Хотинини ўлдирган вазир, болани зўрлашда абланаётган депутат, тош отилаётган Лола, дағдағадан нари ўтолмаган Эрон – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
20 Апрель
8109Хонанда Лола Йўлдошевани танийсиз-а. Менимча, бу ҳафта уни таниган ҳам таниди, танимаган ҳам. Унинг март ойи охирида Тошкентда ўтказилган оммавий тадбирлардан бирида кийиб чиққан либоси катта шов-шувларга сабаб бўлди. Буни сиз ҳам кўрган бўлсангиз керак, кўрмаган бўлсангиз, кўриб қўйинг. Ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳалар ортидан Лола Йўлдошева аллақачон кучини ҳам, савлатини ҳам йўқотиб бораётган “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига чақиртирилди. Хонанда эса у ерда кўзида ёш билан тушунтириш берди. Ушбу ташкилотдан ҳимоя кутаётганини айтди. Лекин унинг ўзи бор-йўғи икки-уч йил аввал ўша “Ўзбекнаво”ми “Ўзбекконцерт”ми, хуллас, ўша ташкилотдаги бадиий кенгашлар фаолиятини совет давридаги цензурага тенглаштириб, мазах клип тайёрлаб чиққанди. Бугун эса унинг ҳимоясига муҳтож.
UNESCO'нинг “Эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш” бўйича II Бутунжаҳон конференциясининг элчиси бўлишдек мақомни елкасида ташиётган Лола биринчи марта клиплари ёки либоси учун дакки эшитаётгани йўқ. Эсингизда бўлса, бундан 8 йил аввал хонанда Райҳон билан бир-бирига суйкалиб айтган қўшиғи учун ҳам анчагача танқид тошлари остида қолганди. Хуллас, сизнинг бу мавзу бўйича гапларингиз ичингизда қолиб кетмасин, уларни тартиб ва тарбия билан бемалол изоҳларда ёзишингиз мумкин. Биз эса гаплашишимиз, муҳокама қилишимиз керак бўлган мавзулар жуда кўп. Ассалому алайкум!
Хабарингиз бор, бундан аввалги ҳафта охирларида халқаро ҳамжамият катта спектаклга гувоҳлик қилди.
Исроилнинг Суриядаги Эрон консуллигини ҳаводан ўққа тутиши ва одамлар ҳалок бўлишига жавобан Эрон ўша ваъда қилинган зарбасини йўллагандек бўлди. Аввалига бутун дунё ҳозир Эрон ўчини олади ва Исроилнинг Ғазога нисбатан зарбаларига нуқта қўйилади, деб ўйлаганди. Бундай бўлиб чиқмади. Агар бунинг номи ўч бўлса...
Исроил Мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Ҳагарининг айтишича, Эрон Исроилга учувчисиз самолётлар, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилган. 200 дан ортиқ ракета ва дрон учирилган.
АҚШ кучлари томонидан Исроил чегараларидан ташқарида ўнлаб учувчисиз самолётлар ушланган. Бундан ташқари, маҳаллий ОАВ манбаларига кўра, дронлар Иордания ҳаво кучлари самолётлари томонидан ҳам тутиб олинган. Шу билан бирга, учувчисиз самолётларнинг бир қисми охир-оқибат Исроилга учиб кетган ва бу ҳаво ҳужуми сиреналарини ишга туширилишига олиб келган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳужумдан сўнг дарҳол халққа мурожаат қилди. Исроил узоқ йиллардан буён Эрондан тўғридан тўғри ҳужумга тайёргарлик кўргани, барча мудофаа тизимлари жойлаштирилгани, ҳукумат ҳар қандай сценарийга, ҳам мудофаа, ҳам ҳужумга тайёрлигини айтди. Шундай бўлиб ҳам чиқди, Нетаньяху шунчаки валдирамаганини исботлади. Эрон томонидан учирилган ракета ва учувчисиз самолётларнинг жами 99 фоизи тутиб олинди.
Исроил армияси ракета ва дронларнинг аксарияти уриб туширилганини айтаётган бир пайтда, Теҳрон улар Исроил нишонларини муваффақиятли йўқ қилганини иддао қилиб чиқди. Аммо ўртада исбот йўқ. Исроил эса мамлакат жанубидаги ҳарбий базага енгил зарар етганини хабар қилди. Ўнлаб одамлар тиббий ёрдамга мурожаат қилган.
Эрон Президенти Иброҳим Раисий Исроил Эроннинг Суриядаги консуллигига ҳужум қилгани учун жазоланганини айтиб чиқди. Жазо?! Қанақа жазо?! Нишонга бориб тегмаган зарбалар қачондан жазо бўлди?
Яна камига Эрон, агар Исроил жавоб қайтарса, бундан ҳам каттароқ куч билан зарба бериши ҳақида таҳдид қилди. Исроил эса бу дағдағадан чўчимади. Яна ҳужумга ўтди.
Исроил Президенти Ицхак Герцог Эроннинг 14 апрелга ўтар кечаси Исроил ҳудудига ҳужумини “уруш эълон қилиш” деб атади. Америка матбуоти 19 апрель куни эрталаб Исроил Эрондаги объектга ракета ҳужуми уюштиргани ҳақида суюнчи сўраб хабар берди.
Эътиборли жиҳати шундаки, 19 апрель Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг туғилган куни. Бу йил ёшулли 85 ёшни қаршилади.
Мамлакатнинг бир қанча вилоятларидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг ишга туширилгани айтилди.
“Bloomberg” ҳужумдан бир кун олдин, 18 апрель куни Исроил АҚШни Эронга яқин 24-48 соат ичида зарба бериш нияти борлиги ҳақида огоҳлантирганини ёзди.
Исроилнинг Эронга ҳужуми Эрон ҳаво кучларининг Исфаҳон шаҳри яқинидаги базасига, республиканинг ядровий иншоотларига хавфли даражада яқин жойлашган нишонларга қарата амалга оширилган. Халқаро матбуотга кўра, яҳудий давлати бу орқали Теҳронга қуйидаги месежни етказмоқчи бўлган:
"Биз бу сафар сизнинг ядровий объектларингизга ҳужум қилмасликка қарор қилдик, лекин жиддийроқ ҳаракат қилишимиз мумкин эди".
Алоҳида урғуланишича, Исфаҳонга зарба нафақат зарар етказиш мақсадида, балки Эроннинг ядровий объектлари ҳужумга қанчалик заиф эканини яққол кўрсатиш учун қилинган.
Эрон армияси қўмондони генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий ихтисослашган экспертлар аллақачон Исфаҳон шаҳри осмонида уриб туширилган дронлар билан содир бўлган ҳодисанинг ҳолатлари ва оқибатларини ўрганишга киришганини маълум қилди. Унинг айтишича, Исфаҳон осмонида эшитилган портлаш ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг номаълум объектларга қарши ишлаши натижасида содир бўлган.
Эрон Миллий киберкосмик маркази вакили Ҳусайн Далирян ҳам Х’даги саҳифасида Исфаҳон шаҳри осмонида уриб туширилган учувчисиз самолётлар Исроил ё бошқа давлатдан эмас, балки республика ҳудудидан амалга оширилгани, яъни ўзлари учирганини ёзди.
"Афтидан, Америка оммавий ахборот воситалари Исроилнинг Эронга ҳужум қилишини орзу қилганга ўхшайди, у ўққа тутилган бир нечта квадрокоптерлар билан муваффақиятсиз ҳужумни дунёнинг ҳеч бир жойида ҳақиқий ҳужум деб бўлмайди", деб ёзди Далирян.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулда жума намозидан кейин журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Исроилнинг Эрон ҳудудига берган сўнгги зарбалари ҳақидаги икки томоннинг баёнотларидан қай бири тўғри эканини билмаслигини айтди.
"Ҳозирда Исроил ва Эрон турли гапларни айтмоқда. Ҳеч қандай масъулият йўқ, тушунтириш йўқ. Эроннинг баёнотларидан келиб чиқиб, уни рост гапиряпти, дейиш мумкин эмас. Исроил ҳақида эса умуман бундай деб бўлмайди", дейди Туркия раҳбари.
Ўзбекистон эса Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувининг янги босқичидан чуқур хавотирда эканини билдирди.
Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ёйинланган баёнотда Ўзбекистон томони барча тарафларни босиқликка, ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришдан тийилишга ҳамда можарони энг қисқа фурсатларда сиёсий тартибга солиш учун мумкин бўлган барча чораларни кўришга чақириши айтилган.
“Мазкур минтақадаги кескинликнинг авж олиши янада жиддий оқибатларга ва кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблаймиз”, дейилади баёнотда.
Ўзбекистонда кутилмаган ҳолат содир бўлди.
Мамлакат Бош прокурорининг ўринбосари ва Бош прокуратуранинг 3 та бошқармаси бошлиқлари лавозимидан кетиш учун ариза ёзди. Албатта, бу маълумотлар Бош прокуратура томонидан расман тасдиқланмаган, ташкилот миқ этмай келаётган бўлса-да, оммавий ахборот воситалари, жумладан QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган хабарларга эътироз билдиргани йўқ. Демак, сукут аломати – ризо.
Узунқулоқ гапларга қараганда, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи, “зам” генпрокурор Шамсиддин Соҳибназаров лавозимидан бўшаш учун ариза ёзган.
У ушбу лавозимда 2023 йилнинг октябридан бери ишлаб келаётганди. Соҳибназаров бу мансабга кўчадан кириб келмаган, жорий йил бошида имзоланган Президент фармони билан тайинланган.
Шунингдек, Бош прокуратуранинг бошқа мансабдорлари ҳам ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзгани айтилмоқда. Аммо бу хабар ҳам ҳозиргача расман тасдиқлангани йўқ. Хўш, улар кимлар?
17-бошқарма, яъни Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда қонунчилик ижрочи устидан назорат бошқармаси бошлиғи;
18-бошқарма – Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи;
21-бошқарма – Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи.
Шунингдек, QALAMPIR.UZ манбасига кўра, Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Ўрмонов ҳам лавозимидан "учган" бўлиши мумкин.
Қозоғистонда турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбланаётган собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев устидан суд бўлиб ўтмоқда.
Ижтимоий тармоқларда марҳума Салтанат Нукенованинг оиласини қўллаб-қувватлаш мақсадида #Салтанатучун дея флешмоб ўтказилмоқда. Ушбу флешмобни Ўзбекистонда ва бошқа Марказий Осиё давлатларида ҳам қўллаётганлар бор.
Фожиа “Астана Бау” ресторанида 2023 йил 9 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган. Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев хотини Салтанат Нукеновани калтаклаб ўлдирган.
Шу куни Бишимбаев ҳибсга олинди ва унга 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Агар тергов унинг қотилликни алоҳида шафқатсизлик билан содир этганини исботласа, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Терговни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев шахсий назоратига олган.
Қозоғистонда оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортувчи қонун қабул қилиниши арафасида, суд жараёни илк бор жонли эфирда намойиш этилди. Қозоғистонда оилавий зўравонликка оид яна бир хабаримиз бор, бунга бироздан кейин тўхталамиз.
Жорий йилнинг март ойи бошида Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлаган Мерей Омонбоева курсисига ўтирганидан бир ой ўтар-ўтмас унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қайд этилишича, Омонбоева фирибгарлик жиноятини содир этишда гумонланмоқда. У Навоий шаҳар ҳокими орқали ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, қурувчи тадбиркордан катта миқдорда пул олгани айтиляпти.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28,211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
QALAMPIR.UZ воқеага аниқлик киритиш мақсадида Омонбоева билан боғланди. Унинг айтишича, қандайдир тушунмовчилик содир бўлган. У ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, қурувчи тадбиркордан катта миқдорда пул олгани ҳақидаги гапларни туҳмат деб ҳисоблашини билдирди.
“Раҳбар бўлиб ишлаш қийин. Ҳали мен учун бунақа зарбалар кўп бўлса керак. Мен ҳаммаси билан курашаман. Мен Президентга ваъда берганман. Мен ҳеч нарсадан қайтмайман, фақат халқ учун, давлат учун хизмат қиламан”, деди Мерей Омонбоева QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.
Хўш, Мерей ўзи ким? У 2021 йилнинг август ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи давомида ўтказилган тадбирда сўзга чиқиб, Президентнинг вилоятга келганидан “дух” олганини айтган қиз. Унга Президент совғаси сифатида автомобиль ҳадя қилинган. Мана, ўша видео.
Аслида Мерейнинг бундай юқори лавозимга тайинланиши ҳам анча тасодифий. У Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи курсисини эгаллагунга қадар оддийгина маҳаллада ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаган, холос.
Грузия парламентининг мухолифатдаги “Фуқаролар” партияси аъзоси Александр Элисашвили хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида “Грузия орзуси – Демократик Грузия” ҳукмрон партияси ижрочи котиби, парламентдаги кўпчилик етакчиси Мамука Мдинарадзе билан муштлашиб кетди.
Бу вақтда йиғилиш қонун чиқарувчи орган сайтида жонли эфирда намойиш этилаётганди.
Мдинарадзе қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиққан парламентнинг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси йиғилишида депутатлар саволларига жавоб бераётганди. Тўсатдан Элисашвили унинг олдига югуриб келиб, қўли билан бошига урди. Жанжалга бошқа депутатлар ҳам қўшилди. Қўмита мажлиси тўхтатилди. Қўриқчилар Элисашвилини мажлислар залидан олиб чиқиб кетди.
Грузиянинг ҳукмрон партияси апрель ойи бошида “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламентга қайта киритиш тўғрисидаги қарорини шу каби ташаббус оммавий норозиликларга сабаб бўлганидан бир йил ўтиб эълон қилди. Қонун лойиҳаси матнида 2023 йилдаги каби, “хорижий таъсир агенти” атамаси ўрнига "хорижий кучнинг манфаатларини кўзлайдиган ташкилот" тушунчаси ишлатилган.
Грузия парламентининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлагач, Тбилисидаги парламент биноси ёнида норозилик намойишлари бошланди. Намойишлар қарама-қаршилик ва ҳибсга олишлар билан авж олди.
Намойишлар ва қаршиликларга қарамай, Парламент “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Ҳужжатни қабул қилиш учун 83 депутат овоз берди, бирортаси ҳам қарши овоз бермади. Овоз беришда фақат парламентдаги кўпчилик вакиллари иштирок этган. Мухолифатдаги партиялар вакиллари жараёнда қатнашмаган.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида парламент раиси Шалва Папуашвили мухолифатдан бўлган 4 депутатни залдан чиқариб юборган.
Қонунга мухолифат, Президент Саломе Зурабишвили, шунингдек, дипломатик корпус, жумладан, ЕИнинг Грузиядаги миссияси ва АҚШ элчихонаси қарши чиқди. Ташаббус мухолифларига кўра, қонун лойиҳаси Грузиянинг Европа Иттифоқига интеграциялашувига тўсқинлик қилади.
Қонун қабул қилинганидан кейин намойишлар янада кучайди. Намойишчилар ва қонунга қарши чиқаётганлар мамлакатнинг яна совет даврига қайтаётгани, Путин Россиясидаги сиёсат қўлланаётганидан норози. Чунки бунгача шундай қонун Украинага давом этаётган ҳужум ва мамлакатдаги ички норозилик фонида Россияда ҳам қабул қилинган эди. Апрель ойи бошида эса Қирғизистон ҳам Россиянинг этагидан тутиб шундай қонунни қабул қилди. Қўшни Қозоғистонда эса 2023 йилнинг сентябрь ойида “хорижий агентлар” реестри тузилиб, унга 240 жисмоний ва юридик шахс, жумладан, ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ҳамда хорижий компаниялар ваколатхоналари киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Аэронавтика Федерацияси раиси ўринбосари, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов 13 апрель куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Депутатнинг нима учун қўлга олингани ва ушлаб турилгани ҳозирча номаълум. Ҳуқуқ-тартибот органлари расмий муносабат бергани йўқ.
Бироқ, “Сукут сақлама” лойиҳасининг маълум қилишича, Зайнитдинов Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган.
"Жиноят қурбони 14 ёшли ўсмир бўлиб, унинг ота-онаси жиноят ҳақида ички ишлар органларига хабар берган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг тасдиқлашича, депутатга ушбу модда бўйича жиноий иш қўзғатилган", дейилади хабарда.
Муқаддам Нуриддин Зайнитдинов бир неча бор ўзига қарши "провокация " ва босимлар уюштирилаётгани ҳақида баёнот берган.
“Сиёсий буюртма” билан менга қарши депутатлик фаолиятим учун провокациялар уюштирилаётгани ва менга босим ўтказилаётгани, мени обрўсизлантириш, номимни булғашга уринишлар менга ишонган ва мени сайлаган халққа нисбатан қилинган хиёнатдир”, деган депутат ўшанда.
17 апрель куни Россия тинчликпарвар кучлари Озарбайжон томонидан қайта эгалланган Қорабоғ ҳудудидан чиқиб кета бошлади.
Айрим Озарбайжон нашрларининг ёзишича, ушбу жараён 16 апрелдан бошланган. Аслида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия давлат раҳбари Владимир Путиннинг 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама келишувига асосан ушбу контингент 2025 йилгача минтақада қолиши керак эди. Бироқ Путин келишувлар қайта кўриб чиқилишини хоҳлаган.
Ижтимоий тармоқда сиздирилган тасдиқланмаган кадрларда Шимолий Кавказ ҳудудидан Россия байроғи остидаги ҳарбий машиналар карвони ҳаракатланаётгани кўрсатилган. Нашрлар қўшинлар кўчирилишини уларга зарурат қолмаганлиги билан изоҳлаган.
Россия тинчликпарвар кучлари Қорабоғ ҳудудига 2020 йил ноябрь ойида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида юзага келган кескинликдан сўнг жойлаштирилган эди. Ўша пайтда рус контингенти ҳажми 2000 нафарга яқин ҳарбий хизматчи ва 90 та зирҳли транспорт воситасидан иборат бўлгани маълум қилинган.
2023 йил сентябрида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни тўла эгаллаш учун махсус операция ўтказди. Оқибатда пойтахти Степанакерт бўлган тан олинмаган республика Баку қўлига ўтди. Унда яшаётган 100 мингга яқин этник арманлар Арманистонга кўчиб кетди ва Россиянинг кимнидир, ниманидир қўриқлашига зарурат қолмади. АҚШ эса Россия контингентининг чиқиб кетишини муваффақиятсизлик деб атади.
Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга тарихий ташрифни амалга оширди. Бу ташрифни тарихий деб атаётганимизнинг ўзига хос қатор сабаблари бор, уларга биргаликда тўхталамиз.
Биринчидан, Мирзиёев Душанбе аэропортининг ўзидаёқ катта тантана, ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинди. Уни қарши олиш учун аэропортга Президент Имомали Раҳмоннинг ўзи чиқди. Кутиб олиш маросими расмий тарзда “Қасри Миллат” қароргоҳида давом этди.
Президентлар ўртасидаги мулоқот тор доирадаги учрашувдан бошланди. Унда давлат раҳбарлари Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга келишиб олган.
Навбат расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибдаги учрашувга.
Унда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда яқин алоқаларни давом эттириш, Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги айтилди.
Учрашувда сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш соҳасида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик ифода этилгани очиқланди.
Олий даражадаги музокаралар якунида Президентлар Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади.
Ташриф давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олувчи 28 та ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси янги биноси очилди.
Президентлар халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун икки мамлакат маданият ва санъат арбобларининг бир гуруҳига фахрий унвонларни топширди.
Ҳа дарвоқе, Ўзбекистон Президенти Тожикистонда бўлиб турган бир пайтда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров ҳам Қозоғистонга борди ва тадбирлар сценарийси деярли фарқ қилгани йўқ. Фақат Тўқаев ва Жапаров стратегик шериклик ё иттифоқчиликка оид ҳужжатларни имзолагани йўқ. Тўқаев Жапаровнинг қўлини бўш қайтаргани йўқ, уни мамлакатнинг “Дўстлик” ордени билан мукофотлади. Бу Қирғизистон тарихидаги Президентларнинг биринчи марта мукофотланиши эмас. Бунгача собиқ президент Алмазбек Атамбоев ҳам 2014 йилда Қозоғистоннинг “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Лавозимидан қувилган собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ҳам 2019 йилда “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Миллат етакчиси Нурсултон Назарбоев” орденига лойиқ кўрилганди. Назарбоевнинг собиқ қудаси, Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев ҳам 2001 йилда Қозоғистоннинг “Дўстлик” орденига лойиқ кўрилган эди. Хуллас, Жапаров Қозоғистонда мукофот олаётган биринчи Қирғиз Президенти эмас.
Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорлари яна биттага кўпайди. Навбатдаги мамлакат анчайин бой. У – Қатар. Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон ва Қатар икки томонлама стратегик шериклик шартномасини имзолади.
Тошкентда ўтган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти Ташқи ишлар вазирларининг 2-йиғилиши доирасида учрашувда бир қатор ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Ҳужжатни Қатар Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жасим Ол Соний ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов имзолаган.
АҚШ 40 йилдан буён қўйнида илон сақлаб келгани маълум бўлди. Қўшма Штатларнинг Боливиядаги собиқ элчиси Мануэль Рочани Куба фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
2000 йилдан 2002 йилгача АҚШнинг Боливиядаги элчиси бўлиб ишлаган Виктор Мануэль Роча ноқонуний хорижий агент сифатида ишлаганлик учун икки банд бўйича айбини тан олган. Унга биринчи айбловлар ўтган йилнинг декабрида қўйилган эди.
АҚШ прокурорларининг даъвосича, 73 ёшли Роча Кубанинг ҳукмрон Коммунистик партиясини яширинча қўллаб-қувватлаган ва мамлакатга 40 йилдан ортиқ вақт, жумладан, АҚШ Давлат департаментидаги 20 йиллик фаолияти давомида Вашингтонга қарши разведка маълумотларини тўплашда ёрдам берган.
Роча Куба учун ўнлаб йиллар давомида ишлаганини тан олди. У 2022 ва 2023 йилларда ўзини Куба ташқи разведка хизмати вакили сифатида кўрсатган Федерал тергов бюроси махфий агенти билан бир қатор учрашувлар чоғида фош қилинишдан қочиш қобилияти билан мақтанган.
Қозоғистонда вазир турмуш ўртоғининг қотилига айлангани билан боғлиқ воқеа бутун дунё диққат марказида турган бир пайтда мамлакатда “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлашга доир ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун билан қасддан соғлиққа енгил, ўрта ва оғир даражада шикаст етказиш, шунингдек, калтаклаш учун жиноий жавобгарликка тортиш каби нормалар, хусусан, жарималар, жамоат ишлари ва 50 суткагача қамоқ шаклидаги жазолар жорий этилмоқда.
Эндиликда 16 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан қотиллик, зўрлаш ёки жинсий тажовузда айбдор деб топилган шахслар енгилроқ жазо қўллаш ҳуқуқисиз умрбод озодликдан маҳрум қилинади. Вояга етмаганларни қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилганлик учун – 5 йилдан 10 йилгача, вояга етмаганларни ўғирлаганлик учун – 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Шунингдек, буллинг, кибербуллинг кабилар учун маъмурий жазо киритилди.
Қирғизистон парламенти эса 16 ёшдан ошган педофилларга умрбод қамоқ жазоси берилишига рухсат берди.
Ушбу нормани назарда тутувчи қонуннинг қабул қилинишига Қирғизистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари бир неча баробар ортгани сабаб бўлган.
Депутатларнинг фикрича, амалиёт шуни кўрсатадики, жазони ўташдан озод этилган кўплаб маҳкумлар жиноят содир этилган пайтдаги ёшига қарамай, илгари судланган бўлган жиноятларини қайта содир этади.
Энди депутатлар томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси кучга кириши учун у мамлакат Президенти томонидан имзоланиши керак.
Қирғизистон Жиноят кодексига жинсий жиноятлар учун жазони кучайтиришга қаратилган ўзгартишларни биринчи марта киритаётгани йўқ. Жорий йилнинг январь ойида давлат раҳбари зўрлаш бўйича ишларни томонлар жиноят содир этгандан сўнг, шунингдек, даъво муддати ўтганидан кейин тугатиш мумкин бўлмаган қоидани тасдиқлаган.
Шу билан бирга, Жогорку Кенеш бир неча бор педофиллар учун ўлим жазосини қўллаш тарафдори бўлган. Масалан, 2022 йилда Қирғизистон депутатларининг учдан икки қисми Жиноят кодексига ўлим жазоси бўйича тегишли ўзгартиришлар киритиш учун овоз берган, бироқ қонун лойиҳаси республика Конституцияси нормаларига мос келмаслиги сабабли олдинга силжимаган.
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани "Дарғом" каналидан 4 ёшли қиз ва 1 ёшли боланинг жасади топилди.
Гап шундаки, 15 апрель куни Ургут туманида яшовчи фуқаро Ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳрида яшовчи келини икки боласи билан уйдан номаълум томонга чиқиб кетганини айтган. 16 апрель куни Дарғом каналининг Тойлоқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан 4 ёшли қизалоқ ва 1 ёшли ўғил боланинг жасади топилган. Кейинроқ аёлнинг жасади ҳам топилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Энди ўқувчилар хорижий давлатга чиқишидан олдин мактаб директорининг розилигини олиш талаб этилиши мумкин.
Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг "Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруққа ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги ҳужжат лойиҳасида келтирилган.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, эндиликда ота-оналар фарзанди билан бирга қайси хорижий давлатга кетиш сабабларини ва хорижда қолиш муддатини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат этиши белгиланмоқда.
Ариза мактаб директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқувчи вақтинча хорижий давлатга кетаётганлиги ҳақида ҳамда синф раҳбари ва фан ўқитувчиларини хабардор қилиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади.
Мактаб директори ҳар йили 25 майга қадар ўқув йили давомида мактабни хабардор қилмасдан хорижий давлатга чиқиб кетиб камида уч ойдан ортиқ муддатда узлуксиз дарс машғулотларига қатнашмаган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотларни Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига киритади.
Мазкур ўқувчилар Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси розилиги билан ўқувчилар сафидан чиқарилади.
Гапни Лоладан бошлагандик. Охирига етказиб қўяйликки, мавзу очиқ қолмасин.
“Ўзбекконцерт” хонанданинг лицензиясини олмаган. Шунчаки унга лицензия талаблари орасида кийиниш маданияти ҳам борлигини эслатиб қўйганини айтиб чиқди. Яхшими ё ёмонми бундай эслатмалар керакдек. Ҳар ҳолда гап маданият ва миллий қиёфа, миллат қиёфаси ҳақида кетмоқда. Саҳнага чиққан киши кийингани, лекин кийинмагандек таассурот уйғотиб турса, яна бошқа блогер ўзбек халқини итнинг кейинги оёғи деса, бошқаси бир косметолог деганлари ўзбек халқини энг маданиятсизга чиқарса.... Лолага-ку тушунтирилибди, лекин анави блогерларнинг ёқасидан оладиган, нима деяпсан ўзи деб, чора кўрадиганлар борми? Ит қутурса эгасини қопади ё ўзингники ўзагингни қирқар, деб шуни айтишса керак-да. Лекин яна бир гап бор: халқ тупурса тагида қоласиз. Саломат бўлинг.
LiveБарчаси