Энди қарзи бор ҳайдовчилар “Қамчиқ”дан ўтолмайди

Жамият

image

2022 йил 1 декабрдан бошлаб Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган “Чинор” йўл-патруль хизмати (Қамчиқ довони) стационар постида “Яшил” ва “Қизил” йўлак тамойили жорий этилди. Бу ҳақда ушбу постда бўлиб қайтган QALAMPIR.UZ мухбири Ҳулкар Муртазоева хабар берди. 

Ушбу тамойилга кўра, “Яшил” йўлакдан – қоидабузарлик ва ҳуқуқбузарлик содир этмаган транспорт воситалари ҳайдовчилари ҳеч қандай тўсиқсиз ва чекловларсиз ҳаракатланади.

“Қизил” йўлакка йўналтирилган транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳужжатлари эса электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда текширилади. Аниқланган қарздорликлар бўйича постларда ташкил этилган банк терминаллари орқали қарздорлик бўйича тўлов амалга оширилганидан сўнггина уларнинг ҳаракатини давом эттиришига рухсат берилади.

Таъкидланишича, стационар постлардан 700 метр олдин транспорт воситаларининг давлат рақам белгисини қайд этувчи ва махсус диодли экран жойлаштирилган бўлиб, ҳайдовчилар экранда қайд этилган маълумотга асосан “Яшил” ёки “Қизил” йўлак орқали ҳаракатланиши ҳақида ахборот оладилар.

“Қизил” йўлакдагилар қарзини тўламаган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 291-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган Қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситалари махсус тўхташ жойларига қўйилади ва то қарзини тўлиқ узмагунча унинг автомашинаси жарима майдончасида ушлаб турилади.

“Албатта, йўлга қўйилган мазкур янги тизим халқаро тажрибаларни ўрганиш натижасида жорий этилган бўлиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир намунасидир”, дейилган ЙҲХХ маълумотида.

Бундан ташқари республиканинг қолган 29 та йўл-патруль хизмати стационар постларида ушбу тизим 6 босқичда 2025 йилгача тўлиқ жорий этилади.

Шунингдек, “Чинор” йўл-патруль хизмати (Қамчиқ довони) стационар постида техник кўрикдан ўтмаган, суғурта полиси муддати ўтган транспорт воситалари ҳам кўрикдан ўтказилади. Улардаги камчилик юзасидан маъмурий баённома тузилгандан сўнг, керагидан ортиқ юк ортиб ҳаракатланган транспорт воситалари вазн ва ҳажм параметрларини тегишли нормага мослаштирган тақдирда, ҳаракатни давом эттиришга рухсат берилади.

Акс ҳолда уларнинг ҳам транспорт воситаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушлаб туриш чоралари кўрилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

302

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг