Энергетика соҳасида сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга чора кўрилади
Жамият
−
28 Февраль
10900Президент Шавкат Мирзиёев тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли ижроси учун масъулиятини кучайтириши лозимлиги, сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга қатъий чора кўрилишини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент ҳузурида ўтказилган қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд имкониятлар барча ҳудудларда ҳам тўлиқ ишга солинмагани танқид қилинган. Бу борада 2024 йил учун дастлабки режалар етарли эмаслиги қайд этилди. Мутасаддилар ўтган йилдан сабоқ чиқариб, бу йўналишда икки карра кўп ишлаши ва аниқ натижа кўрсатиши кераклиги айтилган.
Таҳлилларга кўра, мамлакатда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етарли экани таъкидланди.
"Айни пайтда “Яшил энергия” манбаларини барпо қилиш бўйича Ўзбекистонда катта дастурлар бошланди. Бугунги кунга қадар соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди, яна 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда 2024 йилда электр ишлаб чиқаришда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда", дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, президент жорий йилдан бошлаб йирик “яшил энергия” қувватларини барпо этиш бўйича уч йиллик дастурни амалга оширишга ўтилишини таъкидлаган. Сабаби, энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун янги қувватларга мос тармоқларни қуриш, электр сақлаш қурилмаларини ўрнатиш, зарур материалларни ишлаб чиқаришни режа қилиб, ҳозирдан бошлаш керак.
Шунинг учун аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиқиб, келгуси уч йилда 8 гигаваттли 28 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, 944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанцияни қуриш, жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қувватларини ўрнатиш мўлжалланмоқда.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси