияси жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма сўровлари бўйича маблағлардан фойдаланишнинг исталган босқичида маблағларнинг мақсадли сарфланишини текширади.
Фуқаролар йиғини раиси маблағларининг мақсадли ишлатилиши тўғрисида ҳар чоракда фуқаролар йиғинига (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ҳисобот беради.
Фуқаролар йиғини раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ:
маблағлардан мақсадли фойдаланилиши;
бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши, шунингдек маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботлар тузилиши ва тақдим этилиши учун жавоб беради.
Фуқаролар йиғинлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари жисмоний ва юридик шахсларни хайрия фаолиятига мажбур этилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
LiveБарчаси