Брендлар Ўзбекистонга кирмаётгани сабаблари айтилди

Олам 26077
image

Adidas, Zara, Tesco, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss&Co., Walmart ва шунга ўхшаш жаҳонга машхур жами 331 халқаро бренд ва ритейлер компаниялари Ўзбекистондаги иш берувчилар билан ишлашга тайёр. Лекин улар текстил маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан шартнома имзолашдан аввал ишчиларга муносиб меҳнат шароитлари яратилган ёки йўқлиги масаласини кун тартибига қўймоқда. Бу ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов АОКАда бўлиб ўтган анжуманда маълум қилди.  

Унинг таъкидлашича, ушбу бренд компанияларнинг техник гуруҳлари Ўзбекистонга келиб, вазиятни ўрганмоқда.

“Оддий бир текстил маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхонани оладиган бўлсак, у ердаги ишчи ходимларга яратилган иш шароитлари, иш ўринлари, уларнинг ижтимоий ҳимоя воситалари қандай бўлади, ҳаттоки, оддий гигиена-санитария қоидаларига риоя қилаётгани, уларга иссиқ овқат берилишидан тортиб, иш жойига келиши ва ишчи кийимлари билан ҳам таъминланиши бўйича талаблар бор ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунда  буларнинг ҳаммаси акс эттирилган. Мана шу талабларга риоя этилган тақдирдагина хорижий иш берувчилар Ўзбекистондаги тадбиркорлар билан шартнома имзолашга тайёр. Шулар уларнинг қўйган талаби”, дейди вазир. 

Аммо мамлакатдаги тадбиркорлик субъектларининг барчаси ҳам бундай талабга жавоб бера олмайди. Масалан, 2019 йилда меҳнат муносабатлари ва муҳофазаси бузилгани бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига жами 19 мингдан ортиқ, 2021 йилнинг якунига кўра 27 мингта мурожаатлар келиб тушган. 2022 йилнинг 6 ойи мобайнида эса шундай мурожаатларнинг сони 11 мингни ташкил қилди. 

Мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилганида эса 41 мингга яқин турли хилдаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Уларга тегишли қонуний чоралар кўрилиб, 5 млрддан ортиқ маблағлар фуқоролар фойдасига ундириб берилган. Шунингдек, меҳнат муҳофазасига риоя этилмагани учун сўнгги йилларда 834 та бахтсиз ҳодисалар юз берган. Уларнинг 37 таси енгил тан жароҳати билан, 578 таси оғир тан жароҳати ва 118 таси эса ходимнинг ўлими билан якунланган.  

Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида ҳам Cotton Campaign Ўзбекистондан маҳсулот сотиб олишда манфаатдор бўлган барча брендларни ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида, жумладан пахта фермалари, тўқимачилик фабрикалари ва ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш учун синчковлик билан текширишга чақирган эди. Халқаро компанияларнинг мамлакатга кириб келиши учун мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мониторинг қилиш, шикоятлар йўллаш ва қоидабузарликларни бартараф этиш учун ишончли ва мустақил механизмлар мавжудлигини таъминлаш зарурлиги таккидланган.  

Хусусан, “Энди биз Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролик жамияти учун майдон очишга ва глобал брендларни жалб қиладиган ҳамда меҳнат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган масъулиятли етказиб берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур бўлган қулай муҳитни яратишга чақирамиз”, деган эди Cotton Campaign асосчиларидан бири – АҚШ Давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича ёрдамчиси собиқ ўринбосари Беннет Фриман.

Ҳулкар Муртазоева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 491
Рейтинг: 3.1
t
×