Ўзбекистон жиноий тўдалар мамалакатими? Аброр Мухтор Алийнинг “Саидазиз медгородок” билан қандай алоқаси бўлган? – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

2023 йилда Ўзбекистонда вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этган. Шундан 2 минг 280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади. Бугуннинг болалари ёнида қурол олиб юришга қўрқмаяпти. Уларни олимлар, жамиятда ўз ўрнини топган шахслар эмас, криминал авторитетларнинг юриш-туриши ва “шонли” ҳаёти кўпроқ ўзига маҳлиё қиляпти. Болалар ўртасидаги жиноятчилик ҳақида гап кетганда охири ўлим билан тугаганларини-ку айтмаса ҳам бўлади? Ўзбекистон қачондан жиноятчи болалар мамлакати бўлиб қолди. Кулсангиз ҳам айтаман, маҳалла қаерга қараяпти? Ота-онанинг кўзи қаерда? 

Аброр Мухтой Алий нега қамалди?

Жорий йилнинг 6 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани суди қарори билан диний блогер Аброр Мухтор Алий 15 сутка қамоққа олинди. 

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, 6 февраль куни Аброр Мухтор Алий Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигига ўз иши билан борган ва шу ерда бошқа бир фуқаро билан жаҳл устида бақир-чақир қилиб, жанжал кўтарган. Сўнг ички ишлар органлари ходимлари вазиятга аралашган, бироқ улар ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармасдан, оммани ўзига жалб қилиб, ички ишлар ходимларига нисбатан сохта уйдирмаларни тарқатган.

Ўша куннинг ўзида бўлиб ўтган суд мажлисида иккала судланувчи ҳам айбига иқрор эканини билдирган. Аброр Мухтор Алий Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчини бажаришига қаршилик кўрсатиш)да ифода қилинган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилган.

Суд қарорига кўра, уларнинг ҳар иккаласига 340 минг сўм миқдоридаги жарима ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, суд уларнинг оилавий шароитини инобатга олиб, судланувчиларни қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлардан озод қилган.

Ижтимоий тармоқларда эса Аброр Мухтор Алийнинг ҳибсга олиниши ҳафта воқеасига айланди ва у ўз ортидан кўплаб миш-мишларни келтириб чиқарди. Кимдир блогернинг қамоққа олинишига хонанда Муниса Ризаева билан ўртасида чиққан келишмовчиликлар сабаб бўлганини айтса, яна яна бошқа биров тармоқда Аброр Мухтор Алий яқинда “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида фирибгарлик айблови билан қўлга олинган Саидазиз Саидалиев (“Саидазиз медгородок”) билан яқин бўлгани, қонга қон, жонга жонг эканини айтиши ортидан муаммоларга дуч келганини ёзмоқда.

Ўзбекистоннинг собиқ бош вазири ўлик ҳолда топилди

Жорий йилнинг 2 февраль куни 1999 йилдан 2004 йилгача Ўзбекистон бош вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган Валерий Атаев 75 ёшида Москвада вафот этди. Бироқ уйидан ўлик ҳолда топилган Атаевнинг вафоти ҳақидаги хабар тугаётган ҳафта бошида ОАВга етиб келди. Дастлабки маълумотларга кўра, у табиий сабаблар билан вафот этган, бироқ полиция томонидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

У 1993 йилдан 1999 йилгача Ўзбекистон Энергетика ва электрификация вазири, 1999 йилдан 2004 йилгача Бош вазир ўринбосари – Ёқилғи-энергетика комплекси раҳбари лавозимида фаолият юритган. 

Атаев Ўткир Султоновдан сўнг Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги бошланганидан бир йил ўтиб, яъни 2004  йилда нафақага чиққан. Интернетда ҳам шу йилдан сўнг унинг ҳаётига оид маълумотлар топилмади. Аммо 2009 йилга келиб, у Москвага жўнаб кетган ва собиқ амалдорнинг ҳаётидаги ҳамма машмашалар шундан кейин бошланган. 

Гап шундаки, у кетгач, Ўзбекистонда унга қарши Жиноят кодексининг ўғрилик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича жиноий иш очилган. 2015 йилда у Москвада ҳибсга олинган, аммо дарров қўйиб юборилган. Собиқ вазир аллақачон Россия фуқаролигини олгани, шу боис Москва уни Ўзбекистонга экстрадиция қилмагани маълум бўлган. 

Валерий Атаевнинг ўзи эса айбсизлигини айтиб, Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечиб, Россия фуқаролигини қабул қилганидан кейин ватанида таъқибга учраганини иддао қилган.

Атаев Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудларида қидирувга берилган. Қидирув эълонларида келтирилишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 167- моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Масалан, унинг Фарғона, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида қидирувга берилгани ҳақидаги маълумотларни шу вилоятларнинг Ички ишлар бошқармалари расмий сайтларидан топиш мумкин. 

“Бахти Ташкентский”га 15 йилдан 20 йилгача қамалиши мумкин

Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевга янги айблов қўйилди. Аввалига Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан ушланган Бахтиёр Қудратуллаевга жиноят кодексининг 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) бўйича ҳам айблов эълон қилинган. Қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси эса ўзгаришсиз қолдирилган.

Агар Бахтиёр Қудратуллаевга қўйилган қўшимча айблов ўз исботини топса, у 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бахтиёр Қудратуллаев 2023 йилнинг 28 ноябрь куни соат 21:45 ларда Тошкент шаҳар, Яккасарой туманидаги уйидан ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилганди. У жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, у ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.

Суд ажримига кўра, Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.

Қайд этиш ўринлики, Тошкентдаги тадбирларда Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғли 27 яшар Ихтиёр Қудратуллаев ҳам қўлга олинган. У Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми билан айбланмоқда.

Шунингдек, ҳибсланганлар орасидаги 1994 йилда туғилган Бегзод Бахтиёрович Зафаров ҳам бор. У “Бахти Ташкентский”нинг ўғли экани айтилади. У ҳам Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан айбланмоқда.

Қирол оғир дардга чалинди

Британия Қироли Чарльз III да саратон аниқланди. Ўтган ҳафта простата бези ортидан жарроҳлик операциясини бошдан кечирган 75 яшар монархни операция қилган шифокорлар айни вақтда унда саратон кечаётганини пайқаган. 

Ҳафта бошида Қирол даволанишни бошлади, муолажалар давомида шифокорлар унга давлат вазифаларини кечиктиришни тавсия қилди. Бироқ Қирол давлат ишлари билан шуғулланишда давом этади ва одатдагидек ҳужжатлар билан ишлайди. 

Ташхис қўйилган саратон тури номланмаган. Бироқ, Британия матбуоти хабарларига кўра, бу простата саратони эмас ва Қирол амбулатор шароитда даволанади. 

Саратон қироллик оиласига бегона эмас. Бу касаллик қон суриб, авлоддан авлодга ўтяпти, десак муболаға бўлмайди. Қироли Чарльз III нинг онаси томонидан бобоси, Елизавета II нинг отаси Георг VI ҳам саратон сабаб 56 ёшида вафот этган эди. 

Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Буюк Британия Қироли Чарльз III нинг саратонга чалинганидан хабар топгач, унга мактуб ёзиб, Қиролга тезроқ соғайиб кетишини тилади. 

“Толибон” Ўзбекистонга янги элчи юборди

Афғонистонда ҳокимиятни қўлига олган “Толибон” муваққат ҳукумати Афғонистон Ислом Республикаси даврида Ўзбекистонда очилган элчихонага янги элчи тайинлади. “Толибон”нинг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг жорий ҳафтада маълум қилишича, 2 февралдан буён Тошкентдаги элчихонани Муғфуруллоҳ Шаҳоб бошқармоқда. 

Муғфуруллоҳ Шаҳоб бу лавозимда Президент Ашраф Ғани даврида элчиликка тайинланган Аҳмад Холид Илмий ўрнини эгаллади. 

У де-факто вазифаларни ўз зиммасига олган, де-юре дипломат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ишонч ёрлиқларини қабул қилганидан кейин элчихонага раҳбарлик қилади. Энди савол туғилади: Мирзиёев янги элчини қабул қиладими? Агар қабул қилса бу Ўзбекистоннинг “Толибон” ҳукуматини ва у қурган янги давлатни тан олишини англатадими? 

Гап шундаки, жорий йилнинг январь ойи охирида Афғонистоннинг Хитойдаги янги элчиси миссияси расман бошланди. Хитой раҳбари Си Цзиньпин “Толибон” томонидан тайинланган дипломатнинг ишонч ёрлиғини қабул қилди.

Шундай қилиб, Хитой дунёда “Толибон” ҳукумати билан элчи даражасида алоқалар ўрнатган биринчи давлат бўлди. 

Тошкентга тайинланган янги элчи Муғфуруллоҳ Шаҳоб “Толибон” муваққат ҳукумати Тоғ-кон вазирининг ўғли ҳисобланади. 

Отабек Сатторий озодликка чиқди

Ўзбекистонда шу ҳафтанинг ўзида диний блогер Аброр Мухтой Алий қамалган бўлса, блогер Отабек Сатторий озод этилди. 

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 май кунидаги ҳукми, Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 15 июлдаги ажрими ва Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2022 йил 5 апрелдаги ажрими ўзгартирилиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига тайинланган Отабек Сатторийнинг судга киритган илтимосномаси кўриб чиқилган ва қаноатлантирилган. 

Шу тариқа суднинг ажрими билан Отабек Сатторий 2024 йил февраль ойининг 5 кунига қадар ўталмай қолган 2 йил 11 ой 25 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 74-моддаси (жазони енгилроғи билан алмаштириш) 3-қисми “в” бандига асосан ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади фойдасига ундирилиши белгиланди.

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилганди. Унга 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Шунингдек, блогернинг қамалишидан сўнг “Human Rights Watch” халқаро ташкилоти Сатторийнинг қамалишини мамлакатдаги сўз эркинлигига зарба, деб баҳолаганди. 

Лукашенко Ўзбекистонга меҳмонга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳафтадаги фаолияти унинг норасмий учрашувлари билан ёдда қолди. Меҳмон эса Беларусдан Александр Лукашенко. 

30 йилдан буён Беларусни бошқариб келаётган Лукашенко билан президентлик муддатида уч декадани тўлдиргани бўйича фақат Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон беллаша олади. 

Хуллас, Лукашенко Тошкентга 7 февраль куни етиб келди. Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев хоккей ихлосанди бўлган Лукашенкони шу куннинг ўзида “Humo Arena” мажмуасига хоккей томоша қилгани олиб борди. 

Мирзиёев ва Лукашенко Тошкентнинг “Ҳумо” ва Остонанинг “Номад” хоккей жамоалари ўртасидаги учрашувни томоша қилган. Ўйин якунида олий мартабали меҳмонларга уларнинг исмлари туширилган хоккей кийими топширилган.

7 февраль куни Озарбайжондаги президентлик сайловларида Илҳом Алиев 92,12 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг меҳмони Александр Лукашенко шу куннинг ўзида Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, уни табриклаган. 

8 февраль куни Мирзиёев ва Лукашенко раҳбарлигида ўтган учрашувлар якунлари бўйича 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланган. 

9 февраль куни Ўзбекистон Президенти Лукашенкони “Амирсой”га олиб борди. Улар бу ерда чанғи учгани акс этган суратлар эълон қилинди. 

“Тошшаҳартрансхизмат” раиси қамалди

Жорий йилнинг 29 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси Анвар Жўраевга “ҳайфсан” эълон қилиниб, охирги огоҳлантириш берилган эди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас манбсадор қамоққа олинди. 

Маълумотларга кўра, Бош прокурор ўринбосари Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судига Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган Анвар Жўраевга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома киритган.  

7 февраль куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ажрими билан Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи Анвар Жўраевга нисбатан “қамоққа” олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Президент ўтказган йиғилишда “ҳайфсан” ва сўнгги огоҳлантиришни олган яна уч киши – Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олимжон Саидов фаолиятини давом эттирмоқда. 

Британия ва ЕХҲТ Озарбайжондаги сайловга ишончсизлик билдирди

Юқорида айтганимиздек, жорий йилнинг 7 февраль куни Озарбайжонда навбатдан ташқари президент сайлови бўлиб ўтди ва унда яна 21 йилдан буён амалда қолаётган давлат раҳбари Илҳом Алиев ғалаба қилгани айтилди. Британия Ташқи ишлар вазирлиги эса Озарбайжондаги президентлик сайловларида қайд этилган жиддий қонунбузарликлар ҳақида маълумот берди. Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, бу хавотирга сабаб бўлмоқда. 

“Биз Озарбайжон Марказий сайлов қўмитаси томонидан сайловлар билан боғлиқ келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиши, сайловлар тинч ўтгани ва ички кўчирилган аҳолининг тарихий яшаш жойларида овоз беришига имкон берувчи экспертлар гуруҳи ташкил этилишини олқишлаймиз. Шу билан бирга, биз ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг бир қатор масалалар, жумладан сайловларнинг чекловлар шароитида ўтказилиши ва реал сиёсий муқобилларнинг йўқлиги юзасидан баёнотидан хавотирдамиз. Жиддий ҳуқуқбузарликлар қайд этилди, уларнинг баъзилари бир қатор инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тасдиқловчи 1990 йилдаги Копенгаген ҳужжати қоидаларига зиддир”, дейилади ҳужжатда.

Лондон, шунингдек, Озарбайжон қироллик учун муҳим ҳамкор экани ва Буюк Британия мамлакатдаги сайлов тизими ва демократик жараёнларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган. 

ЕХҲТ ўз ҳисоботида сайлов бюллетенларини тўлдириш белгилари ва бир нечта овоз беришнинг олдини олиш чоралари кўрилмаганини қайд этган.

“Бу бюллетенлар адолатли ҳисобланганми деган жиддий саволлар туғдирди. Сайловларга тайёргарлик самарали ва профессионал тарзда ўтган бўлса-да, уларда чинакам плюрализм йўқ эди ва танқидий овозлар доимо бостирилди”, дейилади ЕХҲТ баёнотида.

Ташкилотнинг қайд этишича, Алиевга қарши курашаётган олти номзоднинг ҳеч бири унинг сиёсатига жиддий қаршилик кўрсатмаган. Озарбайжоннинг икки асосий мухолиф партияси сайловларни бойкот қилди.

Путин америкалик журналистга интервью берди

Россия Президенти Владимир Путин америкалик журналист Такер Карлсонга интервью берди. У Украинадаги вазиятни музокаралар йўли билан ҳал қилишни исташини айтди.

2022 йилда Украина билан музокаралар деярли якунланган, бироқ Киев барча келишувларни бекор қилган.

“Музокаралар ўзининг юқори босқичига чиқди, бироқ улар деярли тўхтаб қолди. Шунга қарамай, биз Киевдан қўшинларни олиб чиққанимиздан сўнг, юқорида айтганимдек, бошқа томон, Украина бу келишувларни бекор қилди ва Ғарб давлатлари – Европа ҳамда АҚШнинг Россия билан охиригача курашиш ҳақидаги кўрсатмасига қулоқ солди", дейди Россия раҳбари.

Путиннинг фикрича, Украина расмийлари Вашингтон истаги билан музокаралардан бош тортган. У буни нотўғри қарор деб ҳисоблайди.

“Улар Вашингтоннинг тавсияси нотўғрилигини тушунган бўлса, ундан воз кечсин, ҳеч кимни ранжитмайдиган бирор баҳона топсин. Улар хатога йўл қўйди, энди тўғрилашсин. Биз бунинг тарафдоримиз”, дейди у.

Россия раҳбарига кўра, Москва Украинадаги мақсадларига ҳали эриша олмаган. Унинг айтишича, мақсадлардан бири денасификация ва бу неонацистларнинг барча ҳаракатларини тақиқлашни англатади. Такер Россия Президентидан ўзи назорат қилмайдиган мамлакатда (Украинада) қандай қилиб мафкура, маданият, баъзи ҳис-туйғуларни, тарихни юлиб ташлаши мумкинлигини сўраган. Бунга жавобан Путин Истанбулдаги музокаралар чоғида Украинада неонацизм ўстирилмайди, деган келишувга эришилганини ва у ерда қонунчилик даражасида тақиқланишини айтган. Путин Зеленскийнинг отасига ўхшамаганини танқид қилди. 

“Унинг отаси Иккинчи жаҳон уруши пайтида фашистларга қарши курашган, мен у билан бу ҳақда бир марта гаплашганман: “Володя, нима қиляпсан? Нима учун бир пайтлари отанг фашизмга қарши курашган бўла туриб, айни пайтда Украинадаги неонацистлар (Иккинчи жаҳон урушидан кейинги миллатчилик ва ирқчилик билан боғлиқ ижтимоий ва сиёсий ҳаракатлар тарафдорлари)ни қўллаб-қувватлаяпсан?” деб сўрадим ундан. У нима деб жавоб берганини айтмайман, бу алоҳида масала”, деган Путин.

Умрага кетганлар қайтолмай қолиб кетди

Ўзбекистонда фаолият юритаётган ва асосан Умра сафарига рейсларни ташкил этиши ортидан тилга тушган “Panorama airways” хусусий авиакомпанияси мансабдори қамоққа олинди. 

Бунга авиакомпания атрофидаги сўнгги воқеалар, хусусан Умра сафарига юборилган йўловчиларнинг қайтиб келолмаётгани, Саудия Арабистонида қолиб кетгани, белгиланган рейслар ўз вақтида амалга оширилмагани сабаб бўлган. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Транспорт прокуратураси томонидан ўзбекистонликларни Умра сафаридан қайтариш чораларини кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авикомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Аммо Бош прокуратура воизи гап айнан ким ва қайси авиакомпания ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган. 

Унинг қайд этишича, жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.

“Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди”, дейди Шамсутдинов. 

Гап шундаки, ҳафта бошида ижтимоий тармоқларда Умрага йўл олган кўплаб ўзбекистонликлар Саудия Арабистонида қолиб кетгани, рейслар белгиланган муддатда амалга оширилмагани ҳақида хабарлар тарқалди. Умра сафарининг тур хизматларини ташкил этиш билан “Gulbahor airways” тур оператори, рейсларни ташкил этиш билан “Panorama airways” авиакомпанияси шуғулланган. 

Рейслар бекор қилиниши ортидан “Gulbahor airways” тур оператори Саудия Арабистонида қолиб кетган зиёратчиларнинг яшаш ва овқатланишини бепул ташкил этгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Бироқ яна бир маълумотга кўра, “Gulbahor airways” ва “Panorama airways”нинг раҳбарлари ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжуд. 

Ҳолат бўйича QALAMPIR.UZ билан гаплашган бир нечта туристик компания вакиллари орасида айнан “Panorama airways” авиакомпанияси билан шартнома тузган ва авиақатновлар ўз вақтида амалга оширилмагани учун шартномани бекор қилганлар бор. 

Тўқаев Ҳукуматни истеъфога чиқарди

Тугаётган ҳафтада Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2022 йилда содир бўлган “қонли январь” воқеалари фонида ҳокимият тепасига келган Алихон Смаилов бошчилигидаги республика ҳукуматини истеъфога чиқарди. 

Орадан кўп ўтмай, Тўқаев Президент Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаб келаётган Олжас Абаевич Бектеновни Қозоғистон Республикаси Бош вазири этиб тайинлаш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. 

Январь воқеалари даврида Президент Администрацияси бошқарувчиси лавозимига тайинланган Ойбек Дадебоев эса Администрация раҳбари курсисини эгаллади. 

Президент Тўқаевнинг бош соқчиси Чингиз Аринов энди Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқаради. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистон Республикасининг янги Бош вазири Олжас Бектенов билан телефон орқали мулоқот ўтказди ва уни Ҳукумат раиси лавозимига тайинлангани билан табриклади. Телефон орқали табрик етмагандек, алоҳида телеграмма ҳам юборилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг