Энди маҳалла раислари Давлат бошқаруви академиясида ўқитилади

Жамият 6486
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давом этмоқда. Президент Хоразмга ташрифини Хонқа туманидаги инновацион иссиқхонадан бошлади. Кейинроқ Янгиариқ туманидаги “Yantex Invest” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди.

“Бу корхона бўш ётган бинолардан самарали фойдаланиш, уларни хусусийлаштириб, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган иқтисодий сиёсатнинг яққол мисоли. Мазкур иншоот ҳам узоқ йиллар қаровсиз ётган эди. Асакабанк томонидан 16 миллион доллардан зиёд маблағ йўналтирилиб, бино замонавий қилиб тикланди, Хитой, Жанубий Корея ва Италиядан ускуналар келтириб ўрнатилди”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, бу ерда газлама мато ва чойшаб ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 200 дан ортиқ иш ўрни очилган. Корхона йилига 12 миллион погоно метр газлама мато ва 600 минг комплект чойшаб ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш салоҳиятига эга. Президент янги корхонадаги тўқув жараёнини кўздан кечирган.

Қайд этилишича, энди ип-газлама тўқиш ҳажмини ошириш ҳамда Урганч шаҳрида матога ранг берувчи корхона очиш бўйича иш олиб борилмоқда. Шу тариқа, иккинчи босқичда матони бўяш, уни қадоқлаш, Россия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилишга эришилади.

“Маҳалла раисларини сайлаймиз, улардан кўп нарсани талаб қиламиз. Лекин бунинг учун маҳаллий раҳбарлар нима қиляпти, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Энди давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгиланадиган тизим қиламиз. Солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларни энг қуйи тизимда бажаришнинг асоси шу. Буни одамлар ҳис қилиши керак”, дейди Президент.

Шу ерда маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Унга кўра, туманлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб боради.

Мутасаддиларга ушбу тизимни ҳаётга татбиқ этиш, Давлат бошқаруви академияси томонидан маҳалла раисларини шу бўйича ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 146
Рейтинг: 3.2
t
×