Доллар нега ошди? МБ тушган ставка бўйича тўлиқ позициясини эълон қилди
Таҳлил
−
15 Апрель 2020
13241Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 14 апрелдаги навбатдан ташқари йиғилишида асосий ставкани йиллик 16 фоиздан 15 фоизга тушириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Марказий банк мазкур ҳолат бўйича ўзининг тўлиқ позициясини эълон қилди.
Унга кўра, мазкур қарор қабул қилинишига сабаб бўлган омиллар ва Марказий банкнинг жорий макроиқтисодий ҳолат бўйича таҳлиллари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади.
Биринчи навбатда, асосий ставканинг пасайтирилиши 2020 йил учун белгиланган инфляция даражаси прогнозининг пасайиш томонга қайта кўриб чиқилиши билан боғлиқ.
Инфляцион таргетлаш доирасида йил бошида 2020 йил учун инфляциянинг 12-13,5 фоиз оралиқда бўлиши прогноз қилинган эди ва жорий йилнинг 16 январь ва 5 март кунлари бўлиб ўтган Бошқарув йиғилишларида инфляция прогнози ўзгартиришсиз қолдирилди.
Иккала Бошқарув йиғилишида ҳам агар инфляция прогнози пасаядиган бўлса, Марказий банк асосий ставкаси пасайиш томонга қайта кўриб чиқилишини ҳамда нима учун инфляция прогнози пасаймаётганлигини, яъни мавжуд инфляцион рисклар ва ноаниқликларни кўрсатиб ўтган эдик.
Жорий макроиқтисодий ҳолатдан келиб чиқиб, янгиланган ҳисоб-китобларимиз инфляция даражаси йил охирига 11-12,5 фоиз оралиғида бўлишини, яъни дастлабки прогноздан 1 фоиз бандга паст бўлишини кўрсатмоқда.
Инфляцияни секинлаштирувчи омиллар
Биринчидан, пандемия таъсирида шаклланган ташқи ва ички ҳолат натижасида мамлакатда иқтисодий фаоллик нисбатан пасаяди. Натижада нарх-навога талаб томонидан босим камайиб бормоқда.
Буни иқтисодиётда амалга оширилаётган тўлов транзакциялари ўзгаришида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 2020 йил март ойида банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакциялар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга пасайган бўлса, 2020 йил апрель ойининг дастлабки 10 кунлигида тўлов терминаллари орқали амалга оширилган тўлов транзакциялари ҳажми март ойнинг мос даврига нисбатан 26 фоизга камайди.
Шунингдек, Ўзбекистон товар-хомашё биржасида амалга оширилган битимлар сонида ҳам сезиларли даражада пасайиш кузатилди. Хусусан, апрель ойининг дастлабки икки ҳафтасида амалга оширилган харидлар суммаси март ойининг мос даврига нисбатан 28 фоизга пасайди.
Иқтисодиётни кредитлаш фаоллигида ҳам маълум бир пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. 2020 йил январь-апрель ойларида тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғи ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоиз бандга секинлашиб, 7 фоизни ташкил этди.
Бугунги кунга келиб, банклар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 16,4 трлн.сўмлик кредитлари бўйича тўлов муддатлари кечиктириб берилди. Бу ўз навбатида, банкларга пул оқимларини кириб келиши томонидан уларнинг кредитлаш имкониятини маълум бир даражада чекланишига олиб келади.
Тўғри, ҳозирги карантин чора-тадбирлари тугагандан сўнг, иқтисодий фаоллик қайта тикланади, аммо ўтган йиллардаги даражага чиқиши учун маълум бир вақт керак бўлади.
Чунки таҳлиллар карантин чоралари даврида инвестицион ва истеъмол фаолигининг пасайишини кўрсатмоқда.
Иккинчидан, аҳоли даромадларининг юқори ошмаслиги. Охирги 2 йилда кузатилган ҳолатни таҳлил қилсак, аҳоли даромадлари ўртача йилига 25 фоиздан ўсиб келган ва ички нархларга талаб томондан босим яратиб келган. Пандемия таъсирида шаклланган жорий иқтисодий ҳолат бутун дунёда, жумладан, бизда ҳам жорий йилда аҳоли даромадларининг юқори даражада ошмаслигини кўрсатмоқда.
Албатта, Ҳукумат томонидан аҳолининг муҳтож қатламларини, яъни пандемия карантини сабабли даромадини йўқотган қатламлари моддий қўллаб-қувватланади. Бу ўз навбатида, давлат бюджети харажатлари таркибини қайта кўриб чиқишни, шунингдек, харажатларни қисқартиришни ва қўшимча манбалар излаб топишни тақозо этади.
Учинчидан, олдинги йиғилишларимизда ҳам мунтазам таъкидлаб келган масаламиз – бу тартибга солинадиган нархларнинг кутилаётган эркинлаштирилиши, яъни энергия ресурслари нархларининг кутилаётган оширилиши.
Бугунги кунда жаҳон бозорларида шаклланган энергия ресурслари нархлари уларни ички нархларини кескин оширмасдан туриб ҳам бозор шароитларига мослаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бу жуда катта сигнал, агар ички бозорда энергия ресурслари нархлари барқарор бўлса, бошқа маҳсулотлар нархларига ҳам катта ижобий таъсир кўрсатади.
Жорий йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича инфляция даражаси 2,8 фоизни ташкил этди ва прогнозга нисбатан 0,5 фоизбандга паст бўлди.
Инфляцияни оширувчи омиллар
Ҳозирги карантин шароитида маълум бир озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур истеъмол товарлари нархларида кичик ўсишлар бор. Буни очиқ айтиш керак, лекин бу вақтинчалик. Келгуси ойлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги ҳосили бозорларга чиқиши ҳамда Ҳукуматнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошираётган чора-тадбирлари ўз самарасини беради ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўтган йилга нисбатан юқори ошмайди.
Президентнинг тегишли Фармонлари билан бир қатор асосий халқ истеъмоли товарлари ва уларнинг хомашёлари импортига 2020 йил 31 декабрига қадар божхона божи ва акциз солиғининг бекор қилиниши ҳам карантин даврида асосий талабгир бўлган товарлар нархларининг кескин ошишини олдини олади.
Карантин муддати тугагандан кейин маълум маънода истеъмол талаби ошиши кутилмоқда, лекин ўрта муддатли истиқболда бу талаб ўз фундаментал трендига қайтади.
Инфляцияга таъсир кўрсатувчи энг асосий омил, бу миллий валютамиз курсининг қадрсизланиши бўлиб унинг жорий ва кутилаётган даражасининг ички нархларга таъсири янгиланган юқорида келтирилган инфляция прогнозида инобатга олинган.
Яъни санаб ўтилган инфляцияни пасайтирувчи омиллар, ўз навбатида, миллий валюта девальвацияснинг ички нархларга салбий таъсирини юмшатиш имконини беради.
Ички валюта бозорида бугунги кунда шаклланган ҳолат ва алмашув курси тўғрисида
Валюта бозори ёки валюта курси ҳақида гап кетганда, битта ҳолатга алоҳида эътиборлар қаратиш керак, Марказий банк ёки Ҳукумат алмашув курсининг бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланишига аралашмайди.
Агар биз курсга аралашиб туриб бозор қоидаларини бузсак, уни кейин тўғирлаш қийин бўлади. Апрель ойининг ўтган
2 ҳафтасида валюта айирбошлаш шохобчаларида ҳам валюта биржасида ҳам АҚШ доллари курси ўртача 5,5 фоизга ошиши кузатилди.
Бунга ўз навбатида, ички валюта бозоридаги валютага бўлган талабнинг таклиф ҳажмидан ошиши натижасида алмашув курсининг маълум даражада тўғирланиши, деб қарашимиз мумкин.
Нима учун? Чунки жорий йилнинг март ойидан бошлаб ривожланаётган давлатлар, хусусан, асосий савдо ҳамкорларимиз валюталари кескин қадрсизлана бошлади. Ушбу ҳолат, албатта, бизнинг алмашув курсимизга ҳам таъсир кўрсатади.
Бунинг таъсири биринчидан, тўғридан-тўғри ташқи савдо операцияларимиз ва четдан пул ўтказмалари ҳажмларининг камайиши бўйича бўлса, иккинчидан, билвосита аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг девальвацион кутилмалари орқали таъсир кўрсатади.
Жорий йилнинг 25 март ва 13 апрель саналарида ички валюта бозоридаги ҳолат ва алмашув курси динамикаси тўғрисидаги Марказий банк таҳлилларини эълон қилдик.
Уларда ташқи иқтисодий ўзгаришлар сўмнинг алмашув курсига валюта тушумлари камайиши сабабли оширувчи таъсир кўрсатиши, лекин иқтисодиётда импортга бўлган талаб қисқариши ҳисобига сўмнинг кескин қадрсизланиши кутилмаётганлигини, айни пайтда алмашув курсида девальвацион кутилмалар таъсирида кичик тўғирланишлар бўлиши мумкинлигини билдирган эдик.
Шу ўринда, алоҳида таъкидлашни хоҳлардим, фундаментал омиллар билан кутилмалар бир-биридан катта фарқ қилади.
Тўғри, валюта тушумлари ҳам экспорт бўйича, ҳам пул ўтказмалари бўйича сезиларли камайди. Лекин айни пайтда иқтисодиётда импортга бўлган талабнинг ошиши кузатилмаяпти.
(Жорий йил март ойида пул ўтказмалари ҳажми февраль ойига нисбатан 23 фоизга пасайган бўлса, апрелнинг дастлабки 8 иш кунида март ойининг мос даврига нисбатан қарийб 3 баробарга қисқарди (136 млн. доллардан 49,2 млн. долларга).
Бу ерда ҳамма масала кутилмаларда. Аҳоли ва тадбиркорларнинг кутилмалари юқорилигича сақланиб қолди. Натижада валюта биржасида таклиф сезиларли камайган бўлса, аксинча, валюта айирбошлаш шохобчаларида аҳоли томонидан сотиб олиш ҳажми юқори суръатда ошди.
Хусусан, аҳоли томонидан март ойида ўртача кунлик 13,3 млн. долларлик валюта сотиб олинган бўлса, 10 апрель кунида 19,4 млн. доллар, 13 апрель куни 22,2 млн. долларга етди.
Шундай ҳолат юридик шахслар сегментида ҳам кузатилди. Улар томонидан валюта биржасида март ойида ўртача кунлик 37,5 млн. долларлик валюта сотиб олинган бўлса, 10 апрелдан бошлаб ўртача кунлик талаб 30 фоизга ошди.
Айни пайтда март ойида кунлик ўртача валюта сотиш бўйича таклиф 21,7 млн. долларни ташкил этган бўлса, таклиф ҳажми 10 апрелдан қарийб 40 фоизга пасайди.
Агар иқтисодиётдаги мавжуд валюта захиралари, келиб тушиши кутилаётган валюталар миқдори ва мажбуриятлари, яъни чиқиб кетадиган валюта миқдорларини тарозига қўйиб кўрсак, бу ерда баланс бор.
Ушбу баланс нима учун бозорда кўринмаяпти? Чунки кутилмалар юқори бўлди. Аҳоли ва тадбиркорлар дунё иқтисодиётидаги вазиятни кўриб таҳлил қилиб турибди, қачонки бозордаги нарх кутилмаларни ҳам ҳисобга олиб шаклланса, шунда талаб ва таклифда мувозанат бўлади.
Мисол учун, валюта биржасида кузатилган битта жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бугун валюта биржасида талаб даражаси 62 млн. АҚШ долларини ва 16 млн. евродан ортиқни ташкил этган бўлса, алмашув курсининг 10 121 сўмгача ошиши валюта сотиб олиш бўйича аризаларнинг катта қисми – қарийб80 фоизини қайтариб олинишига сабаб бўлди.
Аввалги кунларда бундай ҳолат бўлмаган, валюта биржасида курснинг қанча ошишидан қатъи назар талабнинг пасайиши ёки сотувчиларнинг кўпайиши ёки валюта олиш бўйича аризаларни қайтариб олинганлик ҳолатлари кузатилмаган.
Ушбу ҳолат алмашув курсини ўзининг маълум даражада табиий нуқтаси атрофида шаклланганлигидан далолат беради.
Биз кечаги Бошқарув йиғилишида Марказий банкнинг валюта бозорига интервенцияларни амалга оширишда олтин-валюта захираларининг нейтраллиги тамойили асосида валюта курсининг фундаментал трендига таъсир қилмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича ёндашувни ўзгартирмасликка қарор қилдик.
Таъкидлаш жоизки, валютани сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар киритилмайди. Фақат унинг нархи бозордаги омиллар асосида шаклланади.
Валюта курсининг реал самарали салоҳиятига асосий савдо ҳамкор давлатлардаги валюта девальвацияси ва инфляция даражаси, мамлакатимиздаги ички нархлар ва курс ўзгаришлари каби омиллар таъсир қилади.
Хусусан, жорий йилни март ойидан бошлаб Россия рублининг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 9,2 фоизга, қозоқ тенгеси – 11,2 фоизга, турк лираси – 9,3 фоизга ва қирғиз соми – 12,8 фоизга қадрсизланди.
Ушбу давлатларда инфляция даражасининг миллий валюта девальвациясига нисбатан паст динамикага эга эканлиги уларда иқтисодий рақобатбардошликни сақлаб қолишга имкон беради.
Бунинг натижасида март ойида миллий валютамиз сўмнинг реал эффектив алмашув курсида маълум бир тафовут пайдо бўлди.
Ушбу ҳолат, ўз навбатида, келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларнинг ташқи ва ички бозорларда “қимматлашуви”га ва рақобатбардошлигининг пасайишига ёки аксинча, савдо ҳамкорлар маҳсулотларининг бизнинг бозорларда “арзонлашиши”га олиб келиши мумкин эди.
Апрель ойидан бошлаб алмашув курсининг тўғирланиши натижасида мазкур тафовутнинг ёпилиши кузатилди. Бу ўз навбатида, келгусида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Бу ўз навбатида, ташқи иқтисодий фаолиятда экспорт ҳажмларининг ошишига ва шунга мутаносиб равишда тўлов баланси жорий ҳисобварағи сальдосининг қисқаришига ижобий таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, курснинг мазкур девальвацияси трансчегаравий пул ўтказмаларнинг пасайиши ва Россия рубли ва Қозоғистон тенгесининг қадрсизланиши шароитида ушбу ўтказмаларнинг сўмдаги эквивалентини ва аҳолининг аксарият қисмини харид қобилиятининг сақланиб қолишига маълум даражада кўмаклашади.
LiveБарчаси