Дунёдаги энг йирик маржон топилди
Бу қизиқ
−
14 Ноябрь
6676Олимлар Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмидан дунёдаги энг катта маржонни топди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маржон 300 йилдан ортиқ вақт яшаган бўлиши мумкин. Олимлар маржоннинг ўлчами кўк китдан ҳам катта эканини таъкидлаган. У жигарранг, аммо унда қисман бошқа ранглар ҳам уйғунлашган.
“Мен харитада кеманинг қулаган жойи кўрсатилган ҳудудга шўнғидим ва шунда маржонни кўрдим”, дейди экспедиция аъзоси.
Экспедиция давомида олимлар маржонни ўлчаш учун махсус ўлчов чизиғидан фойдаланган.
“Маржоннинг кенглиги – 34 метр, узунлиги – 32 метр, баландлиги – 5,5 метрни ташкил қилди”, дейилади хабарда.
Кашфиёт Озарбайжонда ўтказилган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP29 саммити давомида эълон қилинган.
Маржон Pavona clavus турига мансуб бўлиб, у қисқичбақалар, балиқлар ва бошқа денгиз ҳайвонларининг яшаш жойига айланган. Ушбу намунани ўрганиш орқали олимлар ўтган денгиз шароитлари ҳақидаги тарихий маълумотларни аниқлашга умид қилмоқдалар.
Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) ҳисоботида илиқ сувлардаги маржонларнинг 44 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида эканлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тинч океанида Янги Зеландия олимлари томонидан химерага ўхшаш балиқларнинг янги тури кашф қилинганди. Балиқларнинг ушбу янги тури “Арвоҳ акулалар” деб ҳам аталади.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси