Бойқўнғир космодромининг бир қисми сотувга қўйилди
Олам
−
16 Май
9193Қозоғистон ва Россиянинг “Байтерек” қўшма корхонаси Бойқўнғир космодроми майдончаларидаги технологик ускуналарни кимошди савдосига қўйди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
Хабар қилинишича, сотувга қўйилган ускуналар ўз мақсадига мувофиқ ишлашнинг бошқа истиқболларига эга эмас, маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскирган деб тан олинган ҳамда “Байтерек” лойиҳасининг замонавий жараёнларига интеграция қилинмайди.
“Ушбу ускуналарни сотиш мавжуд ишлаб чиқариш майдонларини оптималлаштириш ва етказиб бериш аллақачон бошланган янги технологик тизимларни жойлаштиришга тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилади”, дейилади компания баёнотида.
Қайд этилишича, ушбу мулк 40-60 йиллик бўлиб, “Зенит-М” мажмуаси ҳудудида жойлашган. Унинг баҳоланган қиймати 753,2 миллион тенге (19 млрд 92 млн сўм), бироқ аукционда бошланғич нархи 135,4 миллион тенге (3 млрд 423 млн сўм) деб белгиланган. Эҳтимол, бу даражадаги чегирма савдода иштирок этмоқчи бўлган потенциал харидорга қўйилган жиддий талаблар билан боғлиқ.
Иштирокчининг эгалигида ёки ижарасида қуйидаги техника бўлиши шарт:
- 25 тонналик 2 та автокран;
- 50 тонналик 2 та автокран;
- 2 та бошқарувчи кран;
- 3 та экскаватор;
- 2 та узун юк машинаси (камида 10 метр);
- 3 та юк кўтарувчи техника;
- 4 та самосвал.
Аукцион кеча, 15 май куни бошланган. Бу лот рангли металлар ва камёб компонентлар билан ишлайдиган қайта ишловчи компанияларни қизиқтириши мумкин.
Маълумот учун, “Байтерек” қўшма Қозоғистон-Россия корхонаси 2005 йил апрель ойидан буён фаолият юритади. Унинг муассислик ҳуқуқлари тенг улушда: Россиянинг М. В. Хруничев номидаги Давлат космик илмий-ишлаб чиқариш маркази ва Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигининг Аэрокосмик қўмитасига қарашли республика давлат муассасасига тегишли. Компанияга машҳур қозоғистонлик космонавт Айдин Аимбетов раҳбарлик қилади. 2015 йилдан бери компания 877 миллион тенге миқдорида солиқ тўлаган.
Бойқўнғир космодроми дунёдаги энг йирик ва энг эски космик портлардан ҳисобланади. Космодром Қозоғистоннинг жануби-ғарбий қисмида, Қизилўрда вилоятида жойлашган. 1994 йилда Россия ва Қозоғистон ўртасида имзоланган шартномага кўра, Бойқўнғир 2050 йилгача Россияга ижарага берилган. Россия ҳар йили Қозоғистонга ижара учун тахминан 115 миллион АҚШ доллари миқдорида тўлов қилади. Бундан ташқари, инфратузилма ва техник хизматлар учун қўшимча маблағлар ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда Россия томонидан Қозоғистонга Бойқўнғирдаги 1-старт мажмуасини топшириш жараёни бошланиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси