Эрон ва Латвиядан олиб келинган фуқаролар Намангандаги сиҳатгоҳга жойлаштирилди
Жамият
−
17 Март 2020
7782Эрон ва Латвиядан олиб келинган Ўзбекистон фуқаролари Намангандаги сиҳатгоҳга карантинга жойлаштирилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Наманган халқаро аэропортига қўнган иккита рейсда Латвия ва Эрон давлатларидан фуқаролар олиб келинди. Тегишли дизенфекциялаш ишларидан сўнг, йўловчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, автобусларда 14 кунлик карантин учун махсус тайёрланган муассасаларга олиб кетилди.
Айни пайтда улардан бир гуруҳи “Косонсой” сиҳатгоҳига жойлаштирилган. Дам олиш масканида уларнинг белгиланган муддатда истиқомат қилишлари учун зарур шароитлар муҳайё этилгани айтилмоқда.
“Карантинга олинган ҳамюртларимизнинг саломатлиги қатъий назоратга олинган. Тегишли шифокорлар гуруҳи иш олиб бормоқда. Дори-дармон ва дизинфекциялаш воситалари заҳираси яратилган. Карантиндагилар вақтларини кўнгилли ўтказишлари учун спорт жиҳозлари мавжуд. Савдо хизмати ҳам йўлга қўйилган. Сиҳатгоҳ ошхонасида 3 маҳал иссиқ овқат бериляпти”, дейди “Косонсой” санаторийси фаолияти ва ҳолати бўйича масъул Тоҳиржон Турдиев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантинга олинганлар айни вақтда 2100 кишини ташкил этмоқда.
LiveБарчаси