“Бу ноқонуний”. Бобур Бекмуродов пойтахтда пешлавҳалар демонтаж қилинаётганини қоралади (видео)
Жамият
−
16 Март 6683 2 дақиқа
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов пойтахтда тижорат биноларидаги реклама ва пешлавҳаларни демонтаж қилиш ҳолатларига муносабат билдирди.
Унга кўра, сўнгги кунларда пойтахтимизда тадбиркорларни ўзларига тегишли реклама ва пешлавҳаларни мажбурий демонтаж қилишга ундаш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.
Бекмуродовнинг ёзишича, Тошкентнинг эстетик қиёфаси замонавий ва чиройли бўлиши керак. Бироқ, бу жараён қонун устуворлиги доирасида амалга оширилиши лозим. Депутатнинг фикрига кўра, бу борада қуйидаги принципиал масалаларга эътибор қаратиш шарт:
Биринчидан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарори расман эълон қилингандан уч ой ўтгач, кучга кириши белгиланган. Бироқ, мажбурий демонтаж ишлари ушбу қарор қабул қилинмасдан бир неча ой олдин бошланган эди. Қонун ҳужжатларининг орқага қайтиш кучи йўқ. Илгари ўрнатилган ва ўша давр талабларига жавоб берган пешлавҳаларнинг дахлсизлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланиши лозим.
Иккинчидан, давлат раҳбари томонидан бизнес учун янги мажбуриятларни юклашга мораторий жорий этилган. Дизайн-код талаблари шаҳарсозлик қоидалари сифатида талқин қилинса-да, амалда тадбиркор учун янги стандартдаги воситаларни сотиб олиш – бу қўшимча молиявий юкламадир.
Учинчидан, ҳар қандай мажбурлов чораси, айниқса хусусий мулкка оид бўлса, фақатгина қонуний жучга кирган суд қарори асосида бўлиши шарт. Тадбиркорга “икки кун ичида демонтаж қил” деб талаб қўйиш ” бу маъмурий буйруқбозликнинг кўринишидир. Бундай ёндашув бизнес муҳитига ва инвесторларнинг ишончига салбий таъсир ўтказади.
Тўртинчидан, ривожланган давлатларда дизайн-код кескин ўзгарган тақдирда, маҳаллий ҳокимият тадбиркорларга мослашиш учун муддат беради ёки харажатларнинг бир қисмини субсидия ҳисобидан қоплайди. Ўзбекистонда эса барча юклама фақат тадбиркор зиммасига тушмоқда.
“Биз масъул идораларни ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишга ва қонунийликни таъминлашга чақирамиз. Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг “белини синдириш” эвазига бўлмаслиги керак. Шаҳар маъмурияти бизнес билан "буйруқбозлик" тилида эмас, балки тенг ҳуқуқли шериклик ва очиқ мулоқот асосида ишлаши лозим”, деган Бекмуродов.
Live
Барчаси