1 сентябрдан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?

Жамият 37943
image

Ўзбекистонда эртага, 1 сентябрдан жамият ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабаб бўладиган қонунчилик ҳужжатлари кучга киради. Қуйида эртадан кучга кирадиган ўзгаришлар билан танишишингиз мумкин.

Фуқароларга ички туризм учун кешбэк тўланади

"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида "Саёҳат қил ва кешбек ишла" шиори асосида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга оширган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига харажатларининг бир қисми қайтариб берилади.

Оилавий боғча ходимларига бюджетдан субсидия электрон тизим орқали ҳисобланади.

•  бюджетдан субсидиялар ходимларнинг ишга келиб-кетиши ҳамда тарбияланувчиларнинг давоматидан келиб чиқиб нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизимида автоматик ҳисоблаб чиқилади;
•  ходимларнинг ишга келиб-кетишини ҳисобга олиш ҳамда тарбияланувчиларнинг давоматини юритиш мобил илова ёрдамида шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали амалга оширилади;
•  ҳисобот ойида тарбияланувчиларнинг ойлик давомати рўйхатга олинган тарбияланувчиларга нисбатан 40 фоиздан кам бўлганда, ушбу ой учун бюджетдан иш ҳақи тўланмайди.

Оилавий боғчаларга 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат берилади

•  бюджетдан тўланадиган субсидия ва компенсацияларни ҳисоблашда 3 ёш ва ундан катта ёшдаги, лекин 7 йил 8 ойдан катта бўлмаган ёшдаги тарбияланувчилар ҳисобга олинади;
•  ота-оналар тўлови миқдорини мустақил равишда белгилаб 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат этилади;

Автотранспортни бошқариш учун ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон расмийлаштириш йўлга қўйилади. 

Фуқаролар ва йўловчи ташиш лицензиясига эга юридик шахслар ўртасидаги транспорт ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаб қилинмайди. 

Қуйидаги нодавлат ташкилотларга “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади:

•  тижорат банклари;
•  телекоммуникация ташкилотлари;
•  хусусий тиббиёт муассасалари;
•  нодавлат таълим ташкилотлари;
•  суғурта ташкилотлари.

Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади. Бунда, ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади.

Жисмоний шахсларга тегишли ишлаб чиқарилганига 10 йилгача бўлган енгил автомототранспортлар техник кўрикдан ихтиёрий равишда ўтказилади.

Автомобилнинг эгаси ёки давлат рақами ўзгарганда “тонировка” рухсатномаси амал қилишда давом этади

Президент қарорига асосан ойналар тусини ўзгартиришга рухсат берилган автотранспорт воситасига бўлган эгалик ҳуқуқи ўзгарганда, давлат рақами белгиси алмаштирилганда ёки автотранспорт воситаси эгасининг маълумотларида ўзгариш бўлганда (жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганда, юридик шахс қайта ташкил этилганда, унинг жойлашган жойи (почта манзили) ёки номланиши ўзгартирилганда) автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга берилган рухсатноманинг амал қилиш муддати автоматик тарзда сақлаб қолинади.

Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга ижтимоий-моддий ёрдам пакети берилади

Президент қарорига биноан:

озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети” маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан биринчи навбатда туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари ҳисобидан, етишмаган қисми бўйича эса – Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн баравари миқдорида берилади;
идоралараро комиссиялар озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги аниқ лойиҳаларини ўрганиб чиқиш ва молиялаштириш бўйича асослантирилган хулосаларни тайёрлашга масъул ҳисобланади.
“Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тартиб-таомиллари Молия вазирлигининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилади.

Шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берилади

Президент қарорига асосан шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берилади.

Бунда:

якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;
якка тартибдаги оилавий шифокорларга ўзига бириктирилган аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлар учун тўлов Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали берилади;
якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш тажрибаси дастлаб 2022 йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.

Бюджет ташкилотларидан бошқа барча юридик шахсларда охирги 6 ойда узлуксиз иш стажи бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиқиб бюджет ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.

Етим болаларни оилавий болалар уйларига тарбияга олиш туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида амалга оширилади

Президент қарори билан оилавий болалар уйлари етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга олишни истаган фуқаролар томонидан юридик шахс мақомисиз тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ташкил этилади.

Қарорга кўра, оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар сони камида 3 нафарни, лекин кўпи билан 5 нафарни ташкил қилиши лозим. Бунда, оилавий болалар уйини ташкил қилган фуқароларнинг ўз фарзандлари ҳамда тарбияланувчиларнинг умумий сони 8 нафардан ошмаслиги керак.

Оилавий болалар уйлари тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатган фуқаролар томонидан ташкил қилишга рухсат этилади.

Шунингдек, қарорда оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга ҳар бир тарбияланувчининг яшаш харажатлари учун Давлат бюджетидан тегишли миқдорда ҳар ойлик маблағ ажратиш назарда тутилган.

Етим болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланади

Президент қарорига биноан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлигини «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш йўлга қўйилади.

Маълумот учун, 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилиши тартиби ўрнатилган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1268
Рейтинг: 3
t
×