“Эски ҳаммом, эски тос”. Ортиқхўжаевдан кейин Тошкент “гулламади”ми?

Жамият

Бугун Тошкентнинг машҳур собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ишдан кетганига роппа-роса бир йил тўлди. У ўтган йилнинг 16 январь куни қишга муносиб тайёргарлик кўрмагани, яъни энергетикадаги камчиликлар, рухсатсиз қурилган объектлар сабабли Президентдан дакки эшитиб, лавозимидан олинганди. Шундан сўнг, Шавкат Умирзоқов Тошкентнинг янги ҳокими бўлди. Хўш, орадан бир йил ўтиб, юқоридаги камчиликлар бартараф этилдими? Янги ҳоким тизимларни янгиладими? Одамлар ундан розими? Умуман, Тошкент аҳолиси ўз ҳокимини танийдими? QALAMPIR.UZ шу каби саволлар билан одамларга юзланди.

Суҳбат асносида респондентларнинг катта қисми Жаҳонгир Ортиқхўжаевни яхши танишини айтди. Аммо ҳозирги ҳоким Шавкат Умирзоқовни танийдиганлар топилмади. Сўнгги бир йилдаги ўзгаришлар ҳақидаги саволга эса сўровнома иштирокчиларининг кўпи “газ таъминотида айтарли ўзгариш сезмагани”ни билдирди. 

“Мен Тошкентда яшайдиган одам сифатида Ортиқхўжаев кетганидан кейин бирор ўзгариш сезмадим. Аномал совуқ бўлмаса ҳам, уйларимиз ҳалиям исиб кетгани йўқ, ”атапления“ларимиз яхши ишламайди”, дейди аҳоли вакилларидан бири.

Яна бир суҳбатдошимиз эса электр энергияси таъминотидаги камчиликлар ҳалиям бартараф этилмаганини урғулади. 

“Мен Бектемир туманида тураман. Бизда кўп ”свет“ ўчади. Ҳатто, 3 кунлаб ҳам электр бўлмаган пайтлар бўляпти”, дейди у. 

Тошкентга ўқиш учун келган талаба эса энергетика тизимидаги узилишлар нафақат хонадонларда, балки ётоқхонасида ҳам борлигини айтиб ўтди.

“Мен талабаман. Ётоқхонамизда ҳам ”свет“ муаммоси бор. Ўчиб қолаверади, иситиш тизими ҳам яхши эмас”, дейди у.

Иштирокчилардан яна бири эса, газ билан боғлиқ муаммога Ўзбекистоннинг газ захираси тугаб бораётганини сабаб қилиб келтирди.

“Бизда газ тугаган, биласиз. Ўзбекистонда газ захираси йўқ. Айни пайтда газни Россиядан Қозоғистон орқали олиб, тирикчилик қиляпмиз, шекилли. Бу ёғига энди Худодан!" дейди у.

Бир нечта респондентлар эса муаммоларнинг йиллар ўтса ҳам ечилмаётгани учун “тепадагилар”ни айблади. 

“Мен 2 миллион атрофида пенсия оламан. Агар бу ҳар ойда 5-10 фоизга оширилганида (бизда шундай тартиб бор) ҳозир 40-50 миллион пенсия олишим керак эди. Лекин ҳали ҳам 2 миллион сўм оламан. Бу ҳокимиятдагиларнинг айби. Улар на конституцияга амал қилади, на инсонийлик мезонларига. Бунақа нарсалар тўғрисида гапириб, одамларнинг юрагини эзмаслик керак! Гапирганга қулоқ соладиганнинг ўзи йўқ. Президент ҳам ҳаракат қиляпти. Аммо унинг ҳам иложи йўқ. Атрофини ўраб турган ”лаббай“ дейдиганлар шу даражада ҳаддидан ошиб кетган. Аслида нормал жамиятда бундай бўлиши керак эмас. Кечирасиз-у, биров ҳожатхонага борадиган бўлса, шунга ҳам Президент қарор чиқариши керак эмас”, дейди аҳоли вакили умидсизлик билан.

Шунга қарамай, Ортиқхўжаевдан сўнг, аҳвол "изига тушди", деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Жумладан, қаршимиздан чиққан респондент бунга ўз туманидаги ҳолатни мисол қилиб келтирди.

“Мен яшайдиган Олмазор туманида электр таъминоти яхши, балки яхшидан ҳам яхшироқ. Илгари кўп ток ўчар эди, лекин ҳозир бундай ҳолат камайди”, дейди у.

Афсуски, янги ҳоким давридаги ўтган бир йилда сезиларли ўзгариш бўлди, мана бу тизим ислоҳ қилинди, мана бу қийинчиликларимиз бартараф этилди, деган аниқ жавобни эшитмадик. Аҳолининг катта қисми ўз ҳокимини танимаслиги эса яна бир алоҳида мавзу. Бу одамларнинг айбими, ёки бирор "каромат кўрсатиб", ўзини танитмаган ҳокимнинг...билмаймиз.

Хўш, сиз Тошкентда аҳоли фаровонлиги учун амалга оширилган бирор янгиликни ҳис қилдингизми? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг. Сўнгги янгиликларни эса QALAMPIR.UZ'дa кузатиб боринг!


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг