Депутат: 27 йиллик “Ҳарбий қасамёд” ўзгартирилади

Жамият

image

Бугун кўплаб соҳалар қатори мамлакат мудофаа тизимида ҳам ислоҳотларнинг янги босқичи самаралари кўзга ташлана бошлади. Миллий армияни ислоҳ қилишга қаратилган ёндашувлар ҳам тубдан ўзгарди. Бунда ёшларни ҳарбий ватанпарлик руҳида тарбиялаш масаласига баландпарвоз шиорлар эмас балки, амалий ҳаракатлар билан ёндошилмоқда. Хусусан, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 12 мартда ўтказилган видеоселекторда мазмун ва моҳият нуқтаи назаридан миллий руҳимиз, шонли тарихимиз ва ватанпарвар аждодларимизга муносиб бўлган қасамёд матнини тайёрлаш мақсадида бундан 27 йил аввал қабул қилинган “Ҳарбий қасамёд” матнини қайта кўриб чиқиш, бунда ҳарбий хизматчилар онгига Ватанга, ҳарбий бурчга содиқлик ҳиссини янада чуқурроқ сингдириш, шунингдек амалдаги “Ҳарбий қасамёд” ўрнига “Ватанга қасамёд”ни жорий қилиш учун ҳуқуқий асослар яратиш бўйича таклифлар илгари сурилган эди.

Ушбу таклифларнинг амалдаги рўёбини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланди.

Қонун лойиҳаси билан “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3- ва 39-моддаларига ҳарбий қасамёд ўрнига Ватанга қасамёд матнини мустаҳкамловчи нормаларни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вакиллари иштирокида янгидан ишлаб чиқилган “Ватанга қасамёд” матни асос қилиб олинди. Янги Ватанга қасамёд матни депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, халқ ва армия бирлигини таъминлашда, Ватанга садоқат деган муқаддас ғоя атрофида халқимизни жипслаштиришда айнан Она юртга – Ватанга қасамёд келтиришнинг беқиёс аҳамияти тўғрисида ижобий хулосалар берилди.

Шунингдек, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганиб чиқилди ва миллий руҳимиз, шонли тарихимиз ва ватанпарвар аждодларимизга муносиб ворислар бўлишга ундайдиган қасамёд матнини баён этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Ватанга қасамёд матнида Давлатимиз тимсоли бўлмиш байроғимизнинг муқаддаслигини улуғлаш, буюк аждодларимизни қадрлаш, Қуролли Кучлар сафига кираётган ёшларимизнинг Ватан олдидаги бурчини ҳалол бажаришга бел боғлаётгани, виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикасига, халқига, Президентига бир умр содиқ бўлишга, Ватанимиз мустақиллигини, унинг сарҳадлари дахлсизлигини, халқининг тинчлиги ва осойишталигини, миллий манфаатларини сўнгги нафасигача ҳимоя қилишга, Ўзбекистон Республикасига қаратилган ҳар қандай тажовуз ва ғаразли ҳаракатларга қарши аёвсиз курашишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва умумҳарбий низомларига қатъий амал қилишга, давлат ва ҳарбий сирларни сақлашга, қуруқликда, сувда, ҳавода – ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчини виждонан бажаришга, эл-юртининг юксак ишончини оқлашга тантанали равишда қасамёд қилиши каби эзгу ниятлар мужассам этилган.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тез кунларда биринчи ўқишда кўриб чиқилиши кутилмоқда. Янги Ватанга қасамёд матнининг тасдиқланиши ушбу қасамёдни қабул қилган ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматдан сўнг ҳам қандай соҳа ва жабҳаларда фаолият юритишидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасига, халқига, Президентига умрбод содиқ бўлишига замин яратади. Зеро, Ватанга қасамёд бу Она юртга, халққа садоқат қасамёдидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати 
Тўлқин КАРИМОВ


Мақола муаллифи

Теглар

Тўлқин Каримов Ҳарбий қасамёд

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар