Фоторепортаж: Ўзбекистоннинг “Ниагара”си

Бу қизиқ 6251
IMG_0346

Термиз шаҳридан анча узоқ Сариосиё туманига, Сангардак шаршарасини кўриш учун йўлга тушдим. Икки юз километрга яқин йўлни таксида деярли 3 соатда босиб ўтдик. Йўлда кетаётиб зерикмайсиз, атроф ям-яшил, дарахтлар кўп.

Сурхонга йўлингиз тушса, албатта Сариосиё туманига боринг. Нега дейсизми? Ҳар тарафи тоғлар билан ўралган жаннатмакон ўлка, Сариосиё туманида денгиз сатҳидан 2 минг метр юқорида жойлашган, баландлиги деярли 150 метрли Сангардак шаршараси бор.

Кимдир шаршарани кўриш учун баҳорда борган яхши дейди, яна кимдир ёзда ва ҳоказо. Сангардакни кўриш учун ҳар қандай фаслда бориш бирдек завқли.

Сангардак шаршараси шу ерда жойлашган қишлоқ номи билан аталган. Санг-тош сўзидан олинган бўлиб, тош ўртасидаги қишлоқ деган маънони беради. Ҳақиқатда ҳам шундай, ушбу қишлоқ икки томони баланд тоғлар билан ўралган сўлим маскандир.

Шаршара атрофида суратга олиб, табиатнинг инъомидан завқланиб ўтирсам тожикистонлик сайёҳларга бу ер ҳақида ҳикоя қилиб бераётган маҳаллий аҳоли вакилининг гаплари қулоғимга чалиниб қолди. Ривоятларга кўра, ушбу шаршара 16-17 асрларда пайдо бўлган экан. Шаршара Ўзбекистон мустақил бўлган йилларда тилга олина бошлаган ва кейинчалик машҳур бўлиб кетган.

Баъзан, телевизиор орқали турли ҳужжатли фильмларда машҳур шаршаралар ҳақида кўрганимда, нега ўзимизники ҳақида бунчалик маълумот кам деб ўйлаб қолардим. Балки, интернет сайтлар, ижтимоий тармоқларда у ҳақида маълумотлар бордир, бироқ жуда кам ва ғализ.

Айниқса, ушбу шаршаранинг борлиғини тўла очиб бера оладиган суратларнинг камлиги дилни хира қилади. Шундай жавоҳиримиз бору, лекин у ҳақда на Ўзбекистон халқи яхшироқ билади, на хорижлик сайёҳлар.

Кўрдимки, бу ерга келган сайёҳларнинг аксарияти маҳаллий, хориждан деганимиз ҳам тожикистонликлар холос.

Баландликдан тушаётган сувнинг оҳанги кишига завқ бағишлаб, асаб толаалрини эркалагандай бўлади. Айниқса, юзингизга урилган сув зарралари, тоғнинг салқин шаббодаси ҳаётга бўлган янгича қараш, юқори кайфиятни бахш эта олади.

Биз эътиборингизга Сангардак шаршарасидан тайёрлаган фоторепортажимизни тақдим қиламиз. Кўринг, завқланинг, бу масканга боришга албатта аҳд қилинг, вақтингизга ачинмайсиз. Тўғри телевизорда кўргандирсиз, эшитгандирсиз, бироқ шаршара ҳақидаги ҳақиқий завқни олдига борибгина ҳис қилиш мумкин.

Ушбу фоторепортаж Марказий Осиё минтақавий экологик маркази, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги(USAID), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш тармоқ маркази ҳамкорлигида "Сув, таълим ва ҳамкорлик" (Smart Waters) лойиҳаси  доирасида амалга оширилди.

"Smart Waters" лойиҳаси доирасида ёзги мактаб иштирокчилари бўлган Қозоқ-Немис университетининг Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикаларидан бўлган талабалари, ТИҚХММИ талабалари Сурхондарё вилоятидаги сув тақсимлаш иншоатлари, сув омборлари, насос станциялари, гидроэлектро станциялари ва Сангардак шаршарасида ҳам бўлди.

 

Акбар Жиянов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 103
Рейтинг: 3.3
Будьте в курсе событий!
×
×