Энди техникум битирувчилари ОТМга суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади
Жамият
−
12 Январь 2022
8291Ўзбекистонда энди техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар олий таълим муассасаларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги қарор низомида келтирилган.
Мазкур низомга кўра, техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларининг 2-босқичидан ўқишини давом эттириши мумкин.
Техникумни муваффақиятли тамомлаганлар тоифасига техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра ўзлаштириш баҳолари “5” (аъло) ва “4” (яхши), бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт ОТМ учун камида 85 фоизи) “5” (аъло) бўлган битирувчилар киради.
Юқорида қайд этилган тоифага кирмайдиган ҳамда техникумни битирганига икки йилдан ошганлар ўқишга кириш истагини билдирганда уларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.
Таълим йўналишлари рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади. Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Битирувчилар ҳар йили 5 июлдан 25 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтади.
Бунда битирувчилар:
• паспорт ёки ИД-карта нусхаси,
• техникумни битирганлик тўғрисидаги ҳужжат
• ва унга илованинг нусхасини юклаши талаб этилади
Онлайн рўйхатдан ўтган битирувчиларнинг тизимга юкланган ҳужжатлари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан ҳар йили 5 августга қадар ўрганиб чиқилади. Ўрганиш натижалари бўйича абитуриентларнинг шахсий кабинети орқали уларга хабар берилади.
Битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган суҳбат жараёни ҳар йили 10 августдан 25 августгача, олий таълим муассасаси томонидан белгиланган муддатда ўтказилади.
Ушбу низом:
• олий ҳарбий, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига;
• Тошкент давлат юридик университетига;
• Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь