“Лайк” учун отасини уришини айтган блогернинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади – ИИББ (видео)
3-саҳифа
−
04 Ноябрь
13902Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида бир йигитнинг 100 мингта "лайк" учун отасини уришини айтгани акс этган видео тарқалди. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов хабар берди.
Аниқланишича, видео жорий йилнинг 1 ноябрь куни тасвирга олинган. У.С исмли ушбу йигит видеони ҳазил тариқасида олганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат бошқа такрорланмайди.
Йигит видеони ТikTok платформасига жойлаши, агар 200 минг "лайк" йиғса, отасини қариялар уйига юборишини ва ўзининг бу сўзларига жавоб беришини ҳам айтган. Ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокама ва танқидларга сабаб бўлганидан сўнг, йигит узр сўраб чиқди ва видеони ўчириб ташлади.
ИИББ хабарига кўра, ҳолат назоратга олинган, натижаси бўйича ахборот берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қиз фарзандли бўлса, уни ахлатга ташлашини айтган тиктокерга жиноят иши очилганди. “Sardor gangster” тахаллуси билан чиқишлар қилиб келган Сардор Сафарбоев ўз саҳифасига жойлаган видеосида агар қиз фарзандли бўлса, ўйлаб ўтирмасдан уни ахлатга улоқтиришини айтганди. Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси (Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.
LiveБарчаси