Бугун оғир бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг ёруғ кунлари бор – Президент меҳрибонлик уйига борди
Жамият
−
19 Февраль 2021
5530Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи ниҳоясига етди. Ташриф сўнгида давлат раҳбари Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйида бўлди. Шароитларни кўздан кечириб, бу ерда тарбияланаётган болалар билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Сизлар ҳаммангизлар менинг фарзандларимсизлар. Ҳаёт жуда мураккаб. Шуни билингларки, бугун оғир кунлар бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг ёруғ кунлари бор. Сизларнинг қийналганларинг, оилани эслашларинг, орзу-умидларинг ортида Худонинг марҳамати, эртанги қувонч бор. Бу дунёда ким бахтли бўлишини келажак кўрсатади. Сизларнинг бахтли бўлишингиз учун ҳаётларингизга доимий асос яратишни ўйлаяпмиз. Бир марталик эмас, қонун жиҳатидан. Бу ерни тамомлагандан кейин уй билан таъминланиб, фаровон яшашингизни қонун билан ҳимояга оламиз. Тинчлик-осойишталикда сизларнинг бахтингизни кўриш насиб этсин”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент “Саховат” уйини ҳам бориб кўрди. Унинг биноси 1982 йилда қурилган.
“Менга Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бирдек қадрли. Бугун жуда оғир кун бўлди, кўп масалаларни муҳокама қилдик. Самолётга ўтириб, қайтиш олдидан кўнглимдан сизлар ўтдингиз. Шу муаммони ҳал қилмасдан кетаманми, деб ўйладим. Менга “Саховат” уйларига эҳтиёжи бўлган нуронийлардан жуда кўп хатлар келади. Шуларни инобатга олиб, ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз. 4 ой ичида Наманган шаҳрида “Саховат” уйи учун янги бино қуриб берилади. Сизлар муносиб шароитларда яшайсиз, даволанасиз. Сизларга соғлиқ ва узоқ умр тилайман”, дейди давлат раҳбари.
Нуронийлар юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Шунинг билан Президентнинг Наманган вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.
LiveБарчаси