Дунёдаги энг шафқатсиз 10 та қамоқхонани биласизми?  

Таҳлил

image

Деярли ҳар бир давлат маҳбуслар ҳуқуқларини бузмасликка ва жисмоний зўравонлик ҳамда ўлим жазосисиз тарбиявий ишларни олиб боришга ҳаракат қилади. Шароит жиҳатидан баъзи турмаларни ҳатто яхши овқат берадиган ва яхши таъмирланган дам олиш зонаси билан таққослаш мумкин. Аммо дунёда шундай даҳшатли қамоқхоналар борки, уларда маҳбусларга нисбатан қийноқлар ва оғир синовлар қўлланилади. 

1. "Қора дельфин" қамоқхонаси, Россия

Ушбу махсус колонияда Россиянинг турли бурчакларидан келган энг хавфли жиноятчилар, жумладан ганнибаллар, террорчилар ва педофиллар сақланади. Маҳбуслар чироқ ёқилган ҳолда ухлашади ва мунтазам видеокузатув остида бўлади. Агар баъзи сабабларга кўра, улар камерадан чиқишига тўғри келса, маҳбусларга махсус ўргатилган ит ва қуролланган қўриқчилар ҳамроҳлик қилади. Камералар 4,5 м² ўлчамли ва хона ичи қафасни эслатади. Хонанинг ичида ҳам панжаралар ўрнатилган бўлиб, улар одамларни дераза ва эшиклардан ажратиб туради. Маҳбуслар қамоқхонанинг ички тузилишини эслаб қолмасликлари учун ҳар сафар йўлаклардан кўзлари боғланган ҳолда ўтади, бу эса уларнинг қамоқхонадан қочиш эҳтимолини камайтиради. Ҳаракатланаётганда маҳбусларнинг қўллари орқасига боғланган ва бошлари пастга туширилган – "қалдирғоч позаси" ҳолатида бўлади. Ҳатто маҳбуслар қўлларини орқасига кишанлаган ҳолда айланиб юришади. Шу вақтгача “Қора дельфин”дан қочиб қутулиш ҳеч кимга насиб қилмаган, шунинг учун бу стратегия самарали ҳисобланади.

 2. “Санте қамоқхонаси”, Франция

Парижда жойлашган ушбу қамоқхона маҳбуслари учун шафқатсиз шароитлари билан машҳурдир. Кўплаб маҳбуслар “Санте”да жазо муддатини ўтаётиб, ўз жонига қасд қилган. Масалан, 1999 йилда бу ерда 124 маҳбус суицидга қўл урган. Қамоқхонада зўравонлик шу қадар авж олганки, маҳбусларга кунига тўрт соатгина камерадан чиқишга рухсат берилади.

Маълумот учун, “Санте” сўзининг ўзи “саломатлик” деб таржима қилинади, аммо унинг шароити мутлақо бунинг тескариси.

3. “Бангкванг” қамоқхонаси, Таиланд

 Таиланднинг Бангкок шаҳрида жойлашган ушбу ахлоқ тузатиш муассасаси Никол Кидман иштирокидаги австралиялик “Бангкок Хилтон” сериали билан машҳур. Таиландликларнинг ўзлари бу қамоқхонани "Катта йўлбарс" деб аташади ва бу қамоқхона ўз қурбонларини еяётганидан далолат беради. Бу ердаги маҳбуслар ўлимга ёки узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. “Бангкванг”да қийноқлар доимий қўлланилади. 25 ва ундан ортиқ маҳбуслар  6х4 метр ўлчамдаги кичик камераларда сақланади. Жиноятчиларга кунига бир маҳал овқат берилади, қолганини қариндошлари ёки дўстлари берган пулга сотиб олишлари керак. “Катта йўлбарс”да вабо, дифтерия, безгак ва бошқа касалликлар маҳбусларнинг кўплиги, нормал санитария-гигиена шароитларининг йўқлиги, нотўғри овқатланиш туфайли юзага келади.

4. “Сабанета” қамоқхонаси, Венесуэла

Ушбу турмада атиги 700 кишига мўлжалланган бинода 3700 дан ортиқ маҳбус сақланади. Шу билан бирга, қамоқхона ходимлари жуда кам, ҳар 150 маҳбусга атиги 1 қўриқчи тўғри келади. У ерда санитария шароитлари умуман йўқ, полиэтилен қопларидан ҳожатхона сифатида фойдаланилади, ичимлик суви паразит ва бактерияларга тўла. “Ла Сабанета”да  зўрлаш ва ҳатто бошни кесиш одатий ҳолдир. Маҳкумларнинг аксарияти тор коридорларда, ҳаттоки, қамоқхона томидаги тор жойларда ухлайди. Фақат пул ва кучга эга бўлган тўда раҳбарлари тиббий ёрдам ва телевизорли шахсий камералардан фойдаланиши мумкин.

 5. “Ла Модело” қамоқхонаси, Колумбия

Бу машҳур қамоқхонада маҳбуслар қурол ва ҳатто гранаталарни осонлик билан қўлга киритади, шу сабабдан қон тўкилиши одатий ҳолдир. 2000 йил 27 апрелда 25 маҳбуснинг ўлими бунга мисолдир. Маълумотларга кўра, “Ла Модело”даги маҳбуслар чап ва ўнг оқимларга бўлинган. Шунинг учун, улар орасида ҳар доим урушлар келиб чиқади. Бундан ташқари, ўнг қанот секторида ҳатто ички қоидаларни бузган маҳкумлар учун алоҳида қамоқхона мавжуд.

6. “Муҳанга” қамоқхонаси, Руанда

Атиги 400 кишига мўлжалланган муассасада 7000 га яқин маҳкум жойлаштирилган. “Муҳанга” қамоқхонасида сақланаётган кўплаб одамлар кун бўйи тик туришдан бошқа чораси йўқ ва сурункали жой етишмаслиги туфайли бирга ухлашга мажбур. Шу сабабдан,  маҳбуслар озодликка чиқмасдан олдин бўғилиш ва касалликдан ўлади. Дунёдаги энг ёмон қамоқхоналар сингари, “Муҳанга”да ҳам санитария ва гигиена тартиби деярли йўқ. У ердаги поллар канализация қатлами билан қопланганлиги сабабли, кўплаб маҳкумларда оёқ инфекциялари пайдо бўлади, оқибатда гангрена касаллиги келиб чиқади – оёқ ёки оёқ бармоқлари кесилади.

7. “Гуантанамо” қамоқхонаси, АҚШ

У ерда қуролли жангчилар мақомига эга маҳбуслар сақланади ва махсус ҳарбий комиссия томонидан судланади. Уларнинг аксарияти мусулмонлардир. Ҳибсга олинганларнинг аксариятига расман айблов қўйилмаган. Маҳбусларнинг ўзлари, шунингдек, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар кўрсатмасига кўра, “Гуантанамо” қамоқхонасидаги маҳбусларга нисбатан турли хил қийноқлар қўлланилади, жумладан, уйқусизлик, узоқ вақт давомида максимал овоз баландлигида мусиқа тинглаш, калтаклаш, чўктириш кабилар.

8. “АДХ Флоренция”, АҚШ

Бу қамоқхона “дўзахнинг яхшироқ версияси” сифатида танилган. Қолаверса, бу эпитетни журналистлар эмас, балки қамоқхонанинг собиқ раҳбари ўйлаб топган. Қамоқхона энг хавфли жиноятчиларни жойлаштириш учун мўлжалланган бўлиб, уларнинг кўпчилиги 2,1 х 3,7 м ўлчамдаги камераларда сақланади. Улар 23 соатини камераларда, қолган бир соатини эса юриш ёки машқ қилишлари мумкин бўлган алоҳида хонада ўтказади. “АДХ Florence” камераларидаги столлар, кўрпа-тўшаклар ва стуллар қуйма бетондан қилинган. Намунавий хулқ-атвори учун маҳкумларни телевизор, радио ва ойна ўрнатилган камерага ўтказишади.

9. “Тадмор” қамоқхонаси, Сурия

Суриянинг Тадмор шаҳрида жойлашган қамоқхона дунёдаги энг ёмон қамоқхоналардан бири сифатида танилган. Бу қамоқхонадаги шафқатсизлик, қийноқлар ва ғайриинсоний муносабат уни бутун дунёга машҳур қилган. “Тадмор” қамоқхонасидаги энг ҳайратланарли воқеа 1980 йил 27 июнь куни содир бўлган, ўшанда аскарлар ҳарбий раҳбар Рифат Асаднинг буйруғи билан бир вақтнинг ўзида 500 га яқин маҳбусни ўлдирган. Бу “Мусулмон биродарлар” ташкилотининг Сурия президенти Ҳофиз Асадга уюштирилган суиқасдига нисбатан ўч олиш, деб хабар берилган. Турмада 5 йиллик қамоқ жазосини ўтаган суриялик шоир Фараж Беракдар уни “ўлим ва жиннилик шоҳи” деб атади.

10. 22-лагерь, Шимолий Корея

22-лагерда 50 мингга яқин маҳбус бор, уларнинг аксарияти Шимолий Корея ҳукуматини танқид қилгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У ердаги барча маҳкумлар давлат учун бепул ишлашлари керак бўлади. Ҳатто Шимолий Кореядаги сиёсий қамоқхона лагерларида одамлар устида ўтказилаётган тажрибалар ҳақида хабарлар тарқалган. БМТнинг КХДРдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги расмий ҳисоботларидан бирида мамлакатдаги лагерлар шароити Германиядаги нацистларнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги жиноятлари билан қиёсланган.

Улканбаева Райҳона


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг