Эра якунланмоқда. Sony барча турдаги диск ва кассеталар ишлаб чиқаришни тўхтатади

Технология

image

Sony компанияси шу ойдан Blu-ray Disc (BD) оптик ахборот ташувчиларини ишлаб чиқаришни тўхтатади. Ишлаб чиқаришнинг тўхтатилиши, шунингдек, MiniDisc, MD Data ва MiniDV кассеталарига ҳам тааллуқли бўлади. Бу ҳақда “3DNews” хабар берди.

2024 йилнинг ўрталарида Sony аллақачон истеъмолчилар учун мўлжалланган BD ва бошқа оптик дисклари ишлаб чиқаришни тўхтатган, бироқ бизнес ва корпоратив мижозлар учун ишлаб чиқариш линиялари сақланиб қолган эди. Аммо стриминг хизматлари деярли физик ташувчиларни сиқиб чиқаргани сабабли, тижорат савдоси пасайиб кетди ва оқибатда оптик ташувчилар ишлаб чиқариш бизнесининг рентабеллиги йўқолди.

Blu-ray Disc прототипи илк бор 2000 йилда DVD вориси сифатида тақдим этилган. У бирмунча вақт Toshiba томонидан лойиҳаланган HD DVD билан рақобат қилган. 2006 йилда BD ва HD DVD истеъмолчилар учун тақдим этилган, бироқ Sony компаниясининг кино студиялари томонидан қўллаб-қувватланиши ва PlayStation 3 ўйин консолига интеграция қилиниши сабабли Blu-ray формати ғалаба қозонган.

Бугунги кунда Blu-ray дисклари ҳануз онлайн сотиб олиниши мумкин, бироқ уларнинг захиралари тугаши муқаррар. Тўғри сақлаш шароитида оптик ташувчилар ўнлаб йиллар давомида маълумотни сақлаб туриши мумкин. Шу сабабли айрим ишлаб чиқарувчилар ҳали ҳам уларнинг ишлаб чиқаришидан воз кечмаган. Масалан, Pioneer компанияси 100 йил давомида маълумот сақлай оладиган Blu-ray диск ишлаб чиқди. Бошқа компаниялар эса миллионлаб йиллар хизмат қиладиган оптик ташувчиларни ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. 

“Blu-ray дисклари ишлаб чиқаришининг тўхтатилиши бир бутун даврнинг якунланишини англатади. Яъни фойдаланувчилар энди маълумотни жисмоний шаклда сақлай олмайди ва захира нусхалар яратиш ёки севимли фильмларини коллекция қилиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда. Ҳозирги стриминг кутубхоналарида эгалик ҳуқуқининг йўқлиги рақамли маълумотларнинг қанчалик мўрт ва ўткинчи эканини яна бир бор ёдга солади”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

диск Sony Blu-ray Disc кассета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг