Дарёга қулаган автобус ҳайдовчиси ҳам тожикистонлик бўлиб чиқди

Олам

image

Аввалроқ, Санкт-Петербург марказида 20 га яқин йўловчиси бўлган автобус дарёга тушиб кетгани, оқибатда 3 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бергандик. 

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича,  автобус ҳайдовчиси 44 ёшли тожикистонлик Раҳматшоҳ Қурбонов эканлиги маълум бўлган. Ҳайдовчи қўлга олинган бўлиб, дастлаб у шифохонага, кейин эса сўроқ қилиш учун олиб кетилган. Қурбонов айни дамда Россия фуқароси ҳисобланади. 

Унинг турмуш ўртоғи  ижтимоий тармоқ орқали эрини 20 соатлик сменадан кейин эрта тонгдан рейсга чиқишга мажбурлашгани ҳақида гапирган. 

"У уйга соат тунги иккиларда келди, унгача эрталаб соат бешдан буён ишда эди. Соат тонгги 7:30 да, беш соатлик уйқудан уйғотиб, ишга чиқишини айтишди", деган у.

Автобус "Такси" МЖЧга тегишли бўлган. Петербург судлари матбуот хизматига кўра, ушбу компания сўнгги икки ярим йил ичида транспорт соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда лицензия талабларини қўпол равишда бузгани учун 23 марта, жами 3,6 миллион рубль миқдорида жаримага тортилган. Компаниянинг билдиришича, автобус 7 май куни режалаштирилган техник хизмат кўрсатишдан ўтказилган ва яхши ҳолатда бўлган.

Ҳодиса юзасидан иккита жиноий иш очилгани айтилмоқда. Биринчиси – икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича, иккинчиси – хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Янгиланган маълумотларга кўра, ҳодиса вақтида автобусда 15 киши бўлган. Улардан олти нафари ўз-ўзидан чиқиб кетишга муваффақ бўлган ва яна тўққиз нафари воқеа гувоҳлари ёрдамида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари томонидан автобусдан чиқариб олинган. Департаментнинг хабар беришича, ҳалок бўлган уч кишидан ташқари тўрт нафар йўловчи клиник ўлим ҳолатида шифохонага ётқизилган, яна икки нафарининг аҳволи оғир.


Мақола муаллифи

Теглар

Санкт-Петербург автобус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг