“Чегара билмас мухбирлар” Тўқаев қабул қилган ОАВ ҳақидаги қонунни қоралади
Олам
−
26 Июнь
5510“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Қозоғистондаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун Президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан журналистика муҳитини яхшилаш баҳонасида ўз ҳукуматининг матбуот устидан назоратини кучайтириш учун имзоланганини айтди. Бу ҳақда ташкилот баёнотида сўз боради.
Ташкилот Қозоғистон раҳбарини ушбу қонунни бекор қилишга ва уни ҳақиқий ислоҳот билан алмаштиришга чақирган ҳолда мамлакатда журналистларни таъқиб қилишга ёрдам берувчи қонунчиликнинг кучайиб бораётганидан хавотир билдирди.
“Президент Қосим-Жомарт Тўқаев 19 июнь куни эълон қилган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг белгиланган мақсади журналистларга ахборотни тадқиқ қилиш ва тарқатиш ишлари учун янада яхши кафолатлар беришдан иборат. Лекин у асосан амалдаги қонунларни қайта кўриб чиқади ва оммавий ахборот воситаларини ҳимоя қилишдан кўра назорат қилишга интилади”, дейилади ташкилот хабарида.
Қайд этилишича, қонуннинг бир қанча моддалари журналистика ва ОАВ учун яхши янгилик эмас. Хусусан, ушбу қонуннинг 1-моддасида оммавий ахборот воситаларининг таърифи мавжуд бўлиб, унда оммавий ахборот воситалари фаолиятини бошлашдан олдин рухсат олиш талаби билвосита киритилган. Таъкидланишича, бу эса матбуот эркинлиги тамойилига зиддир. Шунингдек, қонун хорижий журналистларнинг Қозоғистонда аккредитациясиз ишлашини тақиқлайди (30-модда). Ташкилот наздида ҳозирги сиёсий контекстда бу янги чора орқали ҳокимиятни танқид қилувчи ОАВда ишлайдиган мухбирларнинг ўзбошимчалик билан тақиқланиши эҳтимоли кўпроқ, деган хавотир бор.
“Президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан имзоланган қонун журналистларнинг меҳнат муҳити ва ҳимоясини яхшилаш эмас, балки аслида уларни цензура қилиш учун ишлатилиши мумкин. Афсуски, ушбу “қайта кўриб чиқиш” фақат кичик ютуқларни ўз ичига олади ва халқаро стандартлардан узоқроқ бўлган қонун формасини ишлаб чиқилишига олиб келди”, дея таъкидлайди “Чегара билмас мухбирлар”.
Қозоғистон бу йилги жаҳон матбуот эркинлиги индексида аллақачон саккиз поғонага тушиб кетгани ва ташкилот рейтингида матбуот эркинлиги бўйича 180 давлат орасида 142-ўриндалигини ҳисобга олиб, “Чегара билмас мухбирлар” Президентни яна бир бор ўйлаб кўришга чақирган.
Маълумот учун, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 19 июнь куни Қозоғистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунини имзолади. Оқўрда матбуот хизматининг маълум қилишича, қонун давлат раҳбарининг 2022 йил 16 мартдаги “Янги Қозоғистон: янгиланиш ва модернизация йўли” Қозоғистон халқига Мурожаатномаси доирасида “Оммавий тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги фармойишини бажариш мақсадида давлат манфаатлари, жамият эҳтиёжлари ва медиа соҳасидаги ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
LiveБарчаси