Бугун “Арқадағ”нинг туғилган куни. Мирзиёев Бердимуҳамедовни телефон орқали табриклади

Жамият 3254
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 29 июнь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта зафарлар тилади.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарлигида замонавий Туркманистон юксак муваффақиятларга эришгани – барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланаётгани, халқаро майдондаги нуфузи муттасил ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама ҳамкорликка доир ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Президентлар Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан таъкидладилар.

Ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни, биринчи навбатда савдо, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транзит ташувлари, туризм соҳаларида янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари чегераолди ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни давом эттириш, шунингдек, таълим ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш фикрини қўллаб-қувватладилар.

Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия доирасида ҳамкорлик бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари коронавирус инфекцияси тарқалишига самарали қарши куршиш мақсадида тегишли идоралар даражасида яқиндан мулоқот ва мувофиқлашувни амалга ошириш муҳим эканини таъкидладилар.

Суҳбат сўнгида давлат раҳбарлари қардош Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашда иккала томон ҳам қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.

Мулоқот ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Маълумот ўрнида, Гурбангули Бердимуҳамедов 63 ёшни қаршилади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Туркманистон раҳбари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековни Туркманистонда хизмат кўрсатган артисти унвони билан тақдирлаш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 40
Рейтинг: 2.9
t
×