Депутат: “Айрим ИИВ ходимлари салла деса каллани олиш билан банд”
Жамият
−
13 Апрель 2020
40106Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг жорий йил 28 мартдаги қарорига кўра 30 мартдан 20 апрелга қадар мамлакатда махсус рухсатнома (стикер)сиз автомобиль бошқаришга тақиқлар ўрнатилди. Кейинроқ, ушбу чекловлар скутер ва велосипедларга ҳам жорий этилди. Орадан кўп ўтмай, стикерсиз ҳаракатланиши мумкин бўлган автотранспортлар рўйхати янгиланган эди.
Ушбу тартиб бўйича ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотлар хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари рўйхатдан чиқарилиб, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари қолдирилган эди.
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфират Хушвақтова шифокорлар автомобилдан фойдаланишга ҳақли экани, бироқ ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланилаётганига ўз муносабатини билдирди.
“Шифокорлар бугунги куннинг ҳақиқий қаҳрамонларига, энг керакли шахсларига айланишди. Аммо буни ҳамма ҳам жумладан, айрим ички ишлар органлари ходимлари тўлиқ англаб етмаган кўринади.
Карантин шароитида автомобиль ҳаракати чекланди. Аммо Ўзбекистонда коранавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича республика комиссиясининг 8 апрель кунидаги 17-сон қарори билан давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларининг хизмат автомашиналари ва давлат муассасасида ишловчи шифокорларнинг шахсий автомашиналари билан ҳаракатланишига рухсат берилган.
Аммо, менга давлат муассасасида ишлайдиган бир нечта шифокорлар машинада ҳаракатланаётганларида ички ишлар органлари томонидан тўхтатилиб, қарантин қоидаларини буздингиз дея автомошиналарни жарима майдончасига қўйилаётгани бўйича мурожаатлар келиб тушди”, дейди у.
Депутатнинг айтишича, бу каби мурожаатлар “Адолат” СДП фракциясининг қолган депутатларига ҳам келаётгани маълум бўлган. Махфират Хушвақтова бу масала юзасидан Адлия вазири ҳам тушунтириш бергани ҳақида айтар экан, Ички ишлар вазирлигида махсус комиссия қарорига зид бирор бир буйруқ, йўриқнома ишлаб чиқилгани ҳақида тахмин қилмоқда.
“Демак, масала жиддий, у кўплаб жойларда содир бўлмоқда. Ишига бориб беморларни даволаши керак бўлган шифокорлар бугун ички ишлар органлари ходимидан ўз ҳуқуқини талаб қилиш билан овора.
Қарор ўз кучидалигини Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам тасдиқлади. Сиз ва биз ўқиганимиз ҳамда тушунганимиздай шифокорларга автомашиналридан фойдаланишга рухсат берилган. Аммо шу оддий жумлаларни ва ҳақиқатни наҳотки, айрим ички ишлар органлари ходимлари тушунмаган бўлса?
Бу ерда ушбу оқибатларга олиб келувчи икки хил сабаб мавжуд бўлиши мумкин. Яъни, вазирлик томонидан махсус комиссия қарорига зид бирор бирор буйруқ, йўриқнома ишлаб чиқилган ва улар шунга амал қилишмоқда.
Ёки ички ишлар органларининг жойлардаги айрим ходимлари қарор талабларини ва бугунги вазиятни тўлиқ тушуниб етмаган ҳолда салла деса каллани олиш билан банд”, дея кескин фикр билдирган партия аъзоси.
Сўзининг охирида депутат мазкур вазият бўйича ички ишлар органларининг аниқлаштирувчи муносабатини ҳамда хавфсизликни таъминловчи ходимларнинг соғлиқни сақловчи ходимлар фаолиятига ҳалақит эмас, аксинча, ёрдам беришларини сўраб қолган.
LiveБарчаси