Британия тарихидаги энг ёш оғуфуруш қўлга тушди. У ҳали мактабда ўқийди

Олам 4068
image

Буюк Британияда мамлакат тарихидаги энг ёш крэк-кокаин савдогари ушланди. Гиёҳванд моддалар сотувчиси бошланғич мактабда ўқийди ва ҳозир тўққиз ёшда. Бу ҳақда “The Mirror” нашри ёзмоқда.

Қайд этилишича, полиция болани гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадида сақлагани учун қўлга олган. Бироқ, 10 ёшга тўлмаса Англия ва Уэлсда жиноий жавобгарликка тортилмайди, шунинг учун тўққиз ёшли болага нисбатан жиноий иш қўзғатилмаган.

Бундан ташқари, мутахассисларнинг фикрига кўра, болани ўз оиласининг каттароқ аъзоси ноқонуний моддаларни сақлашга мажбур қилган бўлиши мумкин.

“Бу тўққиз ёшли бола, ҳойнаҳой, таваккал қилишни истамаган катталар билан бирга бўлган”, дейди собиқ жиноятчи ва ҳозир ижтимоий тадбиркор ҳамда жамоат маърузачиси Жуниор Смарт.

Смартнинг сўзларига кўра, у жиноят дунёсига биринчи бўлиб 15 ёшида кириб келган ва у ерда ўн ёшли болалар ҳам борлигидан ҳайратда қолган. Унинг таъкидлашича жиноятчилик йил сайин ёшариб бормоқда.

“Бунда, айниқса, коронавирус пандемияси муҳим роль ўйнади, шу сабабли кўплаб оилалар ноқонуний равишда пул ишлашга мажбур бўляпти. Бундан ташқари, болалар кўпинча гиёҳванд моддалар билан савдо қилувчи тўдалар қўлидан эксплуатация қилиняпти”, дейди Жуниор Смарт.

Маълумот ўрнида, сўнгги беш йил ичида Британияда тўққиз ва ундан кичик ёшдаги болалар иштирокидаги 16 мингдан ортиқ жиноятчилик ҳолатлари қайд этилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 126
Рейтинг: 3
t
×