Эрдўған АҚШ раҳбариятини мусулмонларга нисбатан нафратга қарши курашишга чақирди

Олам

image

Туркия АҚШдан YPG (Халқ ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўлинмалари) ва Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги ФЕТО террор ташкилотига қарши иттифоқчилик руҳида ҳамкорлик қилиш ва қадамларни мувофиқлаштиришни кутмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Нью-Йоркдаги Рокфеллер Плаза офис марказида Туркия-Америка Миллий мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан уюштирилган кечки овқатда айтди. 

Унинг қайд этишича, Туркия терроризмдан энг кўп жабр кўрган давлат сифатида терроризм кўринишларига қарши курашда биринчи ўринда бормоқда. 

“Анқара PKK (Курдисон ишчи партияси)-YPG (Халқ ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўлинмалари)дан тортиб ИШИД ва ФЕТОгача бўлган барча террор ташкилотларига қарши ҳеч қандай фарқ қилмасдан қатъий кураш олиб бормоқда ва бунда давом этади. Туркия ҳукумати минтақада терроризмни йўқ қилишга бел боғлаган”, дея ишонтирди давлат раҳбари. 

Туркия раҳбари Анқара томонидан ФЕТО етакчиси Фатуллоҳ Гулен ва террорчилик ташкилотининг бошқа амалдорларини АҚШдан экстрадиция қилиш бўйича олиб борилаётган ташаббусларни эслатди. 

Президентнинг сўзларига кўра, Туркия Америка томони барча мумкин бўлган платформаларда террорчилик ташкилотларининг асл қиёфасини очишда давом этишига умид билдиради. 

Эрдўған нафрат сўзлари, айниқса, исломофобия ва бутун дунё бўйлаб мусулмонларга нисбатан нотўғри қарашлар ортиб бораётганига тўхталди. 

“Афсуски, АҚШдаги турк жамияти вакиллари ҳам вақти-вақти билан ҳужумга учрамоқда. Шу муносабат билан Анқара Вашингтон мусулмонларга нисбатан нафратланиш ҳаракатларига, шунингдек, ислом ва терроризм ўртасида ўхшашлик келтириб чиқарадиган бузуқ менталитетнинг тарқалишига қарши қатъий чоралар кўришини кутмоқда. 

Туркия ва АҚШ 70 йил давомида икки кучли стратегик ҳамкор ва иттифоқчи сифатида ҳал қила олмаган бирорта муаммо йўқ”, дейди Президент.

Эрдўған, шунингдек, молиявий ёки ҳарбий қудрат жиҳатидан Туркиянинг НАТОдаги энг муҳим беш иттифоқдошидан бири сифатидаги ролини таъкидлади. 

“Шунинг учун Туркиянинг позицияси яхши тушунилиши, яхши маълум бўлиши ва тегишли қарор ва қадамлар қўйилиши керак”, дейди у. 

Таъкидланишича, Туркия миллий хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларда келишмовчиликларга қарамай, Анқара ва Вашингтон кўплаб минтақавий ва глобал муаммолар бўйича ҳамон муштарак позицияга эга.

Туркия раҳбари америкалик мавқедоши Жо Байден билан учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга келишиб олганини эслатди. 

“Анқара ва Вашингтон яқиндан мувофиқлаштириб, ҳамкорлик қилаётган яна бир масала бутун дунёга таъсир қилган Украина инқирозидир. 

Ҳар сафар минтақада еттинчи ойдир давом этаётган шафқатсиз урушда ҳеч ким ғолиб бўлмаслигини, унинг глобал иқтисодий оқибатлари бутун дунёга, айниқса, ривожланмаган мамлакатларга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлайман”, дейди давлат раҳбари. 

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Туркиянинг Истанбул келишувлари доирасида ғалла йўлаги очиш борасидаги саъй-ҳаракатлари жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланган. 

“Анқара можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш ва унинг минтақавий ва глобал контекстдаги салбий оқибатларини бартараф этиш йўлида саъй-ҳаракатларини давом эттиради. 

Анқаранинг БМТ билан биргаликда Украина ғалласини Қора денгиз орқали олиб ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижасида эришилган Истанбул келишуви бу саъй-ҳаракатларнинг энг аниқ намунасидир”, дейди Президент.

Унинг урғулашича, Туркия халқаро ҳамжамият ва дўст давлатлар кўмагида аввало ўт очишни тўхтатишга, сўнгра Украина ва Россия Федерацияси ўртасида барқарор тинчликка эришишга умид қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

119

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг