Энди баъзи талабгорларга ер танлов ўтказмасдан ҳокимлар қарори асосида ажратилади

Жамият 6537
image

Захира майдонларидан тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган павловния етиштирувчи талабгорларга ер майдони танлов ўтказмасдан туман ҳокимлари қарори асосида ажратилишига рухсат берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада тез ўсувчи ва саноатбоп Павловния дарахти плантацияларини барпо қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида келтириб ўтилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг республика бўйича тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув танқис, ер ости сувлари 30 метр чуқурликда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонларда ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида павловния плантацияларини ташкил қилиш бўйича таклифларига розилик берилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Тошкент давлат аграр университети олимлари ҳамда вилоятлар ҳокимликлари иштирокида павловния плантацияларини ташкил қилиш ва молиялаштириш манбааларини аниқлаш бўйича тузилган Ишчи гуруҳи тасдиқланади.

Лойиҳага асосан ишчи гуруҳининг асосий вазифаси этиб қуйидагилар белгиланади:

•  соҳа олимларини жалб қилган ҳолда павловния дарахтининг биологик хусусиятидан ҳамда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, плантациялар ташкил этиладиган ҳудудларни ўрганиб чиқиш;

•  келажакда олинадиган хом-ашё маҳсулдорлигини ошириш, қайта ишлашга ва экспортга қулай шароит яратиш мақсадида павловния плантацияларини барпо этиш учун ҳар бир лойиҳа бўйича камида 100 гектардан кам бўлмаган ер майдонларини ажратилишини ташкил этиш;

•  павловния дарахти плантацияларини барпо этиш учун молиялаштириш манбааларини аниқлаш;

•  амалга оширилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чорак якунида ахборот тақдим этиб борилади.

Фойдаланилмаётган, захира майдонларидан тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган павловния етиштирувчи талабгорларга ер майдони танлов ўтказмасдан туман ҳокимлари қарори асосида ажратилишига рухсат берилади.

Шаҳноза Тўрамуротова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 104
Рейтинг: 3.1
t
×