Эрдўған катта делегация билан Сочига борди
Олам
−
05 Август 2022
8681Бугун, 5 август куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сочига борди. У кун охирига қадар Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, соат 15:00 да Эрдўған Путин билан юзма-юз, сўнгра делегациялар таркибида учрашишни режалаштирган.
Эрдўғанга сафарда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Дўнмез, Ғазначилик ва молия вазири Нуреддин Небати, Савдо вазири Меҳмет Муш, Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ваҳит Кириши, МРТ раҳбари Ҳакан Фидан, Президентнинг расмий вакили Иброҳим Калин, Алоқа бўлими раҳбари Фаҳреттин Алтун, Мудофаа саноати бошқармаси бошлиғи Исмоил Демир ҳамроҳлик қилмоқда.
Олий даражадаги музокаралар кун тартибида Туркия қуролли кучларининг Сурия шимолида янги аксилтеррор операцияси ўтказишга тайёрланаётгани устувор масала ҳисобланади.
Туркия раҳбари 2019 йилда Сурия бўйича Россия-Туркия келишувини амалга ошириш муҳимлигини бир неча бор таъкидлаган. 10 банддан иборат ушбу келишувга мувофиқ, Россия “Курдистон ишчилар партияси” ва “Халқ ўзини-ўзи ҳимоя қилиш бўлинмалари” террор ташкилотининг Сурия қаноти отрядларини Туркия чегараларидан олиб чиқиш мажбуриятини олди. Бу элемент ҳали тугалланмаган.
Бундан ташқари, Эрдўған ва Путин Россия-Украина уруши, Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги “дон келишуви”ни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилади.
Украина дони билан биринчи кеманинг Одесса портларидан жўнаб кетиши фонида Туркия ва Россия Федерацияси раҳбарлари “дон йўлаги” самарадорлигини ошириш йўлидаги муаммоларни бартараф этиш чораларини муҳокама қиладилар.
Украинадаги уруш мавзусига тўхталар экан, Туркия Президенти Анқаранинг қон тўкилишини тўхтатиш ва ўт очишни тўхтатиш келишувига эришиш учун қўшимча ҳисса қўшишга тайёрлигига эътибор қаратди.
Ниҳоят, Туркия ва Россия етакчилари икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш, ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, энергетика ва мудофаа саноатида стратегик лойиҳаларни амалга ошириш мавзуларини муҳокама қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь