Дон йўлаги бўйича шартнома яна икки ойга узайтирилди
Олам
−
18 Май 2023
3261Россия, Украина ва Туркия ўртасида тузилган “Дон битими” яна икки ойга узайтирилди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди. Туркия раҳбари Россия Федерацияси ва Украина вакилларига ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Эрдўған Анқаранинг саъй-ҳаракатлари, Россия Федерацияси ва Украина позицияларининг конструктивлиги ва БМТнинг ҳиссаси туфайли Қора денгиз портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 2022 йил 22 июлдаги Истанбул келишуви бир неча бор узайтирилганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, келишувни узайтириш муддати тугаш арафасида эди.
“Туркиянинг саъй-ҳаракатлари, шунингдек, россиялик ва украиналик дўстларнинг кўмаги билан Қора денгиз донлари бўйича келишув яна икки ойга узайтирилди”, дейди Эрдўған.
Сиёсатчининг таъкидлашича, ушбу келишув глобал озиқ-овқат таъминотининг узлуксизлиги, айниқса, эҳтиёжманд мамлакатлар учун ҳаётий аҳамиятга эга.
“Умид қиламанки, бу қарор [“дон битими”ни узайтириш] барча томонлар манфаатларига жавоб беради. Биз келишувларнинг барча шартларини бажариш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз, уни янада кенгайтириш чораларини ҳам кўрамиз”, дейди Президент.
Эрдўған, шунингдек, Россия томонига Туркия кемаларининг Николаев ва Ольвия портларидан чиқишига тўсиқлар яратмасликка тайёрлиги учун миннатдорлик билдирди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова дон келишуви икки ойга узайтирилганини тасдиқлади.
“Биз Туркия Президентининг Қора денгиз ташаббуси муддати икки ойга узайтирилгани ҳақидаги эълонини яна бир бор тасдиқлаймиз, бу эса сўзда эмас, балки амалда глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга – биринчи навбатда, энг муҳтож давлатларга ёрдам беришга имкон беради”, дейди Россия ТИВ вакили брифингда.
Бош вазирнинг Қайта тиклаш бўйича ўринбосари – Украина жамоалар, ҳудудлар ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Александр Кубраков дон бўйича келишув очилганини ва у 18 июлгача давом этишини айтди.
“Шартномадаги ҳамкорларимиз – Туркия ва БМТнинг саъй-ҳаракатлари туфайли дунё Украина маҳсулотларини олишда давом этади. Биз ҳамкорлардан келишув келажакда ва барча томонлар имзолаган шартлар асосида ишлаши кераклиги ҳақидаги мустаҳкам ва мақсадли позицияси учун миннатдормиз. Таъкидлайманки, дон ташаббуси амалда бўлган ва амал қилади, чунки у март ойида 120 кунлик муддатга, 18 июлгача узайтирилган эди”, деб ёзган вазир ўзининг Facebook саҳифасида.
Маълумот учун, Украина ғалласини экспорт қилиш бўйича келишувлар 2022 йил 22 июлда Истанбул шаҳрида томонларнинг эътирозлари бўлмаса, автоматик равишда узайтириш имконияти билан 120 кун муддатга тузилган. Ҳужжатлар БМТ ва Туркия томонидан Россия ва Украина билан алоҳида имзоланди. Шунингдек, Россия Федерацияси ва БМТ ўртасида уч йил муддатга Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича чекловларни бекор қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.
2022 йил октябрь ойи охирида Украинанинг Қора денгиз флоти кемаларига ҳужуми туфайли Россия Федерацияси битимдаги иштирокини вақтинча тўхтатди. 2 ноябрь куни Украина БМТ ва Туркия воситачилигида Қора денгиздаги хавфсизлик йўлагидан ҳарбий мақсадларда фойдаланмаслигини ёзма равишда кафолатлаганидан сўнг, Россия ғалла ташаббусидаги иштирокини қайта тиклашга қарор қилди.
2022 йил 17 ноябрда томонлар эътироз билдирмагани учун битим 120 кун давом этди.
LiveБарчаси