Чемпион Элбек Раҳимовнинг ўлдирилиши бўйича суд иши бошланди
Спорт
−
07 Январь 2022
10599Хабарингиз бор, 2021 йилнинг 17 август куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ушу-санда бўйича жаҳон чемпиони, ММА жангчиси Элбек Раҳимов ўлдириб кетилганди.
Кеча, 6 январь куни мазкур қотиллик юзасидан 26 нафар шахсга нисбатан суд бошланди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилоят судида судланувчи Т.А. ва бошқалар (жами 26 шахс) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бўлиб ўтмоқда.
"Ушбу жиноят иши Қашқадарё вилоят суди судьяси Ф. Юсупов раислигида кўрилмоқда", дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, судланувчилар Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш), 28, 104 (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 104, 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 109 (қасддан баданга енгил шикаст етказиш), 127 (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш), 28, 137 (одам ўғирлаш), 137, 169 (ўғрилик), 210 (пора олиш), 28, 211 (пора бериш), 230 (айбсиз кишини жавобгарликка тортиш), 238 (ёлғон гувоҳлик бериш), 241-1 (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 28,277 (безорилик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Суд жорий йилнинг 13 январь кунига қадар танаффус эълон қилган.
Маълумот учун, спорт устаси Элбек Раҳимов 2021 йилининг 17 август куни соат 10:00 атрофида кўп қаватли уйдаги хонадони олдида бир гуруҳ шахслар томонидан ўлдириб кетилган. Уша куни етти нафар шахс Элбек Раҳимовни кўп қаватли уйидан чиқишини кутиб туриб, чиққанидан кейин уни бош, юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига уриб, оғир тан жароҳати етказган. Сўнг Gentra автомашинасига мажбуран миндириб, жиноий қилмишларини яшириш мақсадида Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб бориб, ташлаб кетган.
Оқибатда Элбек Раҳимов кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан шу куни шифохонада вафот этган.
LiveБарчаси