Фоторепортаж: Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи

Жамият

11

Сурхондарё ҳақида гап кетганда, кўпчилик унга полвонлар юрти дея таъриф беради. Сурхон воҳаси нафақат полвонлар юрти, балки илм-фан тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар замини ҳамдир.

Бир неча кун аввал бир юмуш билан Сурхондарёга бордим. Термиз аэропортидан тўғри буюк аллома Ал-Ҳаким ат-Термизий қабри жойлашган зиёратгоҳга йўл олдим. Зиёратгоҳ шундоққина Амударёнинг ёқасида қад ростлаган.

Бу даргоҳга кўп бор келган бўлсам-да, ҳар сафар янги иштиёқ билан бораман. Машинадан тушарканман юзимга Сурхоннинг қайноқ тафтию афғон шамолининг эпкинлари урилгандек бўлади.

Мажмуага кираверишда ҳар икки томондаги анвойи гуллар, атрофга ифори таралиб турган райҳонлар, лолаю турли-туман дарахтлар кўзни қувнатади. Кириш эшигининг ўнг томонида сайёҳлар учун сувинерлар дўкони, таҳоратхона мавжуд. Ҳаммаси ажойиб.

Асосий мақбара томон юриб борилганда дастлаб Термиз ва термизийлар мероси тарихи музейига дуч келасиз.

Сиз суратда кўриб турганингиз сурхон момолари. Юзига бир қаранга, нур ёғилади.

Муҳаммад ибн Али Абу Абдаллоҳ Ал-Ҳаким ат-Термизий (824-892) – сўфийлик даврининг мутафаккири ҳисобланган, ҳадисшунослик ва ҳуқуқшуносликни яхши ўзлаштирган олим.  
 
Маълумот учун, Ал-Ҳаким ат-Термизий диний ва дунёвий илмларни чуқур эгаллаб, 400 дан ортиқ асар ёзган. Бу асарлардан 50 тасигина бизгача етиб келган, холос. Айниқса, унинг “Наврўзнома” асари жуда машҳур.

Бироз юрилгач, Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараси келади. Ташқи кўринишидан бироз одмидек кўринса-да, ичкаридаги улуғворлик кишини ҳайратга солади.

Мақбаранинг киравериши катта залдан иборат бўлиб, гумбаз остидаги нақшинкор безакли шифт ҳар қандай кишига завқ бағишлайди. Бу ердаги безакларда сурхон услуби акс этган. Кейинги йирик хона эса Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг қабрига туташган.

Бу ерга кирган меҳмон борки, албатта, Ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаққига дуо қилиб, тиловатлар айтади.

Деворлар ва шифтдаги безакларда Қуръон оятлари битилган.

Мақбаранинг чап томонида V-X асрга бир нечта оид чиллахоналар мавжуд. Ушбу чиллахоналарнинг чуқурлиги 15 метргача етади.

Бу ердан қадимдан касалларни даволаш хонаси сифатида фойдаланиб келинган. Негаки, жанубнинг қайноқ жазирамасида ҳам ушбу ғорсимон уйчаларда ҳаво салқин, қаҳратонда эса илиқ бўлган. Баъзи манбаларга кўра, бундай ғорсимон уйчаларда жазирама кунларда гўшт маҳсулотлари сақланган ва у совутгич вазифасини ўтаб берган. Мана сизга инновация.

Мухтасар айтганда, зиёратгоҳ ҳар қандай сайёҳнинг бир марта келиш орзусидаги масканга айланиб улгурган.

Мана бу сиз кўриб турган сўриларда бу ерга келган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар нафас ростлайди, Амударё соҳилининг салқин ҳавосию райҳонларнинг бетакрор тароватидан баҳраманд бўлади.

Сурхонга сафаримиз давом этади. Бу галги манзил “Сангардак” — тилларда достон шаршара. Бизни кузатишда давом этинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

190

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг