Эндиликда сув истеъмолчилари ҳар куни соат 18:00 гача ишлатган суви ҳақида маълумот беради

Жамият

image

Сув олди бердиси бир суткада камида икки марта эрталаб соат 7:00-8:00 ва кечқурун соат 18:00-19:00 ўртасида олиб борилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сув ресурслари ҳисобини юритиш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 июлидан бошлаб барча тоифадаги (коммунал сув таъминоти тизимидан ташқари) сув истеъмоли ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботлар “Сувдан фойдаланганлик тўғрисида” идоравий статистик 2-ТП (сув хўжалиги) шакли асосида қатъий равишда электрон тарзда юритилади.

Шунингдек, сув истеъмолчилари – ҳар куни соат 18:00 гача олган сувини нима мақсадда ишлатгани, қандай экинни қанча гектар суғоргани ҳамда сувни бошқа мақсадда ишлатгани тўғрисида сув истеъмолчилари уюшмасига маълумот беради.

Сув истеъмолчилари уюшмалари ҳар куни кечқурун соат 18:30 гача қайси манбадан қанча сув олгани, уни қайси сув истеъмолчиларига қанчадан тақсимлаб бергани ҳамда бу сув қайси мақсадлар учун, қандай фойдаланилганлиги, сувдан фойдаланиш коэффициенти ҳақида туман ирригация бўлимига ахборот бериб боради.

Ҳар ўн беш кунда туман ирригация бўлими билан олинган сув миқдори ва ундан қандай фойдаланилганлиги тўғрисида ўзаро далолатномалар тузади.

Ҳар чорак якуни бўйича 10 кун ичида туман ирригация бўлимига улар билан келишилган тарзда белгиланган шаклда ҳисобот беради.

Туман (шаҳар) ирригация бўлимлари ҳар куни кечқурун соат 19:00 гача ҳар бир сув манбасидан олган суви, иқтисодиёт тармоғига, сув истемолчилари уюшмасига қанчадан бергани ва улар сувни қандай мақсадда ишлатганлари, сувдан фойдаланиш коэффициенти ҳақида маълумотларни ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига, нусхасини тегишли Ирригация тизими бошқармасига тақдим этади.

Ирригация тизими бошқармаси – ҳар куни кечқурун соат 20:30 гача ҳар бир сув манбаидан олган суви, уни қайси туманга, иқтисодиёт тармоғига, сув истемолчилари уюшмасига қанчадан бергани ва улар сувни қандай мақсадда ишлатганлари, қанча сув қайси сув объектига ташланганлиги, сувдан фойдаланиш коэффициенти ҳақида маълумотларни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига тақдим этади.

Ҳар ўн кунда тегишли магистрал канал (тизим) ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси билан олган сувлари ва улардан қандай фойдаланганлиги тўғрисида ўзаро далолатномалар тузади.

Ҳар чорак якуни бўйича 10 иш куни давомида ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига белгиланган тартиб ва шаклда ҳисобот беради.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси- Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ҳар куни кечқурун соат 21:00 га қадар ҳар бир сув манбаидан олган жами суви, уни қайси магистрал каналга, ирригация тизими бошқармасига, вилоятга, туманга, иқтисодиёт тармоғига қанчадан бергани ва улар томонидан сув қандай мақсадлар учун ишлатилгани тўғрисида, қанча сув қайси сув ҳавзасига ташлангани, сувдан фойдаланиш коэффициенти ҳақида ёзма равишда кунлик ахборот бериб боради.

Ҳар чорак якуни бўйича 10 иш кун давомида Сув хўжалиги вазирлигига белгиланган тартиб ва шаклда ҳисобот тақдим қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, алоҳида аҳамиятга эга бўлган барча сув хўжалиги ташкилотлари ҳар куни эрталаб соат 7 да ва кечқурун соат 22 да сув хўжалиги тизими ва объектларининг жорий ҳолати тўғрисида тезкор маълумотларни телефон орқали Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Марказий диспетчерлик хизматига етказиб туради.

Сув ресурсларининг ҳисоби ва балансини юритиш тузиш учун сув хўжалиги ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмалари ва сув истеъмолчилари ўзаро сувнинг кундалик олди-берди муносабатларини юритади.

Сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчилари ўртасида сувнинг олди бердиси бир суткада камида икки марта эрталаб соат 7-8 ва кечқурун соат 18-19 ўртасида олиб борилади.

Лойиҳа ҳозирда муҳокамага қўйилган бўлиб, унга ўзгартириш киритилиш ва рад қилиниши мумкин.

Шаҳноза Тўрамуротова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

сув истеъмолчилари сув ҳақида маълумот беради

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made

Мавзуга доир янгиликлар