Эрдўған ва Алиев Нахичеванда учрашди
Олам
−
25 Сентябрь 2023
4321Бугун, 25 сентябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бир кунлик ташриф билан Озарбайжонга келди. Бу ҳақда Озарбайжоннинг AZTV телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия Президенти бўлган самолёт Нахичеван халқаро аэропортига қўнган. Эрдўғанни озарбайжонлик мавқедоши Илҳом Алиев кутиб олди. Нахичеван шаҳрида олий даражадаги меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Шундан сўнг, икки томонлама музокаралар ўтказилган. Бундан ташқари, етакчилар Нахичеван ҳарбий реконструкция ва ишлаб чиқариш мажмуасининг очилишида, Иғдир-Нахчиван газ қувурига пойдевор қўйиш маросимида иштирок этган.
“Ўз вақтида сиз ва мен TANAP лойиҳасига пойдевор қўйганмиз ва биргаликда бу қувурни очганмиз. Бугун эса Туркиядан Озарбайжон таркибига кирувчи Нахичеванга газ қувурини қуриш жараёнини бошлаяпмиз. Қарс-Нахчиван темир йўли қурилиши бўйича ният баённомасининг имзоланиши ҳам тарихий воқеадир. Ишончим комилки, ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилади ва шу тариқа Ўрта йўлакнинг тармоқларидан бири сифатида Озарбайжон, Туркия ва бошқа мамлакатлар манфаатларига хизмат қилади”, деган Илҳом Алиев Эрдўған билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида.
Туркия Президенти эса Озарбайжон Қорабоғда ўтказган аксилтеррор операциясидан сўз очган.
“Афсуски, Озарбайжоннинг Қорабоғдаги қонуний хавотирларига жавоб бериш учун ҳеч нарса қилинмади. Шу сабабдан операция ўтказишга мажбур бўлдик. Озарбайжоннинг бу ғалабаси билан минтақада тўлиқ нормаллашув имконияти очилди. Биз Арманистондан унга чўзилган тинчлик қўлига жавоб беришини ва ҳалол қадамлар ташлашини кутамиз”, деган Эрдўған.
Унинг таъкидлашича, Озарбайжон армиясининг операцияси “жуда қисқа вақт ичида ва тинч аҳолининг [хавфсизлигига] максимал даражада эътибор берилган ҳолда амалга оширилган. Эрдўған операцияни “минтақа учун муҳим воқеа” деб атаган.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев эса Қорабоғнинг арман аҳолисининг жамиятга қайта интеграциялашуви жараёни муваффақиятли кечишига ишонч билдирмоқда.
“Бир неча кун олдин Евлах шаҳрида Қорабоғ арманлари ва Озарбайжон давлат тузилмалари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бугун Хонкендида иккинчи учрашув бўлиб ўтмоқда. Ҳозирча унинг натижалари ҳақида менга хабар берилгани йўқ. Лекин менинг ишончим комилки, Қорабоғдаги арман аҳолисининг Озарбайжон жамиятига интеграциялашуви жараёни муваффақиятли кечади”, деган Алиев.
Озарбайжон Президентининг сўзларига кўра, Қорабоғдаги аксилтеррор операцияси якунланганига беш кун бўлганига қарамай, Озарбайжондан Қорабоғ арманларига инсонпарварлик ёрдами – ёқилғи, озиқ-овқат, дори-дармон юборилган.
“Бу яна бир бор Қорабоғ минтақасида яшовчи одамлар миллатидан қатъи назар, Озарбайжон фуқаролари экани, уларнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва ҳуқуқлари Озарбайжон давлати томонидан таъминланишини кўрсатади”, дея таъкидлайди Алиев.
LiveБарчаси