Давлат грантида ўқиган талабалар синовсиз ишга кириши мумкин
Жамият
−
02 Ноябрь 2022
7558Эндиликда олий таълим муассаларини давлат гранти асосида тамомлаган талабалар, дастлабки синов муддатисиз ишга кира олади. Ушбу норма Меҳнат кодексининг янги таҳрири 129-моддасида назарда тутилган.
Бироқ, бу имтиёз фақат давлат гранти асосида ОТМни тугатган талабаларга эгаллаган мутахасисликлари бўйича биринчи маротаба ишга кираётганларидагина амал қилади. Яъни агар давлат гранти битирувчиси биринчи марта дастлабки синов муддатисиз ишга олинса ва у ишдан бўшаб, бошқа ишга кирмоқчи бўлса, унга нисбатан бу имтиёз амал қилмайди.
Шунингдек, битирувчи бу ҳуқуқдан фақатгина бир йил мобайнида фойдалана олади.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 129-моддасига биноан ишга қабул қилинаётганда яна бир қатор тоифаларга дастлабки синов муддати белгиланмайди:
• ҳомиладор аёл, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий);
• захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар;
• тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан бир йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;
• ўзи билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилаётган ходимлар;
• ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
• ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша шахслар;
• ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчилар;
• жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва иш берувчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ходимлар.
“Дастлабки синов фақат ходимни ишга қабул қилиш чоғида белгиланиши мумкин. Ходим бошқа ишга ўтказилаётганда ва бошқа иш берувчига хизмат сафарига юборилганда дастлабки синов белгиланишига йўл қўйилмайди”, дейилади янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 129-моддасида.
Эслатиб ўтамиз, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2023 йилнинг 28 апрелидан кучга киради.
Ҳозирда эса бундан 27 йил олдин, 1995-йилнинг 21 декабрь санасида қабул қилинган Меҳнат кодекси амал қилмоқда.
Ҳаққиев Самандар
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь