Эверестда мингга яқин сайёҳ қор бўронида қолиб кетди

Олам

image

Дунёдаги энг баланд нуқта бўлмиш Эверест тоғининг узоқ Тибет ён-бағрларида қор бўрони 1000 га яқин одамни "қамаб қўйди". Бу ҳақда  BBC хабар берди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 3 октябрь куни кечаси қор бўрони бошланиб, Эверест тоғининг шарқий ён-бағрларида, альпинистлар ва сайёҳлар орасида машҳур ҳудудда кучайган. Кучли давом этган бўрон 4 900 метрдан ошиқроқ баландликда жойлашган ҳудудга киришни тўсиб қўйгани сабаб йўлларни очиш учун юзлаб маҳаллий қишлоқ аҳолиси ва қутқарув гуруҳлари сафарбар этилган.

Тибетнинг “Blue Sky Rescue” гуруҳи ёрдамга қўнғироқ қилиб, кучли қор туфайли чодирлар қулагани ва баъзи сайёҳлар аллақачон кучли совуқдан азият чекаётганини айтган. Шу сабабли, Тингри округининг сайёҳлик компанияси 4 октябрдан бошлаб Эверест ҳудудига чипталар сотишни тўхтатган.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 350 га яқин одам қутқарилган ва Қуданг шаҳарчасидаги хавфсиз жойга етказилган.

“Бу йилги об-ҳаво одатдагидек эмас. Ҳодиса кутилмаганда содир бўлди, ҳаво жуда нам ва совуқ эди. Йўлбошчимиз октябрь ойида бундай об-ҳавони ҳали кўрмаганини айтди”, дейди қутқарилганлардан бири.

Қайд этиш жоиз, Хитой-Непал чегарасида жойлашган Эверест дунёдаги энг баланд тоғ чўққиси бўлиб, унинг баландлиги 8 849 метрдан ошади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Геологик университети олимлари Ернинг энг баланд чўққиси – Эверест баландлигининг доимий равишда ўсиб бораётганини аниқлаган эди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Эверест қор бўрони Тибет

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг