Бухорода кутубхоначилар теримга чиқишга мажбурлангани айтилди. Раҳбарият буни рад этди
Жамият
−
07 Октябрь 3662
QALAMPIR.UZ’га Бухоро вилоятининг “Абу Али ибн Сино” номидаги ахборот-кутубхона марказида ходимлар мажбурий меҳнатга, яъни пахта йиғим-теримига жалб қилингани юзасидан мурожаат келиб тушди. Шунингдек, таҳририятга ходимлар ҳақиқатдан ҳам теримга чиққанини исботловчи маълумот тақдим этилди.

Унда ёзилишича, Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги “Абу Али ибн Сино” номидаги ахборот-кутубхона марказининг 32 нафар ходими жорий йилнинг 5 октябрь куни Бухоро туманидаги фермер хўжалигида 1503,0 кг пахта териб берган. Шунингдек, мурожаатчининг билдиришича, у ҳолат бўйича Меҳнат вазирлигининг қисқа рақами билан боғланган, бироқ унинг аризаси аноним тарзда қабул қилинмаслиги тушунтирилган.
QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ахборот-кутубхона маркази билан боғланди. Марказ маъмурияти таҳририятга ходимлар томонидан имзоланган розилик хатини илова қилиб, улар ўз хоҳиши билан, қўшимча даромад олиш мақсадида теримга чиққанини маълум қилди. Бироқ уларга терган пахтаси учун қанча пул берилгани очиқланмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Жумаева аёлларни мажбурий меҳнатга, яъни пахта теримига жалб этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ ҳолат юзасидан Қумқўрғон туман ҳокимлиги муносабат билдириб, пахта теримига чиққан аёлларнинг “кўнгилли” эканини, уларнинг “ўз ихтиёри” билан бунга рози бўлганини маълум қилди.
Live
Барчаси