“Fitch Ratings” Ўзбекистон суверен кредит рейтингини қайта баҳолади
Жамият
−
09 Октябрь 2021
4323Кеча, 8 октябрь куни “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этди. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон суверен кредит рейтингининг баҳоси ВВ- (барқарор кутилма) даражада тасдиқланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.
Агентлик Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини йилда икки марта қайта баҳолайди ва баҳолаш жараёнида республикадаги сўнгги иқтисодий янгиликлар билан танишади.
Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва “BB” рейтингига эга мамлакатларга нисбатан юқори ўсиш суръатлари республика суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллардан ҳисобланади.
Шу ўринда, мамлакатнинг хомашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси, ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон коронавирус пандемияси ҳамда сайловлар яқинлигига қарамай ислоҳотларни, хусусан иқтисодиётдаги йирик давлат корхоналарини трансформациясини амалга оширишда илдамламоқда.
“Fitch”нинг фикрича, навбатдаги ислоҳотларнинг мураккаблиги, белгиланган муддатлар ва ислоҳотлардан кўзланган якуний мақсадлар давлатнинг институционал салоҳияти учун ўзига хос синов вазифасини ўтайди.
Ҳисоботда айтилишича, республикада иқтисодий ўсиш 2021 йилда 6,2 фоизни, 2022-2023 йилларда ўртача 5,5 фоизга (“BB” рейтингига эга мамлакатлар медианаси 3,7 фоиз) ўсиши прогноз қилинмоқда.
Келгуси йиллардаги иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омиллар сифатида фискал консолидациянинг босқичма-босқич амалга оширилиши, юқори инвестицион фаоллик, ташқи молиялаштириш манбаларидан фойдаланишни давом эттирилиши ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва саноат соҳаларига ижобий таъсир этувчи ислоҳотлар санаб ўтилган.
Бироқ, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятнинг ўзгариши ва вакцинациянинг кечиктирилиши иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилган.
Агентликка кўра, давлат қарзи 2021-2023 йилларда ЯИМга нисбатан мос равишда 42 фоиз ва 44 фоизни ташкил этади, аммо 2023 йилда республиканинг давлат қарзи “BB” рейтингига эга давлатларнинг медианасидан (ЯИМга нисбатан 59 фоиз) паст даражада бўлади.
Давлат қарзи ҳажми тез суръатларда ортган бўлсада, давлат ташқи қарзининг 92 фоизи халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинганлиги ҳамда давлат қарзининг сўндириш муддатлари ва харажатлари нуқтаи назардан ижобий омил сифатида келтирилган.
Ҳисоботда ҳукуматнинг сўмда қарз (давлат қимматли қоғозларини чиқариш орқали) жалб қилишни оширишга интилаётгани ҳамда 2020-2021 йилларда сўмда чиқарилган суверен халқаро облигациялари ижобий баҳоланган.
Парламентга киритилиши режалаштирилган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳасида давлат қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоизлик юқори чегараси, янги жалб қилинадиган давлат қарзига йиллик лимитлар (жумладан давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига) белгиланиши ва давлат қарзи ЯИМга нисбатан 50 фоиздан ошган ҳолатларда қарз ҳажмини камайтириш чоралари кўрилиши назарда тутилганлиги алоҳида эътироф этилган.
Шу билан бирга, ҳукуматнинг ликвид активлари (ЯИМга нисбатан 25 фоиз) юқорилиги келтириб ўтилган.
Агентлик мамлакатнинг халқаро захиралари (2021 йилда 35,2 млрд. долларни ташкил қилиши кутилмоқда) барқарор даражада сақланиб қолишига ва ташқи молиялаштириш манбалари, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг оқими, нисбатан барқарор олтин нархлари халқаро захираларнинг камайиб кетишини олдини олишига ишонч билдирган.
Fitch”нинг кутилмаларига кўра, Марказий банк инфляцион таргетлашга ўтиш жараёнида ижобий реал ставкаларни сақлаб қолади. Монетар сиёсат трансмиссиясини яхшилаш учун монетар сиёсат инструментлари ривожланаётгани ижобий баҳоланган бўлсада, монетар сиёсат трансмиссиясини кучайтириш учун инфляция кутилмалари ва долларизация даражасини пасайтириш, капитал бозорларини ривожлантириш, имтиёзли кредитлаш ҳажмини камайтириш зарурлиги келтириб ўтилган.
Агентликнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги (шу жумладан рейтинг кутилмаси) қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:
• макроиқтисодий барқарорликни таъминлаган ҳолда юқори иқтисодий ўсишга эришилганда ва аҳоли жон бошига ЯИМ миқдорининг “BB” рейтингига эга давлатлар билан фарқи камайганда;
• “қонун устуворлиги”, “аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик”, “тартибга солиш сифати” ва “коррупцияни назорат қилиш” каби бошқарув стандартлари сезиларли яхшиланганда;
• фискал ва ташқи захиралар сезиларли ошганда.
Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги қуйидаги ҳолларда пасайтирилиши мумкин:
• давлат қарзининг ЯИМга нисбати кескин ошиб кетиши ёки давлат шартли мажбуриятларининг амалга ошириши оқибатида суверен фискал буферларнинг камайиши;
• банк кредитлари ҳажмининг тез суръатлар билан ошиши ортидан жорий операциялар ҳисоби манфий сальдосининг катталашуви, халқаро захираларнинг сезиларли даражада камайиши ёки ташқи мажбуриятларнинг тез ортиши.
LiveБарчаси