Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати пасаяди
Бу қизиқ
−
09 Сентябрь 2022
7581Бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 32-35 даража атрофида бўлган ҳарорат билан қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республиканинг ғарбий ҳудудлари бўйича Волгабўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво массалари кириб келиши давом этади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.
Шанба ва якшанба кунлари ҳаво массасининг кириб келиши республиканинг барча ҳудудларига тарқалади ва ҳафта охирида кузги салқин сифатида ўзини намоён этади.
11 сентябрда осмонда кузги булутлар пайдо бўлади, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида бироз ёмғир ёғиш эҳтимоли бор. 11-12 сентябрда Фарғона водийси вилоятлари бўйича баъзи жойларда ва республиканинг тоғли ҳудудларида ёмғир ёғади.
Фронт кириб келишида 10-11 сентябрь кунлари шамол 15-18 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилади, шанба куни Сурхондарё вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида шамолнинг кучайиши баъзи жойларда 20-23 м/с га етиши мумкин.
Республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати пасаяди ва якшанба кунига келиб кундуз кунги ҳарорат 23-28 даражагача пасаяди. 12 сентябрга келиб тунги ҳарорат ўзининг минимумига етади, бунда термометр кўрсаткичи 10-13 даражагача тушади.