Божхона имтиёзлари ва “саноат ипотекаси”. Президент саноатни ривожлантириш чораларини белгилади

Жамият

image

Бугун, 7 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда жорий йилнинг 9 ойида мамлакатда саноат 5,3 фоиз ўсгани, бироқ 65 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш камайгани, давлат томонидан маблағ ажратилган бўлса-да, 118 та саноат зонасига ҳалигача инфратузилма олиб борилмагани, экспортда GSP+ имкониятидан етарлича фойдаланилмаётгани каби камчиликлар, соҳадаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

“Саноат тармоқлари раҳбарлари, ҳокимлар бу қийин шароитда имконият излаши, ички захираларни ишга солиб, таклиф ва ташаббус кўрсатиши керак. Ҳамма масалаларни ўз кучимиз, меҳнатимиз, интилишимиз билан фақат ўзимиз ҳал қиламиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Маиший техника, гилам, мебель ишлаб чиқарувчиларни кафолатли хомашё билан таъминлаш, кам қувватда ишлаётган корхоналарга кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Маълумки, Ўзбекистон ўтган йили Европа Иттифоқининг GSP+ номли кенгайтирилган преференциялар тизимига қабул қилинган эди. Унинг доирасида 6 минг 200 дан ортиқ маҳсулот турларини Европа бозорига имтиёзли шартларда экспорт қилиш мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон томонидан транспорт харажатларига 70 фоизгача субсидия ҳам берилмоқда. Лекин, тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг 6 фоизи, электр техникасининг 3 фоизи, ипак ва озиқ-овқатнинг 1 фоизи Европага сотиляпти, холос.

Давлат раҳбари маҳаллий корхоналарнинг халқаро сертификатлар олиб, ташқи бозорга чиқишига кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади. Келгуси йилда Европага саноат экспорти ҳажмини 700 миллион долларга етказиш имконияти борлиги айтилди. 

Маҳаллий саноатнинг энг катта тармоқларидан бири – тўқимачилик. Сўнгги йилларда мамлакат тадбиркорлари бу йўналишни яхши ўзлаштирди. Шунга қарамай, ҳали ҳам четдан олиб келинаётган маҳсулотлар бор.

Шу боис “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига камида 50 хил турдаги янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича вазифа қўйилди. Бундай лойиҳалар учун тижорат банкларига 100 миллион доллар, гиламчилик учун 50 миллион доллар маблағ жойлаштирилади. Европа давлатлари, Туркия, Миср, Марокашга газлама ва трикотаж мато экспорти учун транспорт харажатларининг 70 фоизи қоплаб берилади.

Умуман, тўқимачилик тармоғини янгича суръатда ривожлантириш, келгуси йилда 5 миллиард долларликдан зиёд экспорт қилиш бўйича дастур қабул қилинади.

Яна бир кенг қамровли йўналиш – қурилиш материаллари ишлаб чиқариш. Бу тармоқда маҳсулот тури ҳам, иш ўринлари ҳам кўп. Шу боис Президент бундай корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган “саноат ипотекаси” дастурини ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди. Бунга биринчи босқичда 50 миллион доллар йўналтирилади, кредитлар 7 йиллик, 2 йил имтиёзли давр билан берилади.

Нукус шаҳри, Булоқбоши, Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Сариосиё, Ўзбекистон туманларида қурилиш материаллари индустриал зоналари, Ангрен шаҳрида чинни идишлар ва сантехника буюмлари кластери ташкил этилиши айтилди.

Бу тармоқда экспортни 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилди.

Мебелсозлик бугунги кунда халқ ҳунармандчилиги даражасига кўтарилган. Бухоро, Наманган, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Хоразмда 100 га яқин маҳалла шунга ихтисослашган. Президент ҳунармандларга шароитларни кенгайтириш мақсадида бу маҳаллалар атрофида мебель саноати марказлари ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади.

Мебелсозлик учун божхона имтиёзлари муддатини 2024 йил 1 январга қадар узайтириш, бу тармоқдаги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Заргарликда ҳам имкониятлар жуда кенг. Мамлакатнинг ўзида 300 миллион долларлик бозор бор. Бу талабни бемалол маҳаллий заргарлар қондириши мумкин. Шу боис уларни қўллаб-қувватлаш учун 1 декабрдан бошлаб, қатор енгилликлар белгиланди.

Жумладан, олтин ва кумушга кечиктириб тўлаш учун барча банклар ва Экспортни рағбатлантириш агентлиги кафолатлари қабул қилинади. Бу имконият якка тартибдаги заргарлар учун ҳам берилади. Заргарлик учун зарур хомашёларни вақтинча олиб кириш ва олиб чиқишда лицензия талаби бекор қилинади, қимматбаҳо ва безак тошлари божхона тўловларидан озод этилади.

Йиғилишда экспортни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

“Келгуси йилда экспортни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз. Бундан буён, тармоқларга субсидиялар экспорт ҳажмига қараб бериладиган тизим бўлади. Бугунги йиғилиш натижаси бўйича ҳудудий саноатни ривожлантиришга қўшимча 300 миллион доллар ва 350 миллиард сўм маблағ ажратилади. Кўзланган марраларга эришилса, келгуси йилда қўшимча 2 миллиард доллар экспортни таъминлаш мумкин”, деди Президент.

Умуман, келгуси йилда 8 миллиард долларликдан зиёд ҳудудий саноат маҳсулотларини экспорт қилиш чоралари таҳлил қилинди. Ўзбекистоннинг элчиларига хориждан замонавий технологиялар ва инвестициялар жалб этиш вазифаси қўйилди.  

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан саноат тармоқлари раҳбарлари, ҳокимлар сўзга чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

61

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг