Чексиз ҳокимият жазаваси: Россия Украинага бостириб кирганига 2 ойдан ошди
Таҳлил
−
26 Апрель 2022
16595Россия жорий йилнинг 21 февраль куни Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олиш ортидан “Донбассда махсус ҳарбий операция” ниқоби остида Украинага қуролли ҳужум қилди.
24 февраль куни эрталаб Россия Президент Владимир Путин халққа мурожаат қилиб, “Украина шарқидаги Донбассда махсус ҳарбий операция” бошланганини маълум қилди. Шундай қилиб, Россия ва Украина ўртасидаги уруш бошланди.
Россия қўшинлари Украинанинг сепаратистлар назоратидаги Донецк ва Луганск вилоятлари орқали Киев назорати остидаги ҳудудларга кирди. Шу билан бирга, Россия ҳудудидан қўшинлар Харьков, Суми ва Чернигов вилоятларига, Беларусь ҳудуди орқали эса Чернобиль вилоятига кириб келди. Россия армияси аннекция қилинган Қримдан Херсон ва Мелитополга қўшин юборди. Қўшинлар ҳаводан ва қуруқликдан Киевга ўтказилди.
Россия армияси 1986 йилда ядровий аварияга учраган Чернобиль АЭС ва Европадаги энг йирик атом электр станцияси ҳисобланадиган Запорожье АЭСни ўз назорати остига олди.
Украина ҳарбийлари Киев, Харьков ва Мариуполда кучли қаршилик кўрсатди
Россия ҳарбий бўлинмалари Украинанинг ҳарбий инфратузилма объектларига ҳужум қилди. Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Киев, Харьков ва Мариуполни қамал қилди. Украина армияси бу шаҳарларда жуда кучли қаршилик кўрсатди.
Орадан бироз вақт ўтгач, Россия армияси Украинадаги стратегик ҳудудларда юқори аниқликдаги қуролларни тез-тез ишлата бошлади. Киевда бу ҳужумлар натижасида тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақида маълум қилинган.
Мариупол харобага айланди
Урушнинг биринчи ойида рус қўшинлари Азов денгизи соҳилидаги стратегик шаҳарларни эгаллашга ҳам эътибор қаратдилар. Бердянск порт шаҳрини эгаллаб олган рус ҳарбийлари Азов денгизи соҳилидаги Украинанинг энг муҳим порт шаҳарларидан бири Мариуполни қамал қилди.
Мариуполда рус армияси Украинанинг кучли мудофаасига дуч келди. Бир неча кунлик жанглардан сўнг Мариупол харобага айланди.
Россия: Биз Мариуполни бутунлай назорат остига олдик
Россия Мариуполни тўлиқ назорат остига олгани ва 2000 га яқин украиналик аскар Азовстал пўлат заводидаги яширин жойларда қамалда қолганини айтди. Украина Азов қирғоқлари устидан назоратни йўқотди.
Украина расмийлари эса, ўз навбатида, Россия Мариупол устидан назоратни қўлга олишга қодир эмаслигини, Украина армияси чизиқни ушлаб туришда давом этаётгани ҳақида хабар қилди.
Ҳарбий ҳаракатлар урушнинг иккинчи ойида Донбассга ўтказилди
29 март куни Истанбулда Россия ва Украина ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Россия Мудофаа вазирлиги Киев ва Чернигов йўналишидаги жанговар ҳаракатларни кескин қисқартириш ҳақидаги қарорини эълон қилди.
Эртаси куни рус армияси Украина шимолидаги Киев ва Чернигов томон қўшинларини олиб чиқишни бошлади. Россия қўшинлари Чернобиль АЭСдан ҳам чиқиб кетди.
Украина Мудофаа вазирлиги Ирпень, Буча, Гостомель шаҳарлари ва Киев вилояти рус қўшинларидан озод қилинганини маълум қилди.
Россия томони ўз қўшинларини Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларига жамлай бошлаганини, чунки “махсус операциянинг асосий мақсади Донбассни озод қилиш” эканини айтди. Шу ўринда, Украина Бош штаби ҳам Россия армияси Донбассдаги ҳужумларини кучайтирганини тасдиқлади.
Россия армияси Бучада тинч аҳолини ўлдиришда айбланди
Россия армияси Бучадан олиб чиқиб кетилгандан сўнг, 2 апрель куни Украина томони шаҳар кўчаларида тинч аҳоли жасадлари акс этган кадрларни эълон қилди. Киевда рус армияси шаҳарни тарк этишдан олдин тинч аҳолини аёвсиз қиргани айтилди.
Ғарб давлатлари ва Европа Иттифоқи Бучадан олинган кадрларга муносабат билдириб, ҳолатни тўлалигича қоралаб, бунда Россияни айблади. Россия ҳарбий жиноятларда айбловларни рад этди. Европа етакчилари Киевга ташриф буюришни бошлади.
Хусусан, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келди. У Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказди ва Киевга қўшимча 120 та зирҳли техника ва янги кемага қарши ракета комплексларини юборишини ваъда берди.
Шунингдек, 9 апрель куни Австрия канцлери хам Украинага келди.
Карл Нехаммер Президент Владимир Зеленский билан учрашиб, бир ҳафта олдин юзлаб тинч аҳолининг жасади топилган Буча шаҳрига ташриф буюрди.
Ўз ўрнида, у орадан икки кун ўтиб, Москвага ҳам бориб, Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказди ва Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери Путин билан шахсан учрашган биринчи Европа етакчисига айланди.
Украина армияси сепаратистлар назоратидаги Донецк ва Луганск вилоятларига ҳам зарбалар берди. Қурбонлар орасида тинч аҳоли ҳам бор эди.
Краматорск темир йўл станциясига ракета ҳужуми
8 апрель, жума куни Украинанинг Донецк вилоятидаги Краматорск темир йўл вокзалига ракета ҳужуми уюштирилди. Зарба “Точка-У” ракета тизими томонидан берилган. Натижада 50 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Украина Россияни айблади, Москва эса ўз навбатида “Точка-У” ракета тизимидан фақат Украина армияси фойдаланаётганини айтди.
“Москва” крейсери чўкиб кетди
13 апрель куни Украина расмийлари Қора денгизда Россиянинг “Москва” крейсерини Нептун ракетаси билан урганинини маълум қилди.
Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги эса, ёнғин пайтида ўқ-дориларнинг портлаши оқибатида кема шикастлангани ва портга олиб кетилаётганда кема чўкиб кетганини маълум қилди. Қайд этилишича, экипажнинг 1 аъзоси ҳалок бўлган, 27 нафари бедарак йўқолган, қолган 396 киши қутқариб олинган.
Россия қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказди
Россия янги “Сармат” қитъалараро баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилди.
"Бу чинакам ноёб қурол қуролли кучларимизнинг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлайди, Россия хавфсизлигини ташқи таҳдидлардан ишончли таъминлайди ва ғазабланган, тажовузкор риторика жазирамасида мамлакатимизга таҳдид солмоқчи бўлганларни ўйлашга мажбур қилади", деди Путин. Бироқ, у айнан ким Россияга таҳдид солаётганлигига аниқлик киритмаган.
Томонлар ҳозиргача қурбонлар ҳақида аниқ маълумотларни яшириб келмоқда
Урушнинг биринчи ойида Россия 1351 киши ҳалок бўлгани ва 3825 рус аскари яралангани ҳақида хабар берганди. Россия томони баёнотига кўра, Украина армиясининг йўқотишлари 23 367 кишини ташкил қилган. Киевда эса, уруш бошланганидан бери 21,6 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинган.
Иккала томон ҳам тинч аҳоли қурбонлари сони ҳақида аниқ рақамларни келтирмаяпти. Лекин баъзи манбаларга кўра, тахминан 2500 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 3 мингдан ортиғи эса яраланган.
БМТ: Украиналик қочқинлар сони 5 миллиондан ошди
БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси маълумотларига кўра, 24 февралдан 24 апрелгача Украинадан қўшни давлатларга 5 миллион 232 минг 14 киши ўтган. Уларнинг кўпчилиги Украина билан чегарадош мамлакатлар: Польша, Словакия, Венгрия ва Руминияга кетган. Бу мамлакатларнинг расмийлар ва кўнгиллилар барча қочқинлар бошпана, озиқ-овқат, зарур ёрдам олишлари ва иложи бўлса-я, ишлашлари учун ҳаракат қилмоқда.
Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар
Уруш бошлангандан бери Россия ва Украина делегациялари 4 марта, жумладан 3 марта Беларусда ва бир марта Туркияда юзма-юз музокаралар ўтказди.
Беларусда томонлар тинч аҳолини жанговар ҳудудлардан эвакуация қилиш учун фақат гуманитар йўлакларни келишиб олишга муваффақ бўлди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған воситачилигида 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар натижасида Украина томони қоғозга туширилган келажакдаги эҳтимолий келишув тамойилларини Россия томонига топширди.
Улар: НАТОга аъзо бўлишдан бош тортиш, Украинанинг блоксиз мақомини белгилаш, ядровий ва бошқа оммавий қирғин қуролларидан воз кечиш, Украина ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва ҳарбий контингентларни жойлаштиришдан бош тортишни назарда тутади. Бундан ташқари, Украина ҳарбий машғулотларни фақат кафил давлатлар розилиги билан ўтказиш мажбуриятини олади, улар орасида Россия ҳам бор.
Бироқ, Бучадаги воқеа ва Краматорскдаги ракета ҳужумидан кейин видеоконференция орқали давом этаётган музокараларда ҳеч қандай муваффақиятга эришилмади.
Россия, Украина келишув учун янги шартларни илгари сургани ва музокаралар тўхтаб қолгани борасида хабар берди.
Владимир Путин ва унинг тарафдорлари бутун дунёга Украинага босқиннинг асосли сабабларини етказишга уринмасин, ўтган икки ойнинг биринчи ҳафталарининг ўзидаёқ бу фикрлар Россиянинг ўзи илк муваффақиятсизликларни бошдан кечирди. Урушнинг илк кунларида сиёсатчилардан тортиб санъаткорларгача урушни лаънатлаб, Россия маъмуриятини уни тўхтатишга чақирди.
Россиялик миллиардерлар орасидан ҳам урушга қарши чиқувчилар топилди, хусусан, Михаил Фридман, Олег Дерипаска ва Олег Тиньковлар Украинага қарши урушни тўхтатиш кераклигини айтиб чиқди. Ишбилармон Роман Абрамович эса Истанбулда бўлиб ўтган Россия-Украина музокараларида бевосита қатнашди.
Бундан ташқари, 14 март куни кечқурун “Биринчи канал” ходими Марина Овсянникова жонли эфирда урушга қарши плакат билан студияга кириб борди. Янгиликлар эълони пайтида у “No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши”, деб ёзилган плакат билан кадрга тушди. Овсянникова режиссёрлар бошқа кадрни қўйиб юбормагунча эфирда бир неча бор “Урушни тўхтатинг! Уруш керакмас!”, деб такрорлаган.
Бироқ ТАСС каби расмий ахборот агентликлари ижтимоий сўровномалар ташкил этилганини айтиб, бу сўровномаларда халқнинг асосий қатлами Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларни маъқуллаётгани бонг урилди.
Шунингдек, Кремль Путин билан мулоқот қилган давлат раҳбарларининг суҳбатларини ҳам ўз манфаати йўлида эълон қилишни бошлади. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан икки марта телефон орқали мулоқот қилган бўлса, Россия матбуотида Шавкат Мирзиёев Россиянинг “Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларини тушуниш билан қабул қилди”, деган жумладан фойдаланилди. Ўзбекистон томони эса буни рад этиб, Украина суверенитетини қўллаб-қувватлади. Сўнгги бор, жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида чиқиш қилган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов расмий Тошкент ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олмаслиги ва Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Умуман олганда, мазкур уруш нафақат Россия ва Украина, балки бутун дунё иқтисодиётига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Украина урушигача дунё бўйича қочқинлар сони 85 миллионни ташкил этган бўлса, бугун улар қаторига яна 5 миллиондан ортиқ украиналик қочқинлар қўшилди. Уларнинг 2 825 463 нафари Польшадан, 757 047 нафари Руминиядан, 549 805 нафари Россиядан, 471 080 нафари Венгриядан, 426 964 нафари Молдовадан, 342 813 нафари Словакиядан ва 23 759 нафари Беларусдан бошпана топган.
Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Украинадаги уруш оқибатлари туфайли 2022 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўсиши бўйича прогнозини қайта кўриб чиқиб, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг бозор курси бўйича 2022 йилда 2,8 фоизга ўсиши кутилаётганини ва бу аввалги 4,1 фоиз прогноздан 1,3 фоизга пастлигини маълум қилди.
Томонлар қурбонлар ҳақида аниқ маълумотларни тақдим этмаяпти. Урушнинг биринчи ойида Россияда 1351 киши ҳалок бўлган ва 3825 рус аскари яраланган. Россия томони баёнотига кўра, Украина армиясининг йўқотишлари 23 367 кишини ташкил қилган. Киев эса уруш бошланганидан бери 21,6 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини айтмоқда.
Россиянинг Украина шаҳарларига қуролли ҳужуми нафақат мудофаа ва ҳарбий объектларни, балки турар жой бинолари, мактаб, шифохоналарни ҳам қамраб олган. Ўтган даврда мобайнида 938 та таълим муассасаси зарар кўрган, улардан 87 таси бутунлай вайрон бўлган.
Камрон Кенжаев
LiveБарчаси