Бўритош Шодиева Каримовнинг махфий топшириғини ниҳоят очиқ айтди

Интервью 30318
image

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Узун ва Сараосиё туманлари Афғонистон билан чегарадош бўлгани учун ҳам ўз вақтида хавфли ҳудудлардан бири саналган. 2000-йилларда бу ерларда содир бўлган воқеалар унутилганича йўқ. Бошбошдоқлик шу даражага етиб борганки, мамлакатга бу ҳудудлар орқали гиёҳванд моддалар кириб келган, қуролланган кимсалар Ўзбекистонда террористик ҳаракатларни амалга ошириш учун айнан Сараосиё ва Узундаги қишлоқларга жойлашишган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ўша вақтдаги мавжуд таҳликали вазиятни ўрганиш ва уни бартараф этиш учун зарур чораларни кўргани маълум. У бу ишни амалга оширишда, оддий ва халқчил йўллардан фойдаланган. Террорчилар жойлашиб олган ҳудудларга Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Бўритош Шодиевани шифокор либосида юбориши ва унга алоҳида топшириқ бериши ҳам бунинг яққол исботи. Бўритош Шодиева ЎзА мухбири билан суҳбатда ўша вақтда ўзига топширилган махфий топшириқ ҳақида гапириб берди. 

*-*-*-*-*-*-*

У вақтда мен ... вазифасида ишлардим. Бир куни Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримов ҳузурига чақириб, Сурхондарёнинг Узун ва Сариосиё туманларида ғараз ниятли кимсалар пайдо бўла бошлагани тўғрисида ташвишланиб гапириб қолдилар.

Ҳайрон бўлдим, ахир мен аёл кишиман, бундай хатарли юмушга қандай алоқам бор экан? Нечун айнан менга сўзлаб беряпти? Шундай саволлар кўнглимдан ўтаркан, Президентга юзландим.

– У ерга бориш керак. Ҳеч кимда шубҳа туғдирмай бемалол кириш лозим. Шундагина газандаларнинг қанчалигини, қандай қуролларга эга эканлигини, яна қайси қишлоқларда одамлари борлигини билиб оламиз.

– Аёл киши бегона қишлоққа қандай кириши мумкин? Фақат шифокор бўлиб.

– Ҳа, дилимдагини топдинг. Калланг ишлайди, Бўритош Аминовна! – Президент биринчи марта менга расмий мурожаат қилаётган эди. Ғалати бўлиб кетдим. Гапларини диққат билан тинглай бошладим.

– Тўғри айтдинг, Узун ва Сариосиёга “шифокор” бўлиб кириб борасан. Ёнингга уч-тўртта ўзингга ишонган аёлларни олгин-да, бориб қишлоқ аёлларини кўрикдан ўтказ. Агар янглишмасам, форс тилини яхши биласан. Шунинг учун бутун диққат- эътиборинг қишлоқдаги бегона одамларда бўлсин. Улар нима иш билан банд, бир-бирлари билан нима ҳақида гаплашяпти, ҳаммасини билишим керак. Тушундингми, бу жуда муҳим топшириқ. Сенга ишонганим учун ҳам айтяпман, бу гапларни.

Президентнинг ташвишини тўғри тушунардим. Юртимизга суқилиб кирмоқчи бўлган ҳар қандай ёвуз ниятли махлуқлар у кишини қаттиқ ранжитар эди. Жангарилар тинч аҳолига ташвиш келтириши, фаровонликка рахна солиши аниқ эди. Тошкентдаги қўпорувчилик жиноятлари туфайли қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошларимиз нобуд бўлганига ҳали унча кўп вақт бўлмаган эди. Наҳот, энди Сурхондарёда давлатимизга ташвиш туғдирадиган кунлар бошланган бўлса?!

Шундай қилиб, мамлакатимизнинг жанубига отландим. Ҳамшираликдан хабарим борлиги учун “шифокор” ролига кириш менга унчалик қийинчилик туғдирмади. Қишлоқма-қишлоқ юриб, хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказа бошладик. Бироқ бегона кишилар бизга шубҳа билан қарашар, ҳар бир босган қадамимизни эринмай кузатишар эди. Бўйнигача соқол қўйган, пахмоқ сочли кишиларнинг айримлари, ҳатто, бева аёлларга уйланиб ҳам олган экан. Улар хотинларини текширишга қўйишмас, бизга қаттиқ қаршилик ҳам қилишарди. Шундай жанжалларнинг бирида барзанги бир киши қаршимга келди-да, икки қошимнинг ўртасига мушт туширди. Ўзимни эплолмай орқага йиқилдим. Бурнимдан тирқираб қон келди. Бироқ шафқат нима эканлигини билмайдиган кимса, бунга парво ҳам қилмади. Аксинча, тўппончасини пешонамга тираб, агар яна бир марта аёлига сўзимни ўтказадиган бўлсам, у шартта отиб ташлашини айтиб, дағдаға қилди. Менга худди шу беписандлик билан қилинган совуқ муносабат қаттиқ таъсир қилди. Ким бу ерда хўжайин? Келгинди кимсаларми ёки шу юртнинг фуқароси бўлган бизларми? Иккита қишлоқни кўриб ортга қайтмоқчи эдим, аммо юрагимда туғилган нафрат мени охиригача курашга чорлади. Сариосиёнинг деярли барча қишлоқларини кўздан кечириб чиқдим. Тунлари уйқум келмай ўт-ўланлар орасида, деразаларнинг тагида бегоналарнинг гап-сўзларига қулоқ тутдим. Ҳар бир кўрган ва эшитганларимни эслаб қолишга ҳаракат қилдим. Қурол-яроғи сақланадиган хонадонларгача билиб олдим. Келаси ой яна анча одамлар келишидан ҳам хабар топдим. Баъзи аёлларни гапга солиб, келгиндиларнинг нима иш билан шуғулланаётганликларини, яширин режа тузаётганликларини тахминан билгандай эдим. Аёл дардини аёл тушунади деганларидай, уларни қийнаётган муаммолари ҳақида тинимсиз сўзлай бошладим. Кейинги пайтларда нима учун ногирон болалар туғилиши кўпайиб кетаётгани ташвиш билан гапирдим, худди ўз опа-сингилларимдай яқин олдим. Ҳатто кўз ёши ҳам қилиб олдим. Бу ҳаракатларим бесамар кетмади. Дарди ичида аёлларнинг баъзилари қишлоқларда гиёҳванд моддалар билан савдо қилувчилар кўпайиб кетаётгани, ҳатто, баъзи эркаклар ана шу зормандадан истеъмол қилаётганликларини ташвиш билан гапириб беришди. Гиёҳванд моддалар қаердан келяпти, деган саволимга эса Афғонистондан ўтаётган қорамолларни текшириш кераклигини айтишди. Ҳа, оналар барча қийинчиликлар, кўргиликларга чидаши мумкин, аммо норасидаларининг келажаги ҳақида гап кетганда жим туришолмайди. Буни фақат она сифатида англаш ва тушуниш керак.

Президент бу ишга мени танлаганда ана шуларни назарда тутган бўлса керак, деб ўйладим ва барча маълумотларни Бош қўмондонга етказдим. Шундай қилиб, жангарилар билан олиб борилган жанг узоққа чўзилмади. Гиёҳванд моддаларнинг йўли қирқилди. Бор гап, шу холос. Буни қаҳрамонлик дейиш шарт эмас. Менинг ўрнимда бошқа аёл бўлганда ҳам худди шундай қилган бўларди. Ватанни асраб қолиш учун бор билим ва салоҳиятини ишга соларди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1071
Рейтинг: 2.9
Будьте в курсе событий!
×
×