Фарғонада 4 яшар боғча бола чўкиб кетди

Жамият

image

Жорий йилнинг 21 июль куни Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 23-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 4 ёшли тарбияланувчиси сувда чўкиб, вафот этди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги маълум қилди.

Тарбияланувчининг ўлими билан боғлиқ ҳолат тафсилотларига ойдинлик киритиш мақсадида, зудлик билан комплекс текшириш ишлари бошланган. Текширув давомида ушбу ташкилот ходимлари касбий фаолияти жараёнида қўпол қоидабузарликларга йўл қўйгани аниқланган. Жумладан, болаларнинг боғча ҳудудидан рухсатсиз чиқиб кетишларига бепарво қарашган.

Бахтсиз ҳодиса содир бўлган кун соат тахминан 08:30 ларда тарбияланувчини катта опаси 23-сонли ДМТТ тарбияловчилари ихтиёрига олиб келиб ташлаб кетган. Орадан маълум вақт ўтгач, мазкур мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ва раҳбарининг бепарво, лоқайд муносабати оқибатида тарбияланувчи МТТ ҳудудидан рухсатсиз чиқиб, опасининг орқасидан югурган. Бахтсиз тасодиф билан сирпаниб, уйи яқинидан оқиб ўтувчи “Собиржон” дарёсига йиқилиб тушган ва натижада чўкиб кетган.

Мактабгача таълим вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган текшириш жараёнида бола боғча ҳудудидан бир неча бор рухсатсиз чиқиб кетгани, бироқ боғча ходимлари буни юқори идоралардан яшириб, бундан ҳеч қандай хулоса чиқармагани маълум бўлди.

“Юқоридаги ҳолатлар инобатга олиниб, ташкилот педагоглари ва раҳбарининг эҳтиётсизлиги ҳамда лоқайд муносабати боланинг ўлимига сабаб бўлгани, шунингдек, ушбу мактабгача таълим муассасаси раҳбарининг фаолиятини ташкил этишда бир қатор бошқа ҳуқуқбузарликлар аниқланди ва барча материаллар зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Натижада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушбу мактабгача таълим ташкилотининг барча мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан ЖК-167-модда 2-қисми “г” банди ва Жиноят кодексининг 116-модда 3-қисми билан терговга қадар жиноят иши қўзғатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

боғча

Баҳолаганлар

283

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг