Эксперт президентликка номзодларнинг ваъдаларини таҳлил қилди

Бизнес

image

Мамлакатимизда Президентлик сайловидаги ҳал қилувчи жараёнлардан бўлган сайловолди ташвиқоти босқичи якуний паллага кириб бормоқда. Бир ойдан кўпроқ давом этадиган бу босқич сайлов қонунчилиги ва амалиётидаги ижобий ўзгаришларни акс эттириб, сайловларда ўзаро рақобат ва демократик тамойилларнинг кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурлари таҳлили, номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари иштирокидаги тадбирларда билдирилган турли мулоҳазалар ушбу сайловолди ташвиқоти жараёнинг ижобий жиҳатлари ва йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳақида фикр билдириш имконини беради.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, сиёсий партиялар ва номзодлар ўз сайловолди дастурларида аҳолининг турли қатламлари манфаатларини имкон даражасида тўла акс эттиришга ҳаракат қилганлари кўринади. Бу албатта тўғри ҳаракат, лекин унинг қай шаклда ифодалангани ҳам муҳимдир. Фикримизча, айнан шу муҳим жиҳатни етарли даражада эътиборга олинмагани айрим номзодларнинг дастурларида бир-бирига ўзаро ўхшаш ва ўзаро боғлиқ бўлган умумий вазифалар жуда кўп учрашига олиб келган.

Бу эса уларнинг бошқа номзодлардан фарқини кўрсатиб турадиган жиҳатлар ҳамда устивор мақсадларини таъкидлаб кўрсатишларига тўсқинлик қилмоқда. Айрим сайловолди дастурларида ўзига хос жиҳатлар ва ғояларнинг камлиги охир-оқибатда номзодларга ўз тарафдорларини кўпайтиришга, сайловчиларга эса ким учун овоз бериш маъқул эканини аниқлашга халақит бермоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси номзоди Нарзулло Обломуродовнинг дастурида “яшил иқтисод”га ўтиш, қайта тикланувчи ва муқобил энергияларга устивор эътибор қаратиш, “яшил” иш ўринларини яратиш сингари яхши таклифлар кўп учрайди. Лекин, бу ташаббусларнинг кўп ҳолларда умумий гаплардан иборат экани тегишли экспертлар ва сайловчиларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Чунки, бугунги кунда муқобил энергияга ўтиш кўплаб ривожланган давлатларда етакчи ҳаракатга айланиб улгурган, уни барча учун керакли эканини қайта-қайта уқтиришга ҳожат йўқ. Қолаверса, кейинги йилларда мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида бу соҳада, хусусан, қуёш энегриясини ўзлаштириш йўналишида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётгни кўпчиликка маълум. шу сабабли ҳам, бу соҳада аниқ ташаббуслар ва уларни жорий қилиш йўлларига етарли эътибор бериш мақсадга мувофиқ бўларди.

Масалан, Марказий Фарғона чўли ҳудудида қуёш энергиясини ўзлаштиришга қаратилган манбаларни қуриш ва ишга тушириш борасидаги амалий таклифлар аҳоли зич яшайдиган мазкур ҳудудлардаги кўп сонли сайловчиларнинг ўзига жалб этиши мумкин эди. Ёки йилнинг кўп қисми шамолли бўлган ҳудудларда шамол энергиясидан фойдаланишни йўлга қўйиш масаласида ҳам шундай деб айтиш мумкин. Албатта, бу икки фикр оддий сайловчининг мулоҳазаси сифатида мисол келтирмоқда ва уларнинг қанчалик илмий асосга эга эканлигига аниқлик киритиш ва пухта ишланган режаларни ўз сайловолди дастурида илгари суриш Экологик партия томонидан кўрсатилган номзоднинг тарафдорлари кўпайишига хизмат қилган бўларди.

“Адолат” социал демократик партияси номзоди Баҳром Абдуҳалимовнинг дастурида, жумладан, фуқароларнинг осойишталиги ва жамият хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш мақсадида ички ишлар тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва уни “Халқ полицияси” деб номлаш, ички ишлар вазирлиги, шунингдек йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини таркибини мақбуллаштириш, қуйи прокуратура органларига “Халқ прокуратураси” мақомини бериш таклифлари илгари сурилган. Аслида, бу таклифлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига бевосита боғлиқ, шунинг учун бу йўналишдаги таклифлар аниқ ва ҳар томонлома асослантирилган бўлиши керак. Юқорида кўрсатилган тизимларнинг номини ўзгартириш билан нима ўзгаради, уларнинг фаолиятида қандай ижобий натижаларга олиб келади ва уларга қайси усуллар эришиш режалаштирилган? Бу ислоҳатлар ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қанчалик асослантирилган? Афсуски, дастурда бу саволларга жавоб келтирилмаган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни ўз дастурига киритилганини Халқ демократик партияси номзоди сайловолди тарғиботи жараёнида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, ушбу партия вакилининг сайловолди дастурида қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартибини қонунда мустаҳкамлаб қўйиш ғояси илгари сурилган. Ваҳоланки, бир неча йилдан бери норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни манфаатдор идоралар билан келишиш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг мажбурий тартиблари ўрнатилган бўлиб, шу мақсадда ҳамда аҳолининг қонунчилик ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган “project.gov.uz”, “regulation.gov.uz”, “meningfikrim.uz” сингари бир қатор онлайн платформалар фаолият юритиб келмоқда.

“Миллий тикланиш” партияси номзоди Алишер Қодиров томонидан илгари сурилган вакиллик органларига сайловларнинг мажоритар ва пропорционал тизимини уйғунлаштириш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон шароитига умуман тўғри келмаслиги ҳақида асосли фикрлар билдирилмоқда. Пропорционал тизимга мос ўтказиладиган сайловларда сайловчи аниқ бир номзод эмас, балки партия учун овоз беради, сайловчилар жуда кўп ҳолларда ўз номзодини билмайди, номзод ҳам ўз сайловчиларининг қизиқиш ва манфаатларини ҳисобга олишдан деярли фойда ёки зиён кўрмайди.

Бу сайлов тизимида сиёсий технологлар “паравоз” деб аталадиган усулдан кенг фойдаланиши мумкин бўлиб, унда партиянинг сайлов рўйхатига дастлаб халқ орасида обрў-эътиборга эга бўлган таниқли инсонлар киритилади. Сайловдан кейин улар турли сабабларга кўра ўз депутатлик мандатларидан “воз кечиши” ташкиллаштирилади. Натижада, сайлов рўйхати охирида келтирилган ва сайловчилар эътиборидан четда бўлган ҳамда ҳеч ким танимайдиган, сиёсий технологияда “вагон” деб аталадиган шахслар парламент аъзосига айланиши мумкин.

“Таълим инспекцияси” фаолиятини Олий Мажлис ҳузурида қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклиф юзасидан ҳам бир қатор саволлар пайдо бўлмоқда. Чунки, мазкур инспекция Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритиб, ижро ҳокимияти вазифаларини бажаради. Уни парламент таркибига ўтазилиши умумэътироф этилган ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига зиддир.

А.Қодировнинг “миллий урф-одатлар, анъаналар ва қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик” масаласини Конституцияда мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги фикрлари ҳам сайловчиларда айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. 

Ўз ўрнида, хотин-қизлар учун иш вақтини қисқартириш, ўзбек тилини билувчи ўзга миллат вакилларининг иш ҳақига қўшимчалар тўлаш ҳақидаги таклифлар ҳам ижобий оқибатларга олиб келмаслиги аниқ. Масалан, бундай шароитларда иш берувчилар хотин-қизларни умуман ишга олмасликка ҳаракат қилиши мумкин. Давлат тилини билган бошқа миллат вакиллари иш ҳақига қўшимча ҳақ тўланиши бундай тўлов олмайдиган тоифадаги ходимларнинг норозилигини келтириб чиқариши, меҳнат жамоаларида ишчанлик муҳитини бузилишига олиб келиши мумкин. Қолаверса, бу ҳаражатлар қайси маблағлар ҳисобидан қопланиши ҳам ноаниқ, чунки бу ташаббус давлат корхоналарини қўйиб турайлик, хусусий ёки қўшма корхоналарда қандай амалга оширилишига тушунтириш берилмаган.

Бир сўз билан айтганда, ўзини мамлакатдаги етакчи икки сиёсий кучлардан бири деб кўрсатаётган “Миллий тикланиш” партиясининг дастури ҳар томонлама пухта асосланмагани кўриниб турибди.

Сайловчиларни қандай усуллар билан ўз томонига жалб этиш ҳар бир номзод ва унинг жамоаси томонидан олиб борилаётган тарғибот тадбирларининг қанчалик пухта режалаштирилганига боғлиқ. “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, деган мақол бежиз айтилмаган. Хорижий тажрибани ўрганиш ҳам ушбу ҳикматнинг тўғрилигини кўрсатади. Чет мамлакатларда сайлов кампаниясининг муваффаққияти кўп жиҳатдан сайлов штаби, партия таҳлилчилари ишни қандай ташкил этганига боғлиқ бўлади. Хорижий давлатлардаги барча сиёсий партиялар сайловчиларнинг мақсад ва интилишларини кузатиб борувчи ўз таҳлилий марказлари ҳамда ижтимоий тадқиқотлар гуруҳларига эга. Афсуски, биздаги айрим партиялар томонидан бу йўналишдаги ишлар ҳозирча етарли йўлга қўйилмагани кузатилмоқда.

Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги 
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг