Энди жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин

Жамият

image

Энди Ўзбекистонда жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 12 апрель куни имзоланган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунда белгиланган.

Қонунга кўра, тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилардан иборат:

•  вақтинча тўловга қобилиятсизлик – мажбуриятни 3 ойда бажара олмаслик (шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса 6 ой ичида бажаролмаслик);

•  доимий тўловга қобилиятсизлик – судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетиши.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд томонидан кўриб чиқилади.

Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга.

Тўловга қобилиятсизлик аломатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати, давлат статистика органлари ваколатли давлат органига устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.

Тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади.

Ушбу Қонун билан жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш мумкинлиги белгиланди. Илгари қонунчиликда бундай тартиб-таомиллар назарда тутилмаган.

Жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза берган аризачи томонидан молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида олдиндан пул маблағлари ўтказилади.

Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади.

Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатли давлат органидир.

Қарздорни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш 12 ойдан 24 ойгача муддатга жорий этилади.

Давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш тартиб-таомили унинг самарасизлиги аниқланганлиги муносабати билан бекор қилиниши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд мажлисида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда 1 ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Суднинг жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш режасини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими ёки жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб таомилини бошлаш тўғрисидаги қарори чиқарилгунига қадар ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахснинг мулкий ҳoлaти яxшилaнгaн тaқдирдa, крeдитoрлaр йиғилиши жисмоний шахснинг қaрзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш рeжaсигa ўзгaртишлар киритиш тўғрисидaги илтимоснома билaн судгa мурoжaaт қилишгa ҳaқли.

Ушбу Қонун кучга кириши билан 1994 йил 5 майдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун ўз кучини йўқотади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

202

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг