“Давлат раҳбари билан 24 соат боғланиш ҳуқуқи”. Сингапурда коррупцияга қарши курашувчи “қаҳрамон орган”
Таҳлил
−
30 Январь 2020
1173324 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев янги шаклланган Парламентга мурожаат йўллади. Давлат раҳбари ўз нутқида ҳозирги кундаги кўплаб муаммоларга эътиборни қаратди. Шундай муаммолардан энг хавфлиси коррупциядир.
Давлат раҳбари нутқида яқин истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритди. Прописка бўйича ислоҳот, пахта-ғаллага давлат буюртмаси ва коррупцияга қарши курашувчи махсус орган тузилиши айтилди. Бундай орган коррупцияни йўқотиш ёки максимал даражада камайтириш билан ўрнак бўлган дея айтилувчи Сингапур давлатида қандай шаклда ташкил этилган? Келинг, Ли Куан Ю ҳокимиятига бўйсунувчи ташкилот ҳақида қисқача сўз юритсак.
Бюро ва унинг қонуний асоси
Коррупция ҳолатларини тергов қилиш Бюросининг фаолиятини тартибга солишда қонуний асос катта роль ўйнади. Даставвал бу органга Сингапур устидан Британия колонияси ҳукмронлиги давридаёқ, 1952 йили асос солинган эди. Сўнгра, 1960 йили “Коррупцияни олдини олиш тўғрисида”ги Қонун кучга киради. Қонунда Бюрога кўплаб ваколатлар беради. Содда тилда айтганда, Бюро “янгиланди”.
Сингапур ҳукумати махсус ташкилотда ҳуқуқни қўллашнинг эффектив асослари бўлмас экан ундан фойда йўқ деган хулосага келди. Шу сабабли, Қонун Бюрога универсал характердаги ваколатларни тақдим этди. Бюро ўз фаолиятида асосан коррупция ҳолати аниқланган ишларда тергов қилишни амалга оширган.
Бюронинг функциялари
Ушбу Бюро фаолияти бўйича тўғридан-тўғри амалга оширувчи функциялари мавжуд бўлган. Бюро функциялари:
• коррупция билан ҳолатлар бўйича фуқаролар шикоят ва мурожаатларини ўрганиб чиқиш;
• олиб борилаётган ишлар бўйича Бош вазирга ҳисобот топшириш;
• ҳуқуқбузарликлар бўйича суриштирув ва тергов ишларини оолиб бориш.
Бюро текширувлар ўтказишни асосан коррупцияга мойил характердаги амалдорларга қаратган. Шунингдек, Бюро:
• суд қарорини кутмай туриб гумонланувчини қўлга олиш ва тинтув ўтказиш;
• Банк ҳисобварақлари ва улушлар бўйича текширувлар ўтказиш;
• Гувоҳликка ҳар қандай шахсни чақириш;
• Мамлакатнинг ҳар қандай фуқаросини жавобгарликка торта олиш (юқори амалдорларни ҳам).
“Бюро кўплаб, айниқса, коррупцияга мойиллиги бор инсонларнинг юрагига ғулғула солиб қўйганди. Сингапур бюрократик қатлами партиянинг “кўз-у қулоғи” деб Бюродан жуда қаттиқ қўрқарди”, дея ёзади Жон Куо ўзининг “Сингапурда коррупцияга қарши курашнинг маъмурий-ҳуқуқий чоралари” тўғрисидаги китобида.
Бюронинг самарали фаолияти
Сингапурда ушбу Бюро ҳар қандай фуқарони, унинг мақоми, келиб чиқиши, дини, тилидан қатъи назар судга жалб қилиш ҳуқуқига эга. Ташкилот ҳаттоки бизнес доираларда ҳам суриштирув ва текширишлар ўтказади. Пора, лоббизм, оддий тил билан айтганда “откат” каби ҳолатлар доимо диққат марказда туради. Бирор товар олишга ундаш учун пора бериш, олиш ва воситачилик қилиш учун ҳам жарима, ҳам озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади. Сингапурда коррупция билан боғлиқ жиноятга жазо сифатида айнан олган порасига нисбатан ҳисобланиб жарима белгиланади.
Бюро фаолиятига директор раҳбарлик қилади. Унинг телефони шахсан давлат раҳбарининг офиси билан уланган ҳолда бўлади. Яъни, директорда доимо Бош вазир билан тўғридан-тўғри боғланиш имкони бўлган. Шунингдек, Бюро раҳбари ваколатларидан бири у фақатгина Бош вазирга бўйсунади ҳамда давлат раҳбарига 24 соат қўнғироқ қилиш ҳуқуқи тақдим этилган . На полиция, на ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга Бюро бўйсунмайди. Шу сабабли ҳам, бу ташкилот ҳар қандай бюрократликдан ҳолидир.
Таркиб катта эмас
Коррупция ҳолатларини тергов қилиш Бюросида жами 71 нафар ходим бўлиб, шундан 49 нафари махсус терговчилардир. Ташкилот уч бўлимдан иборат: тергов, маълумотлар билан ишлаш ва кўмаклашувчи. Тергов бўлими махсус операциялар билан ишлаш вазифасини олган. Маълумотлар билан ишлаш ва кўмаклашувчи бўлими асосан юқори турувчи давлат мансабларига номзодлар танлаш, уларни малакасини ошириш билан шуғулланади. Номзод танлаш жараёни конкурс асосида қилинади. Бу жараён давлат билан контракт тузиш учун пудратчилар ўртасида ўтказилган тендерга ўхшаб кетади. “Интрига” ҳамиша мавжуд.
Бюро терговчилари ҳар қандай шахсни сўроқ қилиши, уйида тинтув ўтказиши, ҳатто, куч билан уйга кириш ҳуқуқига эга. Бунинг учун албатта, ўша шахснинг коррупцияга алоқадорлиги бўйича гумон қилишга арзигулик асос бўлиши лозим.
Коррупция ва унга қарши самарали кураш
Кўплаб давлатларда коррупцияга қарши курашиш устувор вазифа экани таъкидланади, бироқ кескин амалий чоралар камдан-кам давлатлар томонидан амалга оширилади, дея таъкидлаган рус журналисти Арсений Сиротин.
Сингапурдаги коррупцияга қарши курашишда айнан юқори курсилар эгаси бўлган амалдорлар диққат-марказда туради ва чоралар ҳам жуда аёвсиз бўлади.
Сингапур қонунчилигида пора тушунчасининг зарур элементи “коррупцион тақдирлаш” бўлиб, унга қуйидагилар киритилган:
• пул ва ҳар қандай совғалар, гонорарлар, займлар, мукофотлар, коммисион ва қимматли қоғозлар, кўчмас ва кўчар мулклар;
• ҳар қандай мансаб, амал ва контракт;
• қарзларни сўндириш ва улардан озод этилиши, ҳар қандай мажбурият ва вазифалардан воз кечилиши;
• олдинги ва келажакдаги жарималардан озод этилиш;
• ҳар қандай турдаги мукофотлашга ваъда бериш каби ҳолатлар.
Бу давлатнинг амалдорларига коррупцияга алоқадор тақиқланган хатти-ҳаракатлар ҳам аниқ ва лўнда қилиб белгиланган. Улар:
• бажарилган иш учун ҳар қандай “миннатдорчилик ҳақи” олиш;
• бирор ҳаракатдан тийилиш учун совға-саломлар олиш;
• давлат зарари ҳисобига қонундаги “лазейка”ларни бирор шахсга, тадбиркорга ўргатиш;
• расмий муносабатдаги шахсдан қарз олиш;
• атайин расмий хужжатларда хато қилиш (муддатлар кимнидир фойдасига “ўйнаши” учун);
• расмий муносабатда бўлган бошқа шахслар билан тушлик қилиш ёки биргаликда ҳар қандай кўнгилхушлик қилиш;
• ўз вазифасига кирган ишни қилган бўлса ҳам, унга “мукофот” олиш;
• расмий муносабатда бўлган ҳар қандай шахснинг бизнесига пул киритиш;
• хизмат кўрсатгани учун совғалар, “откат”лар олиш;
• ўз шахсий ҳаётидаги бирор ишни бепул қилиб беришларига кўниш (масалан, уйини ёки машинасини таъмирлаш);
• расмий муносабатда бўлган ҳар қандай шахс билан муносабатда бўлиш ёки мухлислик қилиш;
• бирор компания ҳисобидан ўқиш баҳонасида хорижга юбориш;
• расмий муносабатдаги шахснинг уйига ёки офисига ташриф буюриш;
• бирор шахсга ўзининг займлари ёки бошқа тўловларини қилишига рухсат бериш.
Коррупцияга қарши кураш ва Бюро “эффекти”
1959 йилда Сингапур жуда камбағал давлат ҳисобланган. Коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва унда Бюро фаолиятига таяниш Сингапурга кўплаб ижобий ўзгаришлар олиб келди.
Ўтган асрнинг 90-йиллар охирида Сингапур иқтисодиётида юқори ўсиш суръатлари кузатилди (14 фоиз). Нефть қайта ишлашда дунё миқёсида катталиги 3-ўринда турувчи марказга айланди. Компьютерлаштириш ва роботларни реализация қилиш бўйича Осиёда Япониядан кейинги ўринга чиқди. Ушбу кичик шаҳар-давлатга (майдони 725,1 км кв – дунёда 171-ўринда) йилига 8 миллион нафар туристлар ташриф буюради (Майдони 448 800 км кв саналмиш Ўзбекистонга 2019 йилда туристлар оқими ҳали бу даражага етгани йўқ. Йилига 6-7 миллион атрофида). Аҳоли сонига нисбатан бизнес юритувчилар миқдори бўйича дунёда АҚШдан кейинги ўринни эгаллади. Аҳоли саломатлиги билан самарали ишлаш бўйича ҳам дунёда иккинчи ўринда дея тан олинган. Сингапур фуқароларининг паспортининг кучи ҳам дунёда иккинчи ўринни банд қилган, яъни бу паспорт билан дунёнинг жуда кўп давлатига визасиз киришингиз мумкин. Мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига нисбати бўйича 1959 йил 400 АҚШ доллари бўлган бўлса, Ли Куан Ю Бош вазирликдан кетган йили, 1990 йилда бу рақам 12,200 АҚШ долларига етган. Номинал ЯИМ 362 миллиард доллар (2019 йилда).
Бу натижалар ниманинг ортидан деб ўйлайсиз? Албатта, коррупцияга қарши курашнинг самарали ва амалий чоралари туфайли. Бунда Сингапур Коррупция ҳолатларини тергов қилиш Бюросининг роли беқиёс. Умид қиламизки, Президент Шавкат Мирзиёев айтган коррупцияга қарши курашувчи янги орган ҳам юқори мансабдорлардан қуйи бўғин амалдорларигача ҳалолликни таъминлай олади ва самарали иш олиб боради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь