Даҳшатли қотиллик: Паркентда 9 йил олдин йўқолган 18 ёшли қизнинг суяклари топилди
3-саҳифа
−
27 Ноябрь 2021
33560Бундан 9 йил аввал, аниқроғи 2012 йилнинг 25 сентябрь куни Тошкент шаҳрида йўқолган 18 ёшли қизнинг жасади топилди. Қизни онасидан 9 ёш кичкина бўлган ўгай отаси ўлдиргани аниқланди. Бу ҳақда “Янги давр” дастурида хабар берилди.
Маълум бўлишича, марҳума охирги марта 2012 йилнинг 25 сентябрь куни кўриниш берган. Қиз онасидан 9 ёш кичик бўлган ўгай отаси чақиргани учун Тошкент шаҳридаги “Эски жўва” бозорига борган ва уйга қайтиб келмаган. Шундан сўнг қизни ҳеч ким кўрмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2012 йил 11 ноябрь куни прокуратура органлари томонидан одам ўғирлаш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бироқ тергов натижасиз тугаган: айбдор шахсни аниқлаш имкони бўлмагани учун иш бир неча бор ҳаракатдан тўхтатилган.
Жиноят иши 2020 йил 1 апрель куни Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилгач, қизнинг бедарак йўқолган ҳолатида қасддан одам ўлдириш жинояти аломатлари мавжудлиги сабабли Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмига қайта малакаланиб, иш қайта тергов олиб бориш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилган.
Олиб борилган тергов-тезкор тадбири натижасида қиз қотиллик қурбони бўлгани, ўта оғир жиноятлар турига кирувчи қасддан одам ўлдириш жинояти 1984 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган С.Т. томонидан содир этилгани аниқланган. Қиз Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги ҳовлилардан бирининг ертўласидан топилган.
Айбланувчининг кўрсатмасига кўра, Паркент туманидаги ҳовли ўрганилганда ҳақиқатан ҳам уй ертўласида одам суяклари борлиги маълум бўлган. Ҳолат юзасидан 37 ёшли С.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) билан жиноятини содир этгани учун Тошкент вилояти суди томонидан 20 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
LiveБарчаси